1-МАЪРУЗА «БОШҚАРИШ СИСТЕМАЛАРИНИНГ СТРУКТУРАВИЙ ТАХЛИЛИ» ФАНИГА КИРИШ Технологик жараёнларни автоматик бошқариш тизимлари ўз таркибига бир неча элемнтларни олувчи мураккаб система ҳисобланади. Бундай мураккаб системаларни бошқариш учун уларни чуқур ўрганиш, турғунлик, ишончлилик, тезкорлик, сиғимлилик каби бир қатор хусусиятларини яхши билиш талаб этилади. Бироқ ҳар доим ҳам мураккаб тизимларни яхлитлигича тадқиқ қилиш осон бўлавермайди. Бунинг бир қатор омиллари мавжуд бўлиб, тизим ўзгарувчиларининг кўплиги, тизим чиқиш параметрларининг ўзгарувчанлиги, ички боғланишлар ва ташқи ғалаёнлантирувчи таъсирларнинг пайдо бўлиши кабиларни мисол қилиш мумкин.
Мураккаб тизимларни тахлил қилишда уларни структаралари бўйича алоҳида - алоҳида элементларга ажратиб олиш ва ҳар бир элементнинг хусусиятларини ўрганиб чиқиш масалани бир оз енгиллаштиради. Бунинг учун ситеманинг структураси билан аввалдан танишиб чиқиш зарур.
Ҳар қандай тизимнинг энг муҳим хусусиятларидан бири унинг тузилишидир. Тизимнинг тузилиши деганда, тизим учун белгиланган вазифалар ва мақсадларнинг тақсимланиши асосида аниқланадиган элементлар ва улар орасидаги боғланишлар тушунилади.
Технологик жараёнларни бошқариш тизимлари кўп сонли элементлар ва улар орасидаги боғланишлардан иборат бўлади. Шунинг учун, структуравий таҳлилнинг асосий вазифаларидан бири - элементлар орасидаги, ҳам ўзаро, ҳам ташқи муҳит билан мавжуд муносабатлар тизимини акс эттирувчи визуал расмий моделни яратишдан иборатдир. Бошқарув тизимининг структуравий модели кўпинча кўп босқичли бўлиб, тизимнинг асосий хоссалари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш учун конкретлаштириш қанча зарур бўлса, шунча даражада берилади (1-расм).
Жараённи бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини яратишда структуравий модель ташкилот, бошқарув функциялари, технологик воситалар каби бир неча катта даражада кўриб чиқилади. Шу сабабли ташкилий, функционал ва техник структуралар тушунчалари мавжуд.
Бошқарув объекти сифатида корхонанинг ташкилий тузилишини таҳлил қилишда қуйидаги вазифалар ҳал қилинади: 1) ташкилотнинг хусусиятини тавсифлаш ва унинг структура схемасини тузиш; 2) алоҳида бўлимларнинг функциясини аниқлаш ва уларнинг структура схемаларини очиш; 3) моддий ва ахборот алоқаларини тавсифлаш; 4) корхонанинг умумлаштирилган структурали ахборот моделини яратиш.
1-расм. Бошқариш тизимининг кўп босқичли структураси Функционал структураларни таҳлил қилишда эса: 1) мавжуд тизимнинг таркибий бўлинмаларидаги бошқарув функциялари ўрганилади; 2) автоматлаштириладиган функциялар таркиби танланган; 3) уларнинг муносабатлари аниқланади; 4) ИЧЖАни бошқариш масаласининг умумлаштирилган функционал структураси тузилади.
Техник структураларни таҳлил қилишда: 1) асосий ахборот жараёнларида иштирок этувчи асосий элементлар аниқланади: ахборотни қайд қилиш ва тайёрлаш, йиғиш ва узатиш, сақлаш ва қайта ишлаш, намойиш этиш ва узатиш; 2) тизим элементларининг жойлашуви ва уларнинг бир -бири билан ҳам, ташқи муҳит билан ҳам ахборот - энергетик ўзаро таъсири топологиясини ҳисобга олган ҳолда техник воситалар тизимининг расмий структуравий модели тузилади.
Кўриб чиқиш даражасидан қатъий назар, структуравий таҳлилнинг умумий вазифаси - бу тизим элементларининг тавсифи ва улар орасидаги тўғридан -тўғри боғлиқлик асосида, умумий тизимнинг тузилиш хусусиятлари ва унинг асосий қуйи тизимлари тўғрисида хулоса чиқаришдан иборатдир. Бошқарув тизимини структуравий таҳлил қилишнинг амалий масалаларини ҳал қилишда одатда элементлар орасидаги алоқаларни тавсифлашнинг учта даражаси қабул қилинади: 1) боғланишлар мавжудлиги 2) боғланишларнинг йўналиши 3) элементларнинг ўзаро таъсирини аниқлайдиган сигналлар йўналиши.
Биринчи босқичда, фақат элементлар орасидаги алоқанинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқланганда, ўрганилаётган тизимни йўналтирилмаган граф сифатида тасвирлаш мумкин. Бу графнинг учлари тизим элементлари, қирралари эса улар орасидаги тўғридан - тўғри боғланишларни ифодалайди. Бу даражадаги структуравий таҳлилнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади: 1) тизимнинг боғлиқлигини (қиймати) аниқлаш; агар тизим боғланмаган бўлса, у ҳолда боғланган суб тизимлар ва уларнинг элементларини ажратиш масаласи кўрилади. 2) циклларни ажратиш; 3) элементларни бир - биридан ажратувчи элементларнинг (занжирларнинг) минимал ва максимал кетма -кетлигини аниқлаш.
Иккинчи босқичда, тизимнинг боғланиш йўналиши берилган бўлади. Бундай тизимни йўналтирилган граф сифатида тасвирлаш мумкин. Бунда графдаги нуқталар тизим элементларини ифодаласа, унинг йўналишли қирралари тизим боғланиш йўналишларини ифодалайди. Бу даражада структуравий таҳлил натижалари янада мазмунли бўлиб чиқади. Бу ҳолда структуравий таҳлилнинг вазифаларига қуйидагилар киради: 1) тизимнинг боғланишини аниқлаш; 2) кучли боғланган қуйи тизимларни ажратиш билан топологик декомпазициялаш; 3) кириш ва чиқиш қутбларини ва шунга мувофиқ ахборотни қабул қилиш ва чиқариш тугунларини аниқлаш; 4) структурадаги даражаларни ва уларнинг боғланишларини аниқлаш; 5) максимал ва минимал йўлларни аниқлаш; 6) элементларнинг топологик аҳамиятининг хусусиятларини аниқлаш; 7) структуранинг заиф томонлари ва бошқалар ҳақида маълумот олиш.
Учинчи даражада, тизим элементлари орасидаги боғланишларнинг тавсифи боғланиш йўналишларини ҳисобга олиш билан бир қаторда сигналларнинг таркиби ва табиатини (кириш, чиқиш ва бошқариш), элементларнинг ўзаро таъсирини ҳам очиб берилади.