10-мавзу. ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ИНСТИТУТЛАРИНИНГ ДЕМОКРАТИЯЛАШУВИ. (2 соат)
РЕЖА:
1. Ўзини ўзи бошқариш тушунчаси ва унинг демократик тамойиллари.
2.Ўзини ўзи бошқариш органлари — фуқаролик жамиятининг асоси.
3.Ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқий асосларини демократлаштириш жараёни.
4.Адолатли сайловлар — демократик жамият тараққиётининг мезони.
Ривожланган демократик мамлакатларда ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб давлат бошқарувининг номарказлашуви натижасида ўзини ўзи бошқариш органлари жамиятнинг асосий институтларидан бирига айланди.
Маҳаллий бошқарув - бу сиёсий бошқарувнинг нисбатан номарказлашган шаклидир. Бундай бошқарув органларининг асосий белгилари, бу — уларнинг сайланиши ва маҳалиий аҳамиятга эга бўлган ишларга раҳбарлик қилишда нисбатан мустақиллигидир (хусусий ижроия аппарати, маҳаллий солиқларни ўрнатиш, олиш ва меъёрий актлар қабул қилиш ҳуқуқлари мавжуд бўлган). Маҳаллий бошқарув органлари ва уларнинг аппаратлари ривожланган мамлакатлардаги давлат ташкилотларининг йирик бўғинларидан бирига айланди. Маҳаллий бошқарув органлари ўзларининг сайланишлари ва маҳаллий аҳолининг вакиллари сифатидаги расмий ўринларига биноан вакиллик тизимининг таркибий қисмларидан биридир.
«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги (янги таҳрири) Ўзбекистон Республикаси Қонунида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши тушунчаси қуйидагича таърифланади: «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ўз манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий хусусиятларидан, шунингдек миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш борасидаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланадиган мустақил фаолиятидир».Конституциянинг 105-моддасида ўзини ўзи бошқариш органларига қуйидаги ҳуқуқий мақом таърифи берилди: «Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек улар таркибидаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди. Ўзбекистон давлати қонунчилигига асосан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари деганда қуйидагилар назарда тутилди: шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидир.
Ҳуқуқий демократик давлатда сайлов қонунлари ва уни ўтказиш муҳим ўринни эгаллайди. Бунинг ёрқин исботини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов ўтказишда кўриш мумкин. Мамлакатда ўзини ўзи бошқариш органларига бўлган сайловлар фуқаролик жамиятининг ривожланиб борганлигини, жойларда фуқароларнинг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишда фуқаролар йиғинларининг ўрни ошиб бораётганлигини, аҳолининг бу соҳадаги фаоллигининг кучайганлигини кўрсатди.
Do'stlaringiz bilan baham: |