2. СУНЪИЙ НЕЙРОН ТАРМОҚЛАРИНИ ТАВСИФЛАШ
Нейрон тармоқлар экспериментал билимларни тўплаш ва улардан кейинги фойдаланишни таъминлаш учун маълумотларга ишлов бериш таянч қурилмаларидан ташкил топган жуда катта тақсимланган параллел процессорлар ҳисобланади. Нейрон тармоғи қуйидаги икки сабабга кўра инсон миясига ўхшайди:
- нейрон тармоғида билимлар атроф-муҳитдан олинади ва ўрганиш жараёнида фойдаланишда давом этади;
- синаптик вазнлар дейиладиган нейронлар орасидаги алоқа билимларни тўплаш учун ишлатилади.
2.1. Нейрон тармоқларининг имкониятлари
Ҳаётимизга ҳам, нутқимизга ҳам ҳали тўла кириб улгурмаган нейротармоқ билан суньий интеллект бир қатор қулайлик ва афзалликларга эга, мутахассисларнинг таъкидлашича, улар инсон турмуш шароитини яхшилайди, яшашни анча енгил, осон, қулай қилади.
Ижтимоий тармоқлардаги ахбороту маълумотларни сўровингизга қараб фильтрлаб, саралаб, танлаб, тахтлаб беради. Алоқа боғлаётган пайтида, бирон нарсани билмай ёки топа олмай қийналаётганингизни сезган компьютер тезда ўз таклифини ёзиб чиқаради, маслаҳат беради, агар дастурида “овоз пояси” бўлса товуш чиқариб айтиб ҳам туради. Ўз ташаббуси билан мулоқотга кираётган сунъий интеллект билан муносабатга чиққанингизни айрим пайтларда ҳатто сезмай ҳам қоласиз.
Битта мисол, электрон почтада, материал юбормоқчи бўлган шахс манзилнинг битта ёки иккитагина ҳарфини териши билан ўша манзилнинг ёзувлари тўлалигича чиқиб келади. Маълумотни илгари хат юборганингизда хотирасида сақлаб қолган компьютер керак пайтида уни сизга ёзиб чиқармоқда. Шу сабабли ҳам, охиригача ҳарф териб ўтирмай, клавишни босишингиз билан манзил тўла чиқиб келаяпти, яна бир тугмачани боссангиз, анчагина ҳажмда бўлган материалингиз дунёнинг истаган бурчагидаги буюртмачига етиб бормоқда, хат йўллаган одамингиз эса ўз компьютерининг экранида уни кўриб, ўқиб турибди.
Сунъий интеллект кенгроқ маънога эга бўлиб, камроқ операция қиладиган ёшроқ интеллектга, ўрта интеллект ва кўп ишларга қодир бўлган кучли, бақувват интеллект каби учга бўлинади. Кичик интеллект - шахмат ўйнай олиши мумкин, лекин у ҳали автомобиль ҳайдай олмайди, инсон юз кўринишини аниқ танийдиган нейротармоқ эса бошқа бир турдаги операцияларни ҳозирча бажаролмайди. Бу масалалар кучли, универсал интеллектнинг қўлидан келади. Диққатга сазовор ва ҳатто, ҳайратланарли томони шундаки, кучли интеллект “болалаш“, деймизми, ўзидан “авлод” қолдириш хусусиятига ҳам эга, у ёш, навқирон интеллектларни ҳам ярата олади.
Ҳаётда, ишда тўқнаш келган бирор бир оғир муаммонинг тўғри ечимини олиш учун илгари ҳаётда содир бўлган шунга ўхшаш кўплаб муаммоларнинг қандай ҳал этилгани ҳақидаги бор бўлган ҳужжатларни компьютернинг маълумотлар базасига киритишингиз лозим. Шунда сунъий интеллект ўша воқеа-ҳодисаларнинг ҳал қилиниш тарихини ўрганиб чиқиб, сизни қийнаётган муаммони оптимал ечимини топиб, тавсия этади.
Кучли сунъий интеллектнинг қобилияти шундаки, у керак бўлиб қолган шахсни кўрмаса ҳам ўзида бор бўлган маълумотларга асосланиб унинг аниқ, тиниқ ва мукаммал шахсий портретини яратади. У шахснинг кимлигини, қандайлигини, атрофга қанчалик очиқлигини, ақлий қобилиятини, самимийлик даражасини, одамлар билан киришиб кета олишлиги ёки олмаслигини айтиб беради. Албатта, бунинг учун сиз билмоқчи бўлган қаҳрамон тўғрисидаги қўлингизда бор бўлган (маълумот қанча кўп, тўла бўлса хулоса шунча объектив, ҳақиқатга яқин бўлади) барча ахборотларни компьютер маълумотлар базасига олдиндан ташлаб қўйишингиз керак бўлади. Кадрлар танлашда бу жуда қўл келадиган имкониятдир. Илгари бу мақсадда барча меҳнат коллективларида ўнлаб ходимлар ишлаб, корхона, идора штатларида одамлар ушланар эди. Маълумотлар тўпланарди, таҳлил қилинарди ва қайсидир ходимни қандайдир бир лавозимга тайинлаш ёки тайинламаслиги ҳақида бир хулосага келинар эди. Бунда инсон фактори ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмас эди. Сунъий интеллектли компьютер сиз билмоқчи бўлган кишингизни ҳақиқатда ким эканлигини қисқа муддатда батафсил айтиб беради.
Ҳозир интернет сайтларидан айримларини очиб кўрсангиз пешонаси дўнг, бурни бўртиб, қорни чиқиб турган; бўйи-басти, семиз-ориқлиги, баланд-пастлиги 3D ҳажмида намойиш этилаётган машҳур инсонларнинг портретларини кўрасиз. Оддий силлиқ компьютер экранида улар ҳаётда қандай бўлса, худди шундоқ, оёқ-қўллари эгасига қараб ингичка ёки йўғон, сочлари, қошлари, киприклари дона-дона ажралиб турган ҳолда бутун бўйи-басти билан кўз ўнгингизда намоён бўлмоқда. Инсон юзи, ташқи кўриниши фотосуратдагидек ясси-текис ҳолда эмас, реал ҳаётдагидек ҳажмда, шаклда, алгоритмда (узвий кетма-кетликда) сифатли қилиб акс эттирилган. Шу ерда бир гапни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдик. Маълумки, алгебра, алгоритм фанига бундан ХII аср муқаддам бобокалонимиз – буюк энциклопедик олим, математик, астроном Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Хоразмий (783-850) асос солган. Мана 1 минг 235 йилдан сўнг ана шу алгоритм катта шов-шувларга сабаб бўлаётган инсон қиёфасини ҳажмда ифода этиш имконини бермоқда, дунёни ларзага келтирадиган сунъий интеллект, сунъий ақл, онгни яратишга хизмат қиляпти.
Алгоритм шундай ҳайратланарли хусусиятга эга экан-ки, биз кўрмаган, суратлари ҳам сақланмаган буюк аждодларимизнинг экспертлар тасаввуридаги қиёфаси, кўз қараши, юз тузилишининг бир-иккита асосий штрихларига қараб ўша аждодларимизнинг мукаммал, баркамол қиёфасини уч ўлчамда, турли кўриниш ва ҳолатларда тасвирий ҳам мантиқий ишонарли қилиб чизиб берар экан. Мутахассислар текшириб кўрганда, 210 минг шахснинг (улар орасида машҳур тадбиркор, кино ва театр актёрлари, сиёсатчилар, машҳур фильмларнинг) тасвирини сунъий интеллект ярим миллион марта худди ўзига ўхшатиб, ниҳоятда ишонарли қилиб чизиб берган. Сунъий интеллектнинг фантазияси ақлга, мантиққа ва компьютер миясида сақланаётган миллион-миллион рақамлардаги аниқ ҳисоб-китобга асосланади. У алдамайди, алдашга ўргатилган ҳам эмас. Ундан тўғри ечим олиш учун эса базасига фақат аниқ объектив маълумотлар ташлаш муҳим.
Сунъий интеллектнинг барчасини ҳам мукаммал деб бўлмайди. Масалан, шахмат ўйинида гроссмейстерларни ютиб чиқиши катта ютуқ бўлгани ҳолда улар ҳозирча оддий саволларга жавоб бера олмайди. Тўғри, Googleнинг овозли – “голосовой пояси“ бор, унга савол берсангиз жавобини оласиз. Лекин кўп операцияларни бажарадиган универсал сунъий интеллект ҳозирча яратилгани йўқ.
Сунъий интеллект бу тириклик дунёсидаги энг мукаммал, энг комил ва энг мураккаб мавжудот бўлган – инсоннинг функцияси, унинг вазифасини бажариш, ишини енгиллаштириш, меҳнатининг самарасини ошириш мақсадида яратилади. Маълумки, ахборот ва маълумот инсоннинг кўриш ва сезги органлари орқали бош мияга келади, у ерда фикрлар пайдо бўлади, таҳлил этилади ва қарор қабул қилинади. Бу ишларни сунъий интеллект ва нейрон тармоғи бажаради. Нейрон тармоғи инсон организмидаги табиий биологик асаб тизими, бош мия, умуртқа поғонасидаги ўрта мия, марказий ва бошқа асаб тизимлари нейронларининг йиғиндисидан андоза олади.
Мутлақо равшанки, нейрон тармоқлари энг истиқболли ва кучли, бу биринчидан, маълумотларнга ишлов беришдаги параллелизм туфайли иккинчидан, ўз-ўзидан ўрганиш, яъни умулаштиришни яратиш қобилияти туфайли бўлади.
Умумлаштириш ўрганиш жараёнида олинган маълумотларга асосланган ишончли натижаларни олиш қобилиятини англатадиган атама ҳисобланади. Бу хусусиятлар туфайли нейрон тармоқларига ҳозирги пайтда энг қийин деб ҳисобланган мураккаб (кенг кўламли) муаммоларни ҳал қилишда қийин эмас. Бироқ, амалиёт шуни кўрсатадики, нейрон тармоқлари бизга автоном равишда тайёр ечимларни тақдим эта олмайди. Бунинг учун мураккаб тизимлар комплексларини интеграцияланиши талаб қилинади.
Хусусан, мураккаб масалалар ечилиши нейрон тармоқлар орқали таъминланадиган нисбатан оддий маълум кетма-кетликка бўлиш мумкин. Инсон миясини имитациялай оладиган (бу умуман мумкин бўлса) компьютер архитектурасини яратиш учун узоқ ва қийин йўл [3]. Нейрон тармоқлардан фойдаланишнинг асосланганлигини тизимларнинг қуйидаги ижобий хусусиятлари кўрсатади.
Таъкидлаш жоизки, нейрон тармоғи нейронлардан ташкил топган тармоқдир. Унинг энг оддий модели сифатида кирувчи сигналлар, сигналларни жамловчи ва қайта ишловчи ҳамда чиқувчи натижавий сигнал кўринишдаги модель орқали ифодалаш мумкин.
2.1-расм. Оддий нейроннинг тузилиш модели
2.1-расмда келтирилган маълумотларга изоҳ бериладиган бўлса, ушбу нейроннинг тузилиши xn - кирувчи сигналлар, wn - вазн коэффициентлари, (сигналларни жамловчи) ва унинг чиқиши NET, F(x) - нейронни фаоллаштириш функцияси ва Out - чиқувчи натижавий сигнал қуйидаги блоклардан иборат бўлади. Нейрон тармоғи жуда кўп хусусиятларга эга, лекин энг муҳими, унинг ўрганиш хусусиятидир. Тармоқни ўқитиш жараёни wn вазн коэффициентларининг ўзгаришига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |