HPNA, VDSL технологиялари. DSL технологиялари операторнинг нафақат симметрик ёки асимметрик кабел жуфтликларида, балки бинолар ички тармоқларини ташкил этишда ҳам фойдаланилади. NGN фойдаланувчиларининг аксарияти кўп қаватли уйларда яшайди. Бу ҳолатда кенг полосали киришни ташкил этиш икки усулда амалга оширилиши мумкин. Биринчидан, фойдаланувчиларда юқорида кўриб чиқилганидек, индивидуал тарзда улаш мумкин. Иккинчидан, янги абонент кириш тармоғини яратиш мумкин, бунда кенг полосали кириш канали уй ёки подъездгача етказилади, кейин абонентлар ўртасида хонадонларга тақсимланади.
Энг актив фойдаланувчилар шаҳарнинг иш марказида жойлашганлиги сабабли, одатда, уй/хонадонни умумлаштириб офис дейилади. Яъни, кенг полосали кириш ташкиллаштириш учун иккита тизим талаб қилинади: офис ташқариси ва ичкариси.
5.9-расм. HPNA ва VDSL технологияларини бино ички тармоқларини яратишда қўллаш.
HPNA ва VDSL технологиялари кенг полосали киришнинг офис ички тизими учун ишлаб чиқилган (5.9-расм), маълумотлар узатиш каналини ташкил қилиш учун улар бино ичидаги абонент телефон симидан фойдаланади. Икки технология ҳам кичик узунликдаги – бир неча метрдан бир неча юз метргача узунликдаги кабелларга мўлжалланган.
Иккала ҳолатда ҳам офис ички кириш тизимини таъминлаш учун уй/подъезднинг техник хоналарида HPNA/VDSL концентратори ўрнатилади. Концентратор NGN транспорт тармоғи билан офис ташқи кириш тизими орқали уланади. Концентраторнинг асосий вазифаси NGN фойдаланувчилари трафигини бирлаштириш ва анъанавий телефон трафиги ва маълумотлар трафигини ажратишдан иборат. Маълумотларни тақсимлаш муҳити сифатида бинонинг телефон кабелларидан фойдаланилади, кириш тизими абонентларнинг телефондан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолиши керак. Бу ерда икки стратегияни қўллаш мумкин: 1) бинонинг телефон трафиги концентратор орқали VoIP трафигига ўзгартирилади ва ягона кириш канали орқали NGN транспорт тармоғига узатилади; 2) концентратор анъанавий шаҳар телефон тармоғига алоҳида кириш каналига эга бўлиши керак. Охирги вақтда жаҳон ва юртимиз амалиётида операторлар Triple Play хизматлар концепциясига ўтиш нуқтаи назаридан биринчи стратегияни қўллайдилар.
Кўп қаватли уйнинг қават ва хонадонларида офис ички кириш абонент қурилмалари ўрнатилади. Одатда, HPNA технологияси қурилмаларнинг кенг спектрини тақдим қилади: компютер платалари, HPNA ташқи персонал адаптерлари, HPNA/Ethernet конвентерлари ва бошқалар. Барча ҳолатларда телефон сигналлари ва компютер маълумотлари HPNA форматига (USB порти, Ethernet ёки махсус плата орқали) ўзгартирилади.