Тўпни олиб юриш
Тўпни олиб юриш билан ўйинчи ҳар хил жойга кўчиб юриши мумкин. Бунда тўп доим ўйинчи назоратида бўлади. Тўп олиб юришда югуриб (баъзан юриб), тўпга турли хил зарба берилади. Зарбалар кетма-кет ва турлича маромда, оёқ билан ёки бош билан ижро этилади.
Тўпни олиб юриш таснифи 16-расмда берилган. Тўпни олиб юришнинг баъзи усуллари мустақил аҳамиятга эга бўлмай, ўйинда ўз холича камдан-кам қўлланилади. Аммо уларни тўп олиб юришнинг бошқа хиллари билан бирга қўшиб олиб боришяхши самара беради. Масалан, сон ёки бош билан (ҳуққабозликдаги сингари) тўпни олиб юриш ноўрин. Лекин ўйинда кўпинча шундай вазиятлар юзага келадики, унда тўпни олдин бир неча марта бош билан, кейин сон билан ўйнаб, пировардида оёқ билан керакли усулда олиб юришга ўтилади.
Оёқ билан тўп олиб юриш. Тўп олиб юришнинг бу асосий услуби югуриш (гоҳо юриш) ҳамда тўпга оёқ билан турли усулларда зарба бериб боришдан иборат. Юқорида югуриш ва тўпга оёқ билан зарба бериш техникасининг таҳлили алоҳида-алоҳида берилган. Шу боис тўп олиб юришнинг энг муҳим детал ва хусусиятларига тўхталамиз.
Тўпни олиб юрганда, тактик вазифалардан келиб чиқиб, тўпга ҳар хил куч билан зарба берилади. Каттароқ масофани босиб ўтиш керак бўлса, тўпни ўзидан 10-12 м узоқлаштириб югурилади. Бунда рақиб қаршилик кўрсатиши, тўпни олиб қўйиши мумкин. Шунинг учун тўпни узлуксиз назорат қилиб бориш ва ўзидан 1-2 м дан ортиқ узоқлаштириб юбормаслик керак. Шунинг билан бирга тўпга тез-тез зарба беравериш ҳам тўп олиб юриш тезлигини камайтириб юборишини унутмаслик керак.
Кўрилган иккала ҳолда ҳам зарба бериш учун махсус силкинч ҳаракатлар қилишнинг зарурати йўқ. Орқа оёқда депсиниш зарба бериш учун тайёрлов фазаси бўлади. Таянч оёқ тўпнинг ёнгинасига қўйилади. Силкинч оёқ тўп томон ҳаракат қилиб зарба беради.
Тўп олиб юришнинг ўйинда энг кўп қўлланадиган бир нечта тури бор. Улар бир-биридан зарба бериш усули билангина фарқланади (17-расм).
Оёқ юзининг ўрта қисми билан ва оёқ учи билан тўп олиб юрилганда асосан тўғри чизиқли ҳаракат қилинади. Оёқ юзининг ички қисми билан олиб юриш ёй бўйлаб ҳаракатланиш имконини беради. Оёқ кафтининг ички томони билан тўп олиб юриш ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга имкон беради. Оёқ юзининг ташқи қисми билан тўп олиш юришни универсал усул ҳисоблаш мумкин. Бу усул тўғри чизиқ, ёй бўйлаб ҳаракатланиш ва йўналишни ўзгартириш имконини беради.
Сакраб бораётган тўпни олиб юришда оёқ юзининг ўрта қисми билан ёки сон билан зарба берилади. Бунда тўпни эрга туширмай олиб юриш муукин.
Do'stlaringiz bilan baham: |