1.3. Ижтимоий таъминот ҳуқуқи ўқув курси ва қонунчилик тармоғининг тизимлари.
Ижтимоий таъминот ҳуқуқи фан соҳаси сифатида муайян изчилликда ўзаро боғланган ҳуқуқий тушунча ва институтлар тизимидан ибооратдир.
Ижтимоий таъминот ҳуқуқи фанининг ҳуқуқ институтлари бир-бири билан предмети, мақсади ва вазифалар ҳамда бошқа жиҳатларига кўра яқин бўлган ижтимоий муносабатлар гуруҳини тартибга солади. Ижтимоий таъминот ҳуқуқи институтлари шбу фанга оид ижтимоий муносабатларни табақалашган холда ва айни пайтда яхлит ҳуқуқ сохасига оид предмет сифатида тартибга солииш имконини беради.
Ижтимоий таъминот ҳуқуқи фани умумий ва махсус қисмларга бўлиниши мумкин.
Умумий қисмга таъллуқли ҳуқуқ институтлари умумий тусдаги тушунчалар, ижтимоий таъминотга оид ҳар қандай ҳуқуқий муносабатларга татбиқ этиладиган ҳуқуқий механизмлар, илмий категориялардан ташкил топади. Жумладан, фаннинг предмети, услублари, ижтмоий таъминотга оид ҳуқуқий муносабат тушунчаси, унинг вужудга келишига оид тасаввурлар, ижтимоий таъминот ҳуқуқий муносабат объектлари ва субъектлари, ҳуқуқ ва муомала лаёқати, ижтимоий таъминотни амалга ошириш вазифаси юклатилган давлат органлари, нодавлат тузилмаларининг статуси, ижтимоий таъминот муносабатларида муддатлар ва айрим юридик ҳатти - ҳаракатларни амалга оширишнинг умуий тартиблари каби масалалар фаннинг умумий қисмини ташкил қилади.
Ижтимоий таъминот ҳуқуқининг махсус қисмида ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоянинг айрим шакллари, уларни амалга оширишнинг
махсус тартиб-қоидалари билан боғлиқ тушунчалар ўрганилади. Фанннг умумий ва махсус қисмлари яхлит бир бутуннинг бўлакларидан иборатдир.
Ижтимоий таъминот қонунчилик тармоғи ҳам ўзига хос тизимга эга бўлиб, умуман олганда фаннинг тизими қонунчилик тизимига мос келади.
Ижтимоий таъминот қонунчилиги тизимини қуйидагича таснифлаш мумкин:
1. Ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимояни амалга оширишга доир умумий қоидалар.
2. Ижтимоий таъминот органлари мақомини белгиловчи қонун ҳужжатлари;
3. Фуқароларни давлат пенсиялари билан таъминлаш;
4. Фуқароларни нафақалар ва моддий ёрдамлар билан таъминлаш;
5. Фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш.
6. Фуқароларнинг айрим тоифаларига бериладиган натурал кўринишдаги ижтимоий ёрдамлар;
7. Фуқароларнинг айрим тоифаларига бериладиган қўшимча кафолат ва имтиёзлар;
8. Ижтимоий таъминот соҳасидаги низоларни ҳал этш, ҳуқуқларни ҳимоя қилишга доир қонун ҳужжатлари;
9. Нодавлат ижтимоий таъминоти ва ижтимоий ҳимоясини амалга оширишга қаратилган қонун ҳужжатларри.
Do'stlaringiz bilan baham: |