5.7-расм. ADSL да протоколларни ўзгартириш архитектураси
Маълумотларни узатиш учун НТТР кадрлари TCP/IP транспорт кадрларига ўрнатилади ва ADSL модемига узатилади. Бунинг учун турли алмашинув интерфейсларидан фойдаланилади, асосан, - Ethernet ёки USB.
ADSL модемининг роли шундан иборатки, у фойдаланувчи маълумотларини ADSL орқали узатиш учун қулай бўладиган форматга ўзгартиришга хизмат қилади. Модем юқори сатҳ маълумотлари билан ишламайди, унинг учун фақат TCP/IP кадрлари мавжуд. кадрларни абонент кириш занжири орқали узатиш учун модем тўрт сатҳли ADSL структурасини шакллантиради ва у ўз ичига ADSL протоколининг физик сатҳини, АТМ асосидаги канал сатҳини, канални “нуқта-нуқта” режимида боғланганлигини назорат қилиш учун PPP сатҳини ва TCP/IP ни олади. Модемда модуляцияланган сигнал сифатида шаклланган ADSL кадрлари узатиш фойдаланиладиган телефон линиясига келиб тушади ва DSLAM га узатилади. Одатда, битта DSLAM га бир неча (баъзида бир неча юз) уланган модемлар тўғри келади.
NGN замонавий концепциясида АТМ технологияси фақат хизмат сифатида сақланган, АТМ ячейкалари TCP/IP асосида маълумотларга ўзгартирилади. Бунинг учун абонент кириш занжири таркибига узоқлаштирилган кенг полосали кириш сервери BRAS (Broadband Remote Access Server) киритилган. Бу қурилма кенг полосали кириш интеллектуал бошқарув учун охирги IP маршрутизатордир. BRAS пакетли трафик маълумотларини узатиш канали сатҳида ADSL фойдаланувчиларидан келиб тушаётган трафик параметрларини бошқариш имконини беради. Масалан, фойдаланувчидан тармоққа маълумотларни узатиш тезлигини тартибга солиш BRAS орқали амалга оширилади.
Ҳозирги вақтда DSL кириш тармоқлари операторлари тўғри ва тескари трафикни чеклаш учун АТМ кириш тугунларида тезликларнинг муқим профилларидан фойдаланилиб, буни BRAS сиз реализация қилиш мумкин. Аммо мослаштириладиган ўтказувчанлик қобилиятини тақдим қилиш учун нозикроқ созланадиган механизмлар керак бўлади ва бундай функцияларни охирги мултиплексорсиз реализация қилиш мураккаб.
ADSL технологиясининг ривожланиши турли функцияларни бажарувчи тўртта технологиялар оиласининг пайдо бўлишига олиб келди: ADSL, ADSL2, ADSL2+ ва
RE- ADSL2 . ADSL технологиясида қуйи линия бўйлаб максимал узатиш полосаси 8 Мбит/с га тенг бўлиб, Triple Play тизимларининг минимал талаб қилинган тезлиги 24 Мбит/с ни ташқил қилади. Шу сабабли стандартлар модификация қилинган. Бир неча янги алгоритмлар ADSL структурасини оптималлаштириш ва технологиянинг техник кўрсаткичларини яхшилаш имконини берди. Шу тарзда ADSL2 технологияси пайдо бўлди. Кейин ушбу технология умуман бошқа-бошқа вазифаларни бажариш учун каркас сифатида фойдаланилган. Бир томондан, катта бўлмаган масофаларда узатиш тезлигини ошириш талаб қилиниб, шу тезликнинг ўзида катта линияларда кенг полосали киришнинг шовқинбардошлигини ошириш керак эди ва бу RE- ADSL2 технологиясининг пайдо бўлишига олиб келди.
5.8-расм. ADSL технологиялар оиласининг узатиш тезликлари таққосланиши
5.8-расмда кўриб чиқилган ADSL 4 та технологияси учун кенг полосали киришнинг абонент линияси узунлигига боғлиқлиги келтирилган. Расмдан кўриниб турибдики, ушбу технологиялар учун бир неча критик нуқталар мавжуд. Биринчи нуқта 2,5 км узунликдаги абонент жуфтлигига мувофиқ келади. Узунроқ линияларда ADSL2+ ва ADSL2 технологиялари ўртасидаги фарқ кўзга яққол ташланади. 5 км гача узунликда барча технологиялар тенг кучлидир ва кейин RE-ADSL2 технологиясининг афзаллиги кўринади.
Ҳозирги вақтда NGN тармоқларида оиланинг тўртта технологияси мавжуд.