Мактаб таълимининг бош мақсадларидан бири ҳар бир боланинг психологик ва шахсий ривожланишини тўлиқ таъминлайдиган психологик шароитларни яратиш ва қўллаб-қувватлашдир. Шахснинг ривожланишида психологик саломатлик муҳим аҳамиятга эга. Агар инсон ўзи учун ноқулай шароитда яшаса, биринчи галда унинг эмоционал туйғулари фрустрация (бузилиш) ҳолатига тушади ва бу ўз навбатида руҳий зарба (стресс) ҳолатига жавобан хавотирланишни юзага келтиради. Хавотирланиш вегетатив, невротик ва психик бузилишларга олиб келади. 5-синф ўқувчиларида бошқа синф ўқувчиларига нисбатан юқори даражадаги хавотирланиш кузатилади ва бу бошланғич мактабдан ўрта синфларга ўтиш даври билан боғланади.
Бола 1-синфга мактабга борганида мослашиш жараёни қийин бўлганидек, қуйи синфни битириб мактабнинг ўрта босқичига, яъни 5-синфга ўтганида ҳам
мослашиши қийин кечади. Бу ҳолатда ўқувчи ота-оналарнинг ва психологнинг ёрдамига эҳтиёж сезади. Чунки бошланғич синфда бола фақат битта ўқитувчининг талабларини бажаришга ўрганиб қолади. Ўрта синфга ўтганда
эса ҳар бир дарсда янги ўқитувчи билан янги муносабатлар тизимини ўрнатиш талаб этилади. Улар мустақил бўлишни, шу билан биргаликда ўз ҳаракатлари учун ҳеч қандай маъсулиятни ҳис қилмасликни ҳоҳлайди. Шунинг учун
5-синфда ўқиш бошланишига қадар болангиз мустақил қарор қабул қилишни ҳамда катталар ва тенгдошлари билан ҳамкорлик қилишни билиши кераклиги муҳим деб ҳисобланади.
Эътиборингизга ҳавола этилаётган методик қўлланмада 5-синфга ўтиш даври билан боғлиқ бўлган мослашув даврини бошидан кечираётган ўқувчилар билан олиб бориладиган ишлар бўйича аниқ тавсиялар, методикалар,
ўқувчиларнинг осон мослашиши учун тренинг машғулотлари, ота-оналар йиғилишларини ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилган. Шунингдек, мактаб
маъмурияти ва ҳамкасблар томонидан 5-синфда дарс берадиган фан ўқитувчиларининг дарсларини кузатиш картаси ва ҳар бир фан ўқитувчисининг ўқув-тарбия тизими ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун анкета сўровномасини ўтказиш тавсия этилади.
5-синфга ўтиш даври билан боғлиқ бўлган хавотирланишни бошидан кечираётган ўқувчиларни қандай аниқлаш мумкин? Бунинг учун бир неча методикалар (Филипснинг “Мактабдаги хавотирланиш тести”, Спилбергнинг
“Ўз-ўзини баҳолаш шкаласи”, Тейлорнинг “Хавотирланиш пайдо бўлишининг шахсий шкаласи”) мавжуд. Ушбу тестлар болаларнинг мактабдаги турли вазиятларда стресс холатига тушишини аниқлаш имконини беради.