11.4.2 . Экинларни дўл уришидан ҳимоя қилиш. Биз олдинги мавзуда ёмғирли тўп-тўп булутларнинг юқори қис-мига ҳавонинг кўтарилма ҳаракати билан олиб чиқилган йирик сув томчилари музлаб дўл ўзакларини ҳосил қилади ва бу муз ўзаклар ҳавонинг кўтарилма ҳаракати билан олиб чиқилаётган бошқа ўта совиган сув томчиларини ўзига қўшиб олиб тез катталашади деб айтганмиз.
Дўлнинг экинлар учун хавфли даражада катталашувига йўл қўймаслик учун бундай булутларда бирор усул билан дўл ўчоғини қўшимча кўп сонли муз заррачалари билан бойитиш керак. Бундай қилинганда дўл ўчоғида намликнинг қайта тақсимланиши рўй бериб, сув томчиларининг кўп қисми киритилган муз томчиларига ёпишиб қолади ва йирик дўл ўзакларининг катталашуви тўхтайди ва экинлар учун хавфли ўлчамларгача ўсмайди.
Энди юқоридаги ғоянинг амалда қандай бажарилаётганлигини қарайлик. Кейинги йилларда экинларни дўл уришга қарши кураш ишларини булутлардаги дўл ҳосил бўлиш жараёнларига таъсир қилиш йўли билан амалга оширилмоқда. Дўлли булутларга сунъий таъсир қилиш натижасида йирик дўллар ҳосил бўлишига йўл қўйилмайди. Шу мақсадда дўлли булутлар ривожлана бошлаганидан 15-20 минут ўтгач дўл ҳосил бўладиган булутларда кўп сонли майда муз кристалларини ҳосил қилиш учун уларга махсус метеорологик ракета ёки зенит тўп снарядлари билан йодли кумуш ва йодли қўрғошиндан бир турини олиб чиқилади ва сочилади. Булутдаги дўл ўчоғига сочилган реагент зарралари кучли совиб жуда кўп сонли кристалланиш ядроларини вужудга келтиради. Бунда 1 г реагентдан 1012 тага яқин кристалланиш ядролари ҳосил бўлади ва уларнинг сиртига сув буғининг сублимацияси бошланади. Бунда сув буғлари ўта совиган томчилардан кристалланиш ядроларига ўтади. Натижада дўл ўзакларининг катталашувига йўл қўйилмайди. Майда дўллар эса пастга тушишида ҳавонинг илиқ қатламларида эриб ёмғир ёғишини юзага чиқаради. Дўлга қарши курашнинг бу усули яхши самара бериши учун ракета ёки снарядга жойлаштирилган реагентни булутдаги дўл ўчоғига етказиш ва сочиш керак. Дўлга қарши курашда аввал ПГИ-М русумли ракеталардан ва «“Эльбрус-2» русумли артиллерия снарядидан фойдаланилган. Бу снарядни 100 мм ли тўп ёрдамида отилган. Бу зенит қуроли 14 км радиусли масофагача самарали таъсир кўрсатади. Бу снаряд ёрдамида экинларни ҳимоя қилиш камчилиги шуки, у бир нуқтада ёрилгани учун булутнинг кичик қисмигагина реагент сочади. Ракеталар эса реагентни учиш йўли бўйлаб сочади ва булутнинг анча қисмини реагент билан таъминлайди.
Кейинги йилларда Ўрта Осиёнинг дўлга қарши кураш бўлинмаларини артиллерия ва ракета ускуналарининг иккаласи билан ҳам таъминланиб, 80-100 минг гектар майдонни 5-10 та пунктдан дўлдан ҳимоя қилиш йўлига ўтилган. 90-йилларнинг бошларидан бери «“Эльбрус» русумли снарядларни чиқариш тўхтатилган. Реагентларни олиб чиқадиган ракеталар эса такомиллаштирилмоқда.
Дўлга қарши кураш ишларида кейинги йилларда «Алазан-ЧМ 15А» ва «Алазан-5» русумли ракеталар ёрдамида амалга оширилаётир.
Ўзбекистонда дўлга қарши кураш ишларини олиб боришда О.Ж. Жўраев, Н.Н. Бутов, В.П. Курбаткин, Ҳ.А. Имомжонов, Б.А. Камолов, Б.Ш.Қодиров ва бошқа олимларимизнинг хизматлари катта.