Сун империяси дипломатияси
Бир неча ўн йиллик ўзаро урушлардан сўнг Х асрнинг иккинчи ярмида ягона давлат Сун (960-1279) империяси ташкил топади. Бу даврда қишлоқ хўжалиги, шаҳар ҳунармандчилиги ва савдо ривожланади. Компас, порох ва сув чиғирлари каби кашфиётлардан фойдаланиш ҳукмрон синфнинг мустаҳкамланишига сабаб бўлди. Бу даврда мамлакатнинг шимолий қисмида киданларнинг давлати Буюк Ляо мавжуд бўлган. Шимолий-ғарбда эса тангутларнинг Ғарбий Ся давлати, жанубий-ғарбда эса Нанчжао давлати ташкил топган эди. Аммо Сун империяси мамлакатнинг бирлаштиришда уруш воситасидан воз кечади. Ҳукмрон синф эса деҳқонларни қўшинга олинишига, бу орқали улар ўзларининг ҳукмронлик мавқеларидан ажралишдан хавфсирар эдилар. Лекин уларнинг ўзлари ҳам оғир урушларга киришни ҳоҳламас эдилар. Сун империяси мамлакат чегараларини мустаҳкамлаш ўрнига ҳарбий рақиблари билан музокаралар олиб бориб, улар билан катта товон эвазига тинчлик ўрнатадилар. Ўша давр дипломатияси нафақат ҳокимият ва бойликни, балки ҳар қандай йўллар билан бўлса-да, ҳукмрон синфнинг тинчлигини сақлашга ҳаракат қилган.
Буюк Ляо давлати шимолда Хитой учун катта хавф эди. Сун императорлари киданларга элчилар орқали катта ён беришлар билан бўлса-да тинчликни сақлашга ҳаракат қилганлар. Хитой дипломатлари Ляо давлатининг эътиборли шахслари ва давлат вакиллари билан тил топишишга ҳаракат қилганлар. Лекин киданлар тинчлик ўрнатилишини ҳоҳламаганлар ва доимий равишда ўзларининг талабларини ошириб борганлар. 1004-йилдаги келишувга кўра Сун империяси мамлакат шимолидан воз кечиб, катта ўлпон тўлашга рози бўлганлар. 1042-йилдаги шартномага кўра, хитойликларнинг йиллик тўлови оширилиб, 300 минг тўп ипак мато ва 200 минг лян кумуш тўлашга рози бўладилар. Тангутларнинг босқинини тўхтатишга ҳаракат қилган Сун империяси 1043-йили Ғарбий Ся давлати билан шартнома тузадилар. Шартномага кўра, йиллик ўлпон, ипак ва чой тўлови белгиланади. Бу тўловлар мамлакатнинг оддий аҳолиси йелкасига оғир юк бўлиб тушади.
Хитой дипломатияси Ляо давлатини заифлаштириш учун киданларга бўйсунувчи халқлар орасида норозиликни уйғотиш ва кучайтиришга ҳаракат қилганлар. XII асрда хитойликлар Ляо давлатини кучсизлантириш мақсадида мамлакат шимолида яшаган Дунбейдаги (Манчжурия) чжурчженларни Сун хонадони ёш чжурчжен подшолиги Сзин билан шартнома тузади. 1125-йили итифоқчилар зарбаси натижасида Ляо давлати қулайди, лекин чжурчженлар Хитойга ўрнашиб қоладилар. Давлат раҳбарлари ўртасида ҳар хил фикрлар пайдо бўлади. Улардан бири Ли Ган таклифига кўра, шаҳарликлар ва қисман деҳқонларнинг талаби қондирилиб, мамлакатни мудофаа қилиш зарур эди. Сун императори бошлиқ вакиллар таклифига кўра, ҳар қандай ён беришларни амалга ошириб, келишувга эришиш керак эди. 1127-йил чжурчженлар отлиқ қўшинининг навбатдаги ҳужумлари пайтида Сун саройи жанубга қочишга мажбур бўлади. Чжурчженлар юришларини давом эттириб, Янсзи дарёсини кечиб ўтадилар. Хитой деҳқонлари, шаҳарликлар ва қўшиннинг бир қисми душманга қаршилик кўрсатадилар. Кўнгиллиларга машҳур қўмондон Юэ Фэя бошчилик қилади ва душманни чекинишга мажбур қилиб, шимолга юришни давом эттиради. Аммо ҳукмрон табақалар Юэ Фэянинг обрўси ошишидан қўрқиб, уни қатл этадилар ва 1142-йили тинчлик шартномасини тузадилар. Шартномага кўра, Хитой императори Сзин давлати фойдасига Шимолий Хитойдан Хуай дарёси ва Дасангуангача ва Шэнси вилоятини беришга, йиллик 250 минг лян кумуш ва 250 минг тўп ипак тўлашга рози бўлади. Сун империяси ҳокимияти остида фақатгина жанубий Хитойгина қолади.
1211-йили Чингизхон Хитойга юриш бошлаганида Сун императори ундан душманига қарши курашда фойдаланишга ҳаракат қилади. Ханчжоуда жойлашган Сун хонадони Чингизхон билан чжурчженларга қарши иттифоқ тузади ва унга ҳарбий ёрдам беради. Кейинчалик мўнғулларнинг босқинчилик мақсадларини англагач, улар билан итифоқ бузилади ва собиқ иттифоқчиларининг талабларини рад қиладилар. Мўнғуллар 1235-йили Ғарбий Ся хонадонини ва Сзин давлатини тугатиб, Жанубий Хитой давлатига қарши юриш бошлайдилар. Узоқ йиллик қаршилик кўрсатишларига қарамай, 1279-йили бутун Хитой мўнғуллар давлати таркибига киритилади. Хитойни босиб олган мўнғуллар тез орада хитойлашади ва мамлакат пойтахти Пекинга кўчирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |