3.Интеллектуал салоҳиятли, маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, комил инсонни вояга етказишда мамлакат энг янги тарихининг тутган ўрни.
Мустақиллик туфайли Ўзбекистонда миллий, демакки, маънавий-руҳий эркинликларга кенг йўл очилди, мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ғоявий, маданий ҳаётининг муҳим тармоғи ҳисобланган, маънавиятни шакллантиришга бевосита таъсир қиладиган ҳаётий муҳим омиллардан бўлган юксак маънавиятли, дунёқараши кенг қамровли, интеллектуал салоҳиятли, маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, комил инсонни вояга етказиш, умуман олганда, таълим-тарбия тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб келинмоқда ҳамда бу борада беқиёс ишлар амалга оширилмоқда.
Мустақил Ўзбекистон давлати ҳамиша демократик тараққиёт, модернизация ва янгиланиш борасида белгиланган мақсадларга эришишда энг муҳим қадрият ва ҳал қилувчи куч бўлган билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш вазифасини ўзининг асосий устувор йўналишлари қаторига қўйиб келмоқда. Айни пайтда, Ўзбекистон тарихи фани, унинг мантиқий давоми бўлган Ўзбекистоннинг энг янги тарихи”ни ўқитиш, унинг мазмун-моҳиятини уларга тушунтириш орқали, юксак маънавиятли, дунёқараши кенг қамровли, интеллектуал салоҳиятли, маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, комил инсонни вояга етказишдек масъулиятли вазифа турибди. Буюк шахслар таъкидлаганидек, “Ёшлар билан ишлашда ҳам янги ёндашувлар керак...”1. Зеро, бугунги ёшларимизнинг нафақат жисмоний ва маънавий соғлом ўсиши, балки уларнинг энг замонавий интеллектуал билимларга эга бўлган, уйғун ривожланган инсонлар бўлиб, XXI аср талабларига тўлиқ жавоб берадиган баркамол авлод бўлиб вояга етиши учун зарур барча имконият ва шароитларни яратиш ҳукуматимиз олдига қўйилган энг олий мақсадлардандир. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда ёшлар ижтимоий-сиёсий куч сифатидаги фаолиятининг муҳимлиги ва амалий аҳамияти, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида амалга оширилган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, жамият ҳаётининг барча жабҳаларини модернизациялаш ва янгилаш масаласи билан чамбарчас боғлиқлигида ҳисобланади. Чунки, мамлакат аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади. Юқоридаги мулоҳаза Ўзбекистон ёшлар давлати эканлигини яна бир карра тасдиқлайди.
Ёшларнинг билим олиши, таълим-тарбияси, касбий тайёргарлиги масалалари Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат қуриш, фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, Ўзбекистон ёшлари ижтимоий-сиёсий фаоллиги масалаларига замон талаблари асосида эътибор қаратиш лозим.
Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб шахсни ҳар томонлама камолга етказиш ва ривожлантириш масаласига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, ёшларга оид қонун, қарор ва давлат дастурлари қабул қилинди ҳамда изчил равишда ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу сиёсатнинг мазмун-моҳияти, асосий йўналишлари, ёшларга бериладиган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий кафолатлар Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 20 ноябрдаги “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонунида белгилаб қўйилган2.
Қонунга кўра, ёшлар масаласи Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб, унинг мақсади ёшларнинг билим олиши, таълим-тарбияси, касбий тайёргарлиги, ижтимоий-сиёсий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидорининг тўлиқ рўёбга чиқиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборат. Бу қонуннинг қабул қилиниши ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш юзасидан “Таълим тўғрисида”ги қонун, “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”, “Мактаб таълимини ривожлантиришнинг умуммиллий дастури” каби қатор ҳужжатлар ишлаб чиқилишга мустаҳкам замин яратди.
Республика ёшларини бирлаштириб, кенг қамровли фаолият олиб бораётган янги шаклланган ёшлар ташкилоти баркамол авлодни тарбиялашда улкан ишларни амалга оширмоқда. Шунингдек, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратиб бераётган турли жамғармалар фаолиятини ҳам юксак баҳолаш мумкин. Ўзбекистон ёшлари мамлакатдаги ўзига хос ижтимоий-сиёсий муносабатларни шакллантиришда асосий етакчи куч бўлиб, уларнинг интилишлари, муаммолари ҳамда Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишдаги иштирокини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, мустақиллик йиллари Ўзбекистон ёшлари ҳаётида туб бурилиш ясади. Бу даврда ёш авлод таълим-тарбиясига бағишланган қонун, давлат дастурларининг қабул қилиниши ҳамда уларга алоҳида эътибор бериб келинаётганлиги ютуқ ва муваффақиятлар гарови бўлди.
Илму маърифатли, тарбияли, юксак маънавиятли, дунёқараши кенг қамровли баркамол авлодни тарбиялаш бугунги кундаги долзарб масалалар сирасига киради. Жамият тараққиётининг ҳозирги босқичида шахсни ҳар томонлама камолга етказиш ва ривожлантириш энг муҳим вазифалардан бири бўлганлиги боисдан ҳам, талабаларга “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” фани ўқитилиши бугунги куннинг энг муҳим долзарб масаласига асосий эътибор қаратилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, бугун юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларга эга, билимли, самарали меҳнат қилишга қодир фуқаролар жамиятнинг энг муҳим бойлиги ва асосий капитали, уни ҳаракатга келтирувчи куч эканлигини теран англаш асносида миллий қадриятлар, қадимий анъаналаримизни, жаҳон цивилизацияси тарихида ўчмас из қолдирган аждодларимизни янги шароитда яна бир бор кашф этамиз, қайтадан дунёга танитиш имкониятига эга бўламиз ҳамда ёшларга ибрат сифатида кўрсатамиз, буюк зотларга муносиб бўлишга ундаймиз.
Мамлакатнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятни юксалтиришдан манфаатдор эканлиги, глобаллашув шароитида билимлилик мамлакатни иқтисодий ривожлантириш ва унинг миллий бойлигини кўпайтиришнинг муҳим таркибий қисмига айланиб бораётганлиги, аҳолининг юксак маънавий даражаси эса одамларда ҳуқуқий маданиятни, эркин ва демократик ҳуқуқий давлатда яшаш ҳамда меҳнат қилиш қобилиятини шакллантириш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини англаш, улардан шахс, давлат ҳамда жамият манфаатлари йўлида фойдаланиш имконини беради.
Таълим тузилишини модернизациялаш, уни демократлаштириш, компьютерлаштириш ва инсонпарварлаштириш, таълим дастурини эркин танлаш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш тобора кучайиб бормоқда. Таълимни фундаменталлаштириш, маънавий масъул шахсни шакллантириш, билишни эмас, балки фикрлашни ўргатиш зарурлиги яққол кўзга ташланмоқда. Зеро, ёш авлоднинг ҳар томонлама камол топиши учун замон руҳига мос янгидан-янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга тадбиқ этиш бўйича инновацион лойиҳалар ишлаб чиқиш, таълим тизимининг барча босқичларида сифат ўзгаришларига эришиш бўйича аниқ чора-тадбирларни янада кучайтириш зарур.
Бинобарин, ҳукуматимиз ёшлар билан ишлашда асосий эътиборни, аввало, уларни табиатимизга бегона бўлган ғаразли оқимлардан асраб, замонавий билим ва тажрибага, интеллектуал салоҳият ва илғор технологияларга эга, маънавий юксак, комил инсонлар этиб вояга етказиш, жамиятда ўз олдига қўйган стратегик мақсадларга эриша олишига ва муносиб ўрин эгаллашига қаратади.
Do'stlaringiz bilan baham: |