134
Уламолар дам солиш ҳақида турли қавллар айтишган. Бир гуруҳ олимларга кўра, фақат кўз тегиши,
чаён ёки илон чақишига қарши дам солинади. Айримлар айтишича, гарчи Аллоҳнинг Каломи, исм-
сифатлари билан бўлса-да, дам солиш макруҳ саналади. Чунки у Аллоҳга таваккул қилишга зиддир.
Жумҳур уламоларга кўра, инсонга тегадиган ҳар қандай касалликка қарши дам солиш мумкин.
Фақат бунинг учта шарти бор:
1. Дам Аллоҳнинг Каломи ёки исм-сифатлари билан солиниши;
2. Дамни араб ёки маъноси тушунарли бошқа тилда солиш (Маъноси тушунарсиз тилда дам
солинмайди. Чунки унда куфр, ширк ёки сеҳр бўлиши мумкин);
3. Дам солиш фақат Аллоҳнинг изни ва қудрати билан манфаат етказади, деб ишониш.
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз жоҳилият даврида дам солардик.
(Мусулмон бўлганимиздан кейин) “Эй Расулуллоҳ, бунга нима дейсиз?” деб сўрадик. У зот соллаллоҳу
алайҳи ва саллам: “Менга руқянгизни (яъни, нима билан дам солишингизни) кўрсатинг. Агар унда ширк
бўлмаса, дам солишнинг ҳечқиси йўқ”, дедилар (Муслим ва Абу Довуд ривояти).
Бундан чиқди, дам солиш шартларидан бири унда Аллоҳга ширк келтириш маъноси
бўлмаслигидир.
Тиббий муолажага муҳтож инсон тиб орқали даволанади. Дам солишга муҳтож бемор эса дам
солиш билан даволанади. Тиб билан дам солиш бир-бирига зид эмас, балки бири иккинчисини
тўлдиради. Тиббий муолажа моддий бўлса, дам солиш руҳий даволашдир.
Киши дам солишга эҳтиёж сезганида ўзига-ўзи дам солиши ёки илмли, тақводор, руқя ҳадисини
олган инсонга дам солдириши мумкин. Дам солувчининг имони, тақвоси қанча кучли бўлса, солган дами
яхшироқ таъсир қилади
44
.
Ривоят қилинишича, Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу “Фотиҳа” сурасини ўқиб, хасталарга дам солса,
тезда таъсир қилар экан. У киши дунёдан ўтганидан кейин бошқалар дам солишса, аввалига самара
бермабди. Шунда бунинг асл сабабидан бохабар кишилар: “Фотиҳа сураси-ку, ўрнида турибди, аммо уни
ўқийдиган Умар қани?” дейишган экан.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Орамиздан бир кишини чаён чақиб олди. Ўшанда
биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик. Бир одам: “Эй Расулуллоҳ, дам солайми?” деб
сўради. “Орангизда ким ўз биродарига наф беришга қодир бўлса, берсин” дедилар (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам
намоз ўқиб туриб сажда қилгандилар, у зот панжаларини чаён чақиб олди. Шунда Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтдилар-да: “Аллоҳ чаённи лаънатласин! Пайғамбарни ҳам, бошқани ҳам
қўймайди”, дедилар. Кейин бир идишда сув билан туз келтиришни буюрдилар. Чаён чаққан жойни тузли
сувга солдилар, (оғриқ) босилгунича “Ихлос”, “Фалақ”, “Нос” сураларини ўқиб турдилар” (Ибн Абу
Шайба ривояти).
Чаён чақишига, бошқа касалликларга қарши дам солганда тиббий муолажалар ҳам бирга олиб
борилса, Аллоҳнинг изни билан фойдаси тегади.
Хуллас, юқорида зикр этилган шартлар билан дам солиш жоиз. Зеро, руҳий муолажага муҳтож
кишиларга суннатга мувофиқ дам солиниши инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: