Таянч сўз ва иборалар
Оффшор, эркин порт, технополис, технопарк, ташқи савдо, молиявий марказ, эркин иқтисодий ҳудуд, эркин божхона худудлари, эркин савдо худудлари, эркин илмий – техник худудлар.
Ўзини – ўзи текшириш учун саволлар
1. Эркин иқтисодий ҳудудларнинг аҳамияти
2. Эркин иқтисодий ҳудудларни ривожланиш босқичлари
3. Эркин иқтисодий ҳудудларни инвестицияларни жалб этишдаги моҳияти
4. Эркин иқтисодий ҳудудларни турлари
5. Мамлакатимизда эркин иқтисодий ҳудудларни ташкил этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари
6. Эркин иқтисодий ҳудудлар хўжалик ихтисослиги бўйича турлари
7. Эркин иқтисодий ҳудудларга бериладиган имтиёзлар ва афзалликлар.
6 – МАВЗУ: ИҚТИСОДИЁТ ВА УНИНГ РЕАЛ СЕКТОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ХУСУСИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
РЕЖА:
Иқтисодиётнинг реал сектори тушунчаси мазмуни ва унинг миллий иқтисодиёт ривожидаги аҳамияти
Иқтисодиётнинг реал сектори таркибий тузилиши ва шаклланиши
Хусусий инвестицияларнинг мазмуни ва мулкий асослари.
1 – савол баёни: Мамлакатимиз иқтисодиётини мутаносиб ривожлантириш, унинг самарали таркибий тузилмасига эга бўлиш орқали барқарор иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш ватанимиз тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Ушбу мақсадга эришиш учун эса, энг аввало, иқтисодиётнинг реал секторини жадал ривожлантириш зарур.
Иқтисодий адабиётларда иқтисодиётнинг реал секторига турлича таъриф берилади ва қуйида биз уларнинг бир нечтасини кўришимиз мумкин:
1. Иқтисодиётнинг реал сектори (инглизча – Real sector of economy) – иқтисодий ва қонуний белгиланмаган иқтисодий атама ҳисобланади ва маълум ҳудуддаги фаолияти маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган кичик, ўрта ва йирик (индустриал) корхоналарни бирлаштирадиган иқтисодиёт соҳасидир.
2. Иқтисодиётнинг реал сектори – бу иқтисодиётнинг муҳим сектори бўлиб, тўғридан-тўғри маҳсулот ишлаб чиқариш, даромад олиш ва бюджет даромадлари тушумини таъминлайди. Ишлаб чиқариш, маҳсулот ишлаб чиқариш соҳаси унинг иқтисодий атама синонимлари ҳисобланади41.
3.Иқтисодиётнинг реал сектори – хом ашё ва бошқа ишлаб чиқариш омиллари (ишчи кучи, ер ва капитал) ёки ишлаб чиқариш жараёни орқали товар ва хизматлар ишлаб чиқариш тушунилади. Бозор жамиятнинг ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқариш омилини бирлаштиришни англатади42.
4.Иқтисодётнинг реал сектори – бу иқтисодиётда моддий буюм маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи, моддий бойликни яратувчи ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ўз ичига оладиган соҳа. Реал секторга молия-кредит ва биржа фаолияти кирмайди43.
5. Иқтисодётнинг реал сектори – корхоналар (номолиявий корпорациялар), уй хўжаликлари ва уй хўжаликларига хизмат кўрсатувчи институтларни ўз ичига олади. Фискал (монетар) нуқтаи назардан қараганда, уй хўжаликлари ва уй хўжаликларига хизмат кўрсатувчи нотижорат институтлар маълум бир ҳолатларда “бошқа ижтимоий секторлар” номи остидаги ягона субсекторларга бирлашади44.
Фикримизча, иқтисодиётнинг реал сектори – хом ашё, меҳнат ва капиталдан ажралмаган ҳолда хизмат кўрсатиш, маҳсулот ва товарлар ишлаб чиқарувчи корхоналардан иборат иқтисодий соҳадир. Иқтисодиётда реал секторни самарали фаолият юритишида молиявий сектор муҳим ўрин эгаллайди.
Иқтисодиётнинг реал сектори тараққиёти мамлакатнинг макроиқтисодий барқарорлигини таъминлаш, бошқарув механизмларининг ечимларини танлаш каби имкониятларни беради. Бу эса, истиқболда режалаштирилган мақсадларга эришиш учун жорий ҳолатдаги иқтисодий жараёнларга таъсир этиш йўлларини белгилайди.
Жаҳонда интеграция ва глобаллашув жараёнларининг чуқурлашиб бориши миллий иқтисодиёт олдига бир қатор янги вазифаларни қўймоқда. Миллий иқтисодиётнинг дунё бозорида ўз ўрнини топиши, яъни маълум мавқени эгаллаши учун доимий равишда реал сектор корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан замонавийлаштириб бориш лозим. Ушбу мақсадларга эришиш учун миллий иқтисодиётнинг барча соҳаларида техник ва технологик янгиланишни амалга ошириш керак. Бунга, ишлаб чиқаришда бошқарувнинг янги усулларини ҳамда фан ва техника ютуқларини доимий равишда жорий этиш орқалигина эришиш мумкин. Мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда фан ва техника ютуқларини, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини ва ишлаб чиқариш бошқарувини янги усулларини амалиётга жорий этиш орқали иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарининг ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришига ва молиявий барқарорлигини оширишига жуда катта эътибор берилмоқда. Замонавий информацион технологиялар ва нанотехнологияларнинг ишлаб чиқариш жараёнига жорий этилиши меҳнат ресурсларининг касбий малакасини оширишни тақозо этиш баробарида, уларнинг сифати соҳанинг рақобатбардошлигини ва кейинги йилларда юксак натижаларга эришишига замин бўлади.
Иқтисодиётни барқарор ривожланиши мамлакатда моддий ишлаб чиқариш соҳалари учун яратилган ҳуқуқий-меъёрий шароит билан узвий боғлиқдир. Яъни, маҳаллий ва хорижий инвестицион маблағларни реал секторга жалб этиш учун инвесторларга ҳуқуқий кафолат берилиши ва унинг ижросини давлат томонидан кафолатланиши лозим.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 2014 йил 3 апрелдаги “Иқтисодиётнинг реал секторига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2158-сонли қарорини амалга ошириш доирасида, 24 та акциядорлик компаниялари, уюшмалар ва йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш бўйича 53 та лойиҳани амалга ошириш якунланди. Ушбу тадбирлар мамлакатимиздаги банкрот корхоналарни таркибий қайта тузиш ҳамда янги хўжалик фаолиятини йўлга қўйиш жараёнларини сезиларли даражада тезлаштирди45.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 2008 йил 19 ноябрдаги 4010-сонли “Иқтисодий ночор корхоналарни тижорат банкларига сотиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан иқтисодий ночор корхоналарнинг молиявий қобилиятини тиклаш бўйича бир қатор имтиёзлар (кўмаклар) берилган эди. Жумладан, ушбу ҳужжатга кўра, банкрот корхоналар негизида янги ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектлар:
– қўшимча қиймат солиғидан озод қилинди;
– уч йил давомида фойда солиғи, ягона солиқ тўлови, мулк солиғи ва ер солиғларини тўлашдан озод қилинди;
– бошқарув компанияларга берилганда фойда солиғи ва ягона солиқ тўловидан икки йил давомида озод қилинди. Бунинг натижасида собиқ банкрот ҳисобланган, эндиликда таркибий қайта тузиш орқали фаолиятини янгилаган корхоналарнинг фаолият кўрсаткичларида сезиларли ўзгаришлар рўй берди.
Шунингдек, юқорида қайд этилган меъёрий ҳужжатлар орқали тижорат банкларига ҳам муайян имкониятлар берилган эди. Жумладан:
– банкрот корхона негизида устав жамғармаси 100 фоизгача бўлган янги корхона ташкил этиш;
– банкрот корхонанинг тугатилиши муносабати билан унга аввал берилган, қопланмаган кредитини, шу жумладан, Ҳукумат кафолати билан берилган кредит суммасини банк кенгашининг қарори билан ҳисобдан чиқариш;
– банкрот корхонани тугатиш баҳосида сотиб олиб, унинг фаолиятини тиклаб, қайтадан бозор баҳосида сотиш ва ҳ.к.
Мамлакатимизда барқарор ва самарали иқтисодиётни шакллантириш борасида амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар бугунги кунда ўзининг ижобий натижаларини намоён этмоқда. Буни мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминланаётганлигида ҳам кўриш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |