12.2. Иқлимнинг қишлоқ хўжалигидаги аҳамияти. Иқлим - парвариш қилинаётган қишлоқ хўжалик экинларининг ва чорвачиликнинг маҳсулдорлигини бирмунча даражада аниқлайди. Шунинг учун учун ҳудудларнинг иқлимий имкониятларидан тўғри фойдаланиш мақсадида даставвал иқлимни ўрганиш зарур, унинг қишлоқ хўжалигидаги аҳамиятини аниқлаш ва ноқулай об-ҳаво шароитларидан зарар кўришини камайтириш услубларини билиш керак
Ўзбекистон Республикасининг турли районларида ҳар йили қишлоқ хўжалигига ноқулай бўлган об-ҳаво кузатилади. Об-ҳавони зараридан кафолатланмаган ҳудудларда ҳам деҳқончиликдан мўл ҳосил олиш мумкин. Бу эса ҳудудлар иқлимий шароитларининг шаклланишини билишни талаб этади ва ундан фойдаланиб кафолатланган ҳосил миқдорини олиш мумкин бўлади.
Иқлим қишлоқ хўжалигининг таянчи ва уни шу нуқтаи назардан баҳолашда, биринчи навбатда, ҳавонинг кўп йиллик ҳарорат режими ва тупроқнинг намланиш даражасини илмий-амалий таҳлиллари натижаларига асосланади. Энг муҳими қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида иқлимга нисбатан қуйидагиларга эътибор қаратилади: 1) ўсимликларнинг вегетация даврида ёки унинг алоҳида фазалараро даврида термик ва қисман ёруғлик шароити; 2) бу даврларда тупроқнинг намланиш шароити, шулар қаторида ёғинлар режими ва тупроқ қалинлиги; 3) кўп йиллик ўсимликлар ва кузда экилган дон экинларининг қишқи шароити-қор қопламининг баландлиги, ҳаво ва тупроқ ҳароратининг таъсири; 4) қишлоқ хўжалиги учун хатарли бўлган номақбул метеорологик ҳодисалар.
Иқлимни баҳолаш тамойилларидан бири қишлоқ хўжалик экинлари учун иқлимга ва етиштириш муҳитига бўлган талаби, аниқроғи мақбул тупроқ ва ҳаво ҳарорати, ҳароратнинг йиғиндиси, намлик миқдори, юқори ҳосил олишга яратиладиган шароитлар ҳақида агроиқлимий мезон ва кўрсаткичлар бўлиш шарт.
Маълумки ўтган асрнинг 50-60 йилларида Ер шари бўйича об-ҳаво ва иқлим шароитлари кўпчилик қишлоқ хўжалик экинлари учун юқори маҳсулот олишга мақбул келди. Натижада турли мутахассис олимлар томонидан об-ҳаво ва иқлимнинг қишлоқ хўжалиги экинларига таъсир этиши инкор этила бошланди. Аммо ундан кейинги йиллар эса бунинг акси бўлиб чиқди. Юқоридаги тезис нотўғрилигини қишлоқ хўжалигининг барча соҳасида ва илмий ишларда исботланган.
Иқлимшунослик - метеорология фанининг амалий бўлими. Ундан халқ хўжалигининг турли соҳаларида қурилиш, транспорт, айниқса қишлоқ хўжалигида кенг фойдаланилади.
Иқлим аслида грекча klimаtos - юзанинг қуёш нурига нисбатан нишаблиги деган маънони англатади ва уни фанга эрамиздан олдинги 2 асрда Гиппарх киритган. Қадимги греклар турли географик кенгликдаги жойлар иқлими фарқини қуёш нурларининг ер юзига тушиш қиялиги-климата ва куннинг неча соат давом этишига қараб аниқлашган.