1-МАВЗУ: «Солиқлар ва солиққа тортиш» фанининг предмети, мазмуни ва уни ўрганиш усуллари
Режа
1.1. «Солиқлар ва солиққа тортиш» фани алоҳида иқтисодий фан сифатида. Фанни ўрганишдаги мавжуд усуллар
1.2. «Солиқлар ва солиққа тортиш» фанининг бошқа иқтисодий фанлар билан ўзаро алоқаси
Таянч сўз ва иборалар
Солиқ, солиққа тортиш, солиқ тизими, давлат бюджети, бевосита солиқлар, билвосита солиқлар.
1.1. «Солиқлар ва солиққа тортиш» фани алоҳида иқтисодий фан сифатида. Фанни ўрганишдаги мавжуд усуллар
«Солиқлар ва солиққа тортиш» фани солиқларнинг иқтисодий моҳияти, аҳамияти, функциялари, солиқларни ҳисоблаш ва бюджетга ундириш механизмини ўрганишдаги асосий фан ҳисобланади. Фаннинг предметига тўхталишдан олдин «Солиқ» категориясига қисқача тўхталиб ўтадиган бўлсак, «Солиқ» категорияси – бу муҳим иқтисодий жараён бўлиб, унинг пайдо бўлиши ва амал қилиши кишилик жамиятининг мавжудлиги билан чамбарчас боғлиқдир. Солиқлар ҳар бир давлат фаолиятининг моддий жиҳатларини таъминлайди. Жаҳон иқтисодиёти тараққиётида солиқлар иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
Амалиётда ва умуман иқтисодий фанда солиқларнинг моҳиятига нисбатан турлича қарашлар мавжуд. Шу сабабли ушбу категориядан ҳар бир давлат томонидан ўзига хос тарзда фойдаланилади.
Давлат аста секин ривожланиб бориши билан, унинг функциялари ҳам мувофиқ равишда кенгайиб боради. Бу эса солиқларга нисбатан қўйиладиган талабнинг кучайишига олиб келади. Шу сабабли солиқ тизими тобора мураккаб ва кўп қиррали бўлиб боради. Кишилик жамияти ривожланиши тарихи шуни кўрсатадики, давлат маъмурий бошқарув билан шуғулланган ҳолларда унинг эҳтиёжлари маълум даражада сақланиб қолади, давлатнинг иқтисодиётни бошқариш мажбурияти пайдо бўлса, унинг харажатлари ва аҳолидан олинадиган тушумлари кўпаяди. Бундай ҳолатда солиқларнинг шакллари pанг-баранглашиб боради.
Ҳозирги кунда ҳар бир фанни ўрганишда уни талабаларга тўлиқ етказиш, талабаларни фикрлашга ундаш ва жалб этиш, шу орқали етук мутахассисларни тайёрлаш мақсади ётади. Фанни ўрганишда ҳозирги даврнинг илғор услубларидан ва ўқитишнинг илғор педагогик технологияларидан кенг фойдаланилади.
«Солиқлар ва солиққа тортиш» фанининг предмети – бу солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг иқтисодий моҳияти, давлат бюджети даромадларини шакллантиришдаги аҳамияти, солиқ тизими ва сиёсати, солиқ турлари бўйича белгиланган имтиёзлар тизими, солиқларни ҳисоблаш механизмининг амалдаги ҳолатини ўрганишдан иборат. Жумладан, солиқ тўловчилар ва уни ўзлаштирувчи, давлат бюджети, мажбурий тўловлар, молиявий муносабатлар каби элементларнинг ўзаро иқтисодий муносабатларга киришиш жараёнларининг услубий жиҳатлари, қирралари кенг кўламда ўрганилади.
Ҳар бир фаннинг шаклланиши фан предмети шаклланиши билан биргаликда, унинг илмий билиш усуллари қарор топиши билан ҳам боғлиқ. Ҳар қандай фанни ўрганишдаги усуллар умумий тавсифга эга, лекин ҳар бир фан ўз предметидан келиб чиқиб, ўзининг илмий билиш усулларига эга. Шунинг учун фанни ўрганишдаги усуллар умумий ва алоҳида усулларга бўлинади.
Табиат, жамият ва тафаккурнинг ривожланиш қонунларини ўрганишнинг бирдан-бир тўғри илмий усули диалектик усулдир. Шунинг учун ҳам ушбу илмий билиш усули барча фанларнинг, шу жумладан солиқ назарияси фанининг ҳам назарий ва методологик асосини ташкил этади. Диалектик усул шуни кўрсатадики, ривожланиш қуйидан юқорига қараб содир бўлади. Билиш эса оддийдан мураккабга томон ривож топиб боради. Шунинг учун ушбу усул тадқиқотнинг индукция ва дедукция усулларини ўз ичига олади.
Хусусий, якка факт олиниб, унинг асосида умумий қоида ҳосил қилинадиган бўлса – индукция ҳисобланади. Бошданоқ барча хусусий ҳолларни ўз ичига олган умумий қоида ҳосил қилинса – дедукция ҳисобланади.
Шу билан бирга барча иқтисодий фанлар каби «Солиқлар ва солиққа тортиш» фанининг ҳам ўзига хос илмий билиш усуллари мавжуд. Улардан бири илмий абстракция усулидир. Илмий абстракция усулининг моҳияти шундан иборатки, бунда таҳлил пайтида объектнинг фақат бир томонига, ўрганилаётган жараённинг асл моҳиятига эътибор қаратилади ва ҳалал бериши мумкин бўлган иккинчи даражали унсурларнинг таъсири эътиборга олинмайди.
“Солиқлар ва солиққа тортиш” фани шунингдек, ўз предметини ўрганишда назарий таҳлил ва синтез усулидан ҳам фойдаланади. Таҳлил - ўрганилаётган бутун объектни қисмларга ажратиш ва уларни изчиллик билан таҳлил қилиш бўлса, синтез эса ўрганилган қисмлардан олинган хулоса ва натижаларни бир бутун яхлит жараён деб қараб, умумий хулоса чиқаришдир. Солиқ турларини ҳисоблаш ва бюджетга ундириш тартибларининг амалий масалалари мазкур йўл билан ўрганилади.
Фанни ўрганишда макроиқтисодий ва микроиқтисодий ҳолда таҳлилни қўшиб олиб бориш муҳим ўрин тутади. Солиқларни ҳисоблаш ва бюджетга тўлашнинг амалдаги масалаларини микроиқтисодий жиҳатдан ўрганишда иқтисодиётнинг бошланғич бўғини бўлган хўжалик юритувчи субъектлар нуқтаи назаридан, улар билан давлат бюджети ўртасидаги муносабатлар тадқиқ этилса, макроиқтисодий жиҳатдан таҳлил этишда эса, давлат миқёсида, яъни солиқ ва солиқ тортиш муносабатларига доир масалалар макроиқтисодий даражада ўрганилади.
Шунингдек, фанни ўрганишда таққослаш, статистик, график усуллардан ҳам фойдаланилади. Жумладан солиқларни даврлар бўйича таққослаш, улардан тушумларни жадваллар орқали ифодалаш, ўзгаришларни аниқлаш, уларга назарий жиҳатдан баҳо бериш, солиқларнинг бошқа иқтисодий категорияларга таъсирини график усулда тасвирлаш ва шу кабилардир. Масалан, солиқлар ўзгаришини ялпи талаб ва ялпи таклифга таъсирини мана шу усул билан ифодалаш мумкин.
Фанни ўрганишда таққослаш, статистик ва график усуллардан кенг фойдаланилган ҳолда уларнинг ҳар бири ўзига хос йўналишларни акс эттириб, бири солиқ тушумларини жадвал орқали, бири даврлар бўйича таққослаш, бири эса ўзгаришларни график усулда ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Биз бу фанни ўрганишда бу усуллардан кенг кўламда фойдаланишимиз учун энг аҳамиятлисини танлаб олишимиз лозим бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |