Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича фаол прагматик ташқи сиёсати Бугунги кунда Ўзбекистон қўшни давлатлар билан очиқ, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик жараёнларини янги босқичга кўтариш, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка қаратилган сиёсий музокараларга барча афғон сиёсий кучларини жалб этиш ҳамда Афғонистондаги вазиятга дахлдор барча ташқи кучлар ўртасида геосиёсий консенсусни таъминлаш жараёнларида фаол иштирок этиш орқали минтақа янги геосиёсий тенденцияларида сезиларли роль ўйнамоқда. Ўзбекистонинг Афғонистон йўналишидаги ташқи сиёсати уни минтақадаги ўрни ва аҳамиятини оширибгина қолмай, Афғонистон тинчлик музокараларига доир конструктив ва янги парадигмаларни ишлаб чиқиш жараёнларига муҳим туртки бериши мумкин.
Ўзбекистон афғонлараро, минтақавий ва глобал даражада афғон муаммосини ҳал этишга қаратилган ташқи сиёсий фаолият олиб бормоқда.
Афғонлараро даражада Ўзбекистон нафақат Афғонистон ҳукумати, балки «Толибон» ҳаракати ва бошқа афғон этносиёсий вакиллари билан тенг алоқаларни йўлга қўйди. Хусусан, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантириш мақсадида Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан, 2017 йил 23-24 январь кунлари Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан Афғонистонда бўлди. Айнан ушбу ташриф ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш жараёнида дастлабки қадамга айланди. Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида олий даражада учрашувлар ҳам ўтказилиб, бу айниқса, Афғонистон собиқ Президенти Ашраф Ғанининг 2017 йил 4-6 декабрь саналарида Ўзбекистонга уюштирган расмий ташрифи давомида ўз ифодасини топди. Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг Қўшма баёноти ва турли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Шунингдек, 2019 йил 31 март санасида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Виктор Маҳмудов ва Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистонга ташриф буюриб, Президент Ашраф Ғани билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистон томони Афғонистон тинчлик жараёнининг ҳар қандай шаклига мезбонлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати ва мухолифатдаги асосий сиёсий куч сифатида эътироф этилган «Толибон» ҳаракати ўртасида олдиндан шарт қўймасдан тўғридан-тўғри музокараларни ўтказиш зарурлигини қўллаб-қувватлаб келди, Ўз навбатида, афғонистонликларнинг розилиги асосида бундай тинчлик музокаралари учун исталган вақтда мулоқот майдони бўлишга тайёрлигини ҳам маълум қилди. Энг асосийси, Ўзбекистон «Толибон» ҳаракатининг сиёсий маҳкамаси вакиллари билан тегишли алоқалар ўрнатиб, уларни афғонлараро тинчлик музокараларида иштирок этишга даъват қилиб келди. Жумладан, 2018 йил 7-10- август кунлари ҳаракатнинг Доҳа шаҳридаги жойлашган сиёсий идораси собиқ раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Станекзай бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга амалий ташриф билан келди. Эътиборли жиҳати шундаки, музокаралар масаласида «Толибон» ҳаракати Афғонистонга чегарадош ҳудудлар орасидан ўз минтақавий иштирокини айнан Тошкентдан бошлагани ҳам Ўзбекистоннинг Афғонистон тинчлик жараёнларидаги минтақавий нуфузини белгилаб беради. Шу нуқтаи назардан, Афғонистонда Толибон ҳокимиятининг ўрнатилиши (2021 йил 15 август) Афғонистон масаласида Ўзбекистон дипломатиясининг нечоғлик чуқур ўйлангани ва стратегик танловга асосланган эканлигини кўрсатиб берди.
Ўзбекистон ташқи сиёсатида Афғонистон омили минтақавий миқёсда консенсусга эришишни тақозо этади, Расмий Тошкент Афғонистон муаммосини ҳал этишда катта таъсир кўрсатувчи минтақанинг кўзга кўринган акторлари – Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Туркия сингари куч марказлари, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари билан турли даражаларда музокаралар олиб борди ва жараёнлар давом этиб келмоқда.
Ўз-ўзидан равшанки, Афғонистонни Марказий Осиё минтақавий жараёнларига кенг жалб этиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор жиҳатларидан биридир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев турли минтақавий даражадаги учрашувларда бугунги кунда Марказий Осиёда барқарор ва изчил тараққиётнинг истиқболлари қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш билан чамбарчас боғлиқ деган қатъий фикрни илгари сурди. Афғон ўлкасидаги нотинч ва беқарор вазиятгина ушбу мамлакатни Марказий Осиё минтақаси билан турли соҳалардаги интеграциялашувига халақит бермоқда. Мисол сифатида таъкидлаш ўринлики, 2019 йил 29 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат саммитида ушбу муаммо кун тартибидаги долзарб масалалардан бири сифатида атрофлича муҳокама этилди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Қўшма баёнотида акс этган алоҳида банд ҳам бунинг яққол тасдиғи ҳисобланади: “Марказий Осиёда барқарор ривожланиш қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш билан боғлиқ. Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш мақсадида муаммони сиёсий йўл билан ҳам ҳал этиш аввало, зўравонликни рад этиш, ўт очишни тўхтатиш, мулоқот ва муросага тайёргарликни намойиш қилиш сингари муҳим тамойилларни сақлаш лозим, деб ҳисоблаймиз. Марказий Осиё давлатлари тинчлик жараёнлари олға силжиши учун кўмак берадиган минтақавий савдо-иқтисодий ва инфраструктура лойиҳаларига Афғонистонни ҳам жалб этиш бўйича ҳар томонлама саъй-ҳаракатларни давом эттиради.
Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва бу орқали Марказий Осиё давлатларининг Ҳинд океани бандаргоҳларига чиқиши масалаларида фаол дипломатияга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йилда Тошкентда «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида юқори даражадаги халқаро конференция ўтказиш ташаббуси ушбу дипломатиянинг энг муҳим ғояларини ўзида мужассам этади.
Афғон муаммосининг глобал хусусияти ўз-ўзидан глобал даражада келишувларга эришишни тақозо этади. Ўзбекистоннинг Афғонистон сиёсатига оид глобал даражадаги қадами 2018 йил 26-27- март кунларида бўлиб ўтган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси ҳисобланади. Ушбу конференция замонавий Афғонистон тинчлик жараёнларини глобал даражада рағбатлантиришга қаратилган муҳим геосиёсий платформага айланди. Конференция натижаларини акс эттирувчи муҳим ҳужжат – Тошкент декларацияси Афғонистон муаммосига дахлдор барча давлатлар томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланиб, муаммони тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларини ва улар бўйича афғонлараро, минтақавий ва халқаро муросага эришиш ёндашувларини мужассам этган ўзига хос дастуриламалга айланди.