136
касалликка йўямиз. Бироқ кўп ҳолларда туппа-тузук юрган одам бирдан ҳолати ўзгариб қолишига назар-
нафас сабаб бўлишини хаёлимизга келтирмаймиз.
Ҳадисда айтилишича, кўз тегиши туяга ҳам салбий таъсир кўрсатиши, унинг ўлимига сабаб бўлиши
мумкин экан. Арабларнинг Бани Асад қабиласида шундай “кўзли” одамлар бўлган. Ривоят қилинишича,
бир киши олдидан семизроқ сигирми, туями ўтиб қолса, унга суқланиб қараб, кейин жориясига: “Эй қиз,
манави пулни олгин-да, шу туянинг гўштидан озроқ олиб кел!” деса, туя ёки сигир ҳеч қандай вақт ўтмай
ерга қулар, эгаси уни сўйиб, қозонга солиб пиширишга мажбур бўларди.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам: “Аллоҳнинг ёзганидан, қазои қадаридан сўнг умматимдан энг кўп ўлим нафаслар (кўз тегиши)
сабабидан бўлади”, деганлар” (Баззор ривояти. Ҳадис санади ҳасан).
Уммати муҳамадия барча умматлардан афзал қилинган. Шу сабаб бўлса керак, бошқалар
мусулмонларга кўп ҳасад қилади. Бу, кўз тегиши ҳақлиги, ундан сақланиш чораларини кўриш ҳар бир
мўмин-мусулмон учун лозимлигини билдиради.
Мўмин банда ҳамма нарса Аллоҳнинг тақдири, хоҳиши билан содир бўлишига сўзсиз ишонади. Кўз
тегиши ҳам худди шундай. Унинг ўзи аслида зарар келтирмайди, фақат Аллоҳнинг изни билан бандага
зиён етказиши мумкин. Бандани кўздан асровчи ҳам Аллоҳдир.
Имом Нававий шундай деган: “Барча нарса Аллоҳ таолонинг тақдири билан юз беради. Кўз тегиши,
бошқа сабаблар билан бандага етадиган фойда ёки зарар ҳам фақат Аллоҳнинг тақдири билан бўлади.
Кўз тегиши ҳақиқатдир. Унинг зиёни катта экани ҳам рост”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай
деганлар: “Кўз (тегиши) ҳақиқатдир. У тоғнинг баланд чўққисидан туширади” (Аҳмад ва Ҳоким ривояти.
Ҳадис санади ҳасан лиғайриҳ).
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Албатта, кўз (тегиши) Аллоҳнинг изни
билан бир кишига боғланиб қолади. Ҳатто уни ҳалок этади. Кейин ундан тушади (арийди)”, дейилган
(Аҳмад, Табароний, Абу Яъло ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Ҳадисда айтилишича, бир киши юқори мартабага эришади, худди тоғ чўққисига кўтарилгандек
баланд марраларни забт этади. Кейин кўз тегиши билан юқоридан пастга қулайди.
Мазкур ривоятда эркак кишига кўз тегиши айтилмоқда. Шу билан бирга аёлларга, болаларга ҳам
кўз тегиши кузатилади. Ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғлаётган бола
овозини эшитиб, “Болангизга нима бўлди? Унга кўз тегишига қарши дам солсангиз бўлмайдими?”
деганлар (Аҳмад ривояти).
Бундан чиқди, кўз тегиши муваффақиятга тўғаноқ бўлиши, зарар келтириши ҳақиқат экан. Бунга
қарши инс-жинлар кўзидан паноҳ сўралади. Исломда буюрилган амалларни қилган банда Аллоҳнинг
ҳимоясида бўлади. Ибодат қилиш, зикр-тасбеҳ айтиш, беш маҳал намоздан кейин “Оятул курсий”ни
тиловат қилиш бандани – Аллоҳнинг изни билан – турли ёмонликлардан: жин тегишидан, сеҳр-жодудан,
назар-нафасдан, шикаст-балолардан сақлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: