Электр энергетикаси, ёқилғи ва металлургия саноати янги иш жойлари яратди, аммо уларнинг меҳнат унумдорлиги камайди. Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, саноат-қурилиш материаллари, енгил, озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноатида меҳнат унумдорлиги ошди, аммо иш ўринлари камайди.
Ўзбекистондаги ўртача меҳнат маҳсулдорлиги аҳоли жон бошига нисбатан паст ва ўрта даромадли мамлакатларга нисбатан 16 фоизга кам ва ўртача-юқори даромадга эга мамлакатларга нисбатан 54 фоизга пастдир.
Жаҳон банки мутахассиси Ўзбекистон иқтисодий ривожланишининг ўзига хос хусусиятларини санаб ўтди:
Сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистоннинг ЯИМ жуда тез ўсди — йилига ўртача 5 фоиз, ушбу ўсишнинг 91 фоизи меҳнат унумдорлигининг ошиши билан боғлиқ бўлди. Шу билан бирга, иш ўринларини яратиш мамлакатдаги иқтисодий фаол аҳоли ўсиш суръатларига мос келмади: 2004−2016 йиллар мобайнида йилига ўртача атиги 280 мингта (нетто) ва энг охирги йилларда йилига 200 мингга яқин иш ўринлари ташкил этилди;
Бу фақатгина таълим муассасалари битирувчиларини (ҳар йили тахминан 500 минг) иш билан таъминлаш учун талаб қилинадиган иш ўринларидан анча кам, иш излаб юрган бошқа аҳоли қатламини айтмаса ҳам бўлади. Бошқача айтганда, иш ўринларини яратишни камида икки баравар ошириш керак.
Меҳнат бозори бир қатор салбий омиллар билан изоҳланади: меҳнатга рағбатнинг заифлиги, иш берувчилар талаб қиладиган кўникмаларнинг иш қидирувчиларнинг амалдаги кўникмаларига мос келмаслиги; корхоналарда тренингларнинг етишмаслиги; ёшлар ва аёллар ўртасида юқори ишсизлик; аҳолининг иқтисодий жиҳатдан фаол бўлмаган қисмининг кўплиги;
1996−2016 йиллар мобайнида инвестицияларнинг жадал ўсиши (иқтисодиётда сармоялар доимий нархларда 18 баробар, ҳар бир ишчи учун капитал эса доимий нархларда 11,7 баробар ошди) ишлаб чиқариш омилларининг умумий самарадорлигининг секин ўсишини (21 йилда тармоқлараро тарқалишни ҳисобга олмаганда атиги 16,4% га ошди) ва тармоқлараро тарқалиш ҳиссасининг қисқаришини қисман компенсация қилди.
Доимий капиталга инвестициялар киритиш барқарор капиталнинг кам даромадлилигини (доимий нархларда) қоплаш ва меҳнат унумдорлигининг ўсишини таъминлаш учун етарли даражада тез ўсди.
Қайта ишлаш саноати соаҳасида, айниқса озиқ-овқат, енгил, тўқимачилик ва бошқа кўп меҳнат талаб қиладиган соҳаларда иш ўринлари яратиш қийин кечди. Кўплаб ишчилар қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноатидан хизмат кўрсатиш соҳаларига кетди.
Эскендер Трушин бир далилни қайд этиб ўтди: барча мамлакатларда янги фирмалар мавжуд бўлган эски фирмаларга қараганда кўпроқ иш ўрни (нетто) яратади. Агар Ўзбекистонда бизнеснинг зичлигини (1000 ишчи аҳоли учун янги очилган фирмалар сони) ҳисобласак, унда 2006−2016 йилларда бу рақам 1000 нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли бошига 0,72 янги фирмани ташкил қилди. Бу кўрсаткич Тожикистондан ташқари (0,35 янги фирма) МДҲ мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткичлардан бири ва МДҲ мамлакатларининг ўртача кўрсаткичининг ярми баробаридадир (1,67 янги фирма).
ЖБ мутахассиси бу ҳолат аҳоли заиф тадбиркор руҳи туфайли рўй бермагани, балки Ўзбекистонда бизнесни олиб боришдаги тўсқинликларнинг катталиги сабабидан ва дунёда узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган технологияларни тақсимлаш ва ўзлаширишнинг заифлигидан келиб чиққанлигини тахмин қилди.
Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсишини тезлаштириш учун бутун дунё учун янги технологияларни ихтиро қилишга катта пул сарфлашнинг ҳожати йўқлигига ишонч билдирди Эскендер Трушин. Аввало, жаҳонда узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган технологияларни жадал ва оммавий равишда киритиш керак. «Сиз ҳайратга тушасиз, — дейди Жаҳон банки вакили, — лекин совет даврида хатто Ўзбекистоннинг ўзида яратилган узоқ йиллардан бери мавжуд технологиялар ҳам Ўзбекистонга жорий қилинмайди. Шунга қарамасдан, улар бошқа мамлакатларда жорий қилинмоқда».
2014 ва 2017 йилларда ташкилотлар ўртасида ўтказилган сўровга кўра технология ва инновацияларни жорий этишдаги тўсиқлар қуйидагилардир:
банк кредитларини олишдаги қийинчиликлар;
малакали муҳандис ва ишчиларнинг етишмаслиги;
хом-ашёни қўлга киритиш;
янги технологияларни қамраб олиш учун заиф ички бозор;
технологиялар ҳақида маълумотларнинг етишмаслиги.
Ўзбекистон қайта ишлаш саноатидаги меҳнат унумдорлиги борасида аҳоли жон бошига таҳминан бир хил ЯИМга эга давлатларга нисбатан ўртача 16 фоизга ортда қолмоқда, лекин бу давлатларни ўртача иш ҳақи таққосида 57 фоизга ортда қолдирмоқда. Бу Ўзбекистонда меҳнат унумдорлигининг ўсишини жадаллаштириш масаласини ўртага қўяди.