Хавфли ишлаб чиқариш объектида қўлланиладиган техника қурилмаларини сертификатлаштириш
Хавфли ишлаб чиқариш объектида қўлланиладиган техника қурилмалари саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги жихатидан қонун хужжатларида белгиланган тартибда мажбурий сертификатлаштирилиши керак.
Саноат хавфсизлиги сохасидаги фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш
Саноат хавфсизлиги сохасидаги фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш қонун хужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Саноат хавфсизлиги экспертизаси
Саноат хавфсизлиги экспертизаси экспертиза объектининг унга нисбатан қўйиладиган саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини бахолашдир.
Қуйидагилар белгиланган тартибда саноат хавфсизлиги экспертизасидан ўтказилиши керак:
хавфли ишлаб чиқариш объектини қуриш, кенгайтириш, қайта қуриш, техник жихатдан қайта жихозлаш, консервациялаш ва тугатишга доир лойиха хужжатлари;
хавфли ишлаб чиқариш объектида қўлланиладиган техника қурилмалари;
хавфли ишлаб чиқариш объектидаги бинолар ва иншоотлар;
саноат хавфсизлиги декларацияси ва хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа хужжатлар.
Саноат хавфсизлиги экспертизасини уни ўтказиш учун белгиланган тартибда аккредитацияга эга бўлган ташкилотлар хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланаётган ёки ундан фойдаланишни мўлжаллаётган ташкилот маблағлари хисобидан ўтказади.
Экспертиза хулосаси саноат хавфсизлиги экспертизасининг натижасидир.
Саноат хавфсизлиги экспертизасини амалга ошириш тартиби ва экспертиза хулосасини расмийлаштиришга нисбатан қўйиладиган талаблар махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
Хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авария сабабларини техник жихатдан текшириш
Хавфли ишлаб чиқариш объектидаги хар бир авариянинг вужудга келиши факти бўйича унинг сабабларини техник жихатдан текшириш махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда ўтказилади.
Хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авария сабабларини техник жихатдан текшириш махсус ваколатли давлат органининг вакили бошчилик қиладиган комиссия томонидан ўтказилади. Мазкур комиссия таркибига қуйидагилар киритилади:
худудида хавфли ишлаб чиқариш объекти жойлашган махаллий давлат хокимияти органи вакиллари;
хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланувчи ташкилот вакиллари;
қонун хужжатларига мувофиқ бошқа ташкилотлар вакиллари.
Хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авария сабабларини техник жихатдан текширувчи комиссия текширувга саноат хавфсизлиги, қидирув, лойихалаш, илмий-тадқиқот ишлари, суғурта, ускуналарни тайёрлаш сохасидаги ва бошқа сохалардаги эксперт ташкилотлари, экспертлар ва мутахассисларни жалб этиши мумкин.
Хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланувчи ташкилот ва унинг ходимлари, шунингдек бошқа ташкилотлар ва давлат органлари ўз ваколатлари доирасида хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авария сабабларини техник жихатдан текширувчи комиссияга унинг ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур ахборотни тақдим этишлари шарт.
Хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авария сабабларини техник жихатдан текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилиб, унда авария сабаблари ва холатлари, етказилган зарар миқдори, саноат хавфсизлиги талабларининг йўл қўйилган бузилишлари, хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланувчи ташкилотнинг бу бузилишларга йўл қўйган ходимлари, авариянинг кенгайиб кетишига йўл қўймаслик ва унинг оқибатларини тугатиш учун кўрилган чоралар хамда бундай аварияларнинг олдини олишга қаратилган таклифлар кўрсатилади.
Хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авария сабабларини техник жихатдан текшириш харажатларини молиялаштириш хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланувчи ташкилот томонидан амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |