38-модда. Ишга дахлдор бўлмаган тарафни алмаштириш
Хўжалик суди даъво тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёки даъво бўйича жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан тақдим этилганини аниқласа, ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар, даъвогарнинг розилиги билан дастлабки даъвогар ёки жавобгарнинг ишга дахлдор даъвогар ёки жавобгар билан алмаштирилишига йўл қўйиши мумкин.
Ишга дахлдор бўлмаган тараф хўжалик судининг ташаббуси билан алмаштирилиши мумкин, бироқ даъвогар ўзининг бошқа шахс билан алмаштирилишига рози бўлмаса, бу шахс ишда низо юзасидан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида қатнашишга ҳақли ва бу ҳақда суд ушбу шахсни хабардор қилади.
Агар даъвогар жавобгарни бошқа шахс билан алмаштиришга рози бўлмаса, суд даъвогарнинг розилиги билан бу шахсни иккинчи жавобгар сифатида ишга жалб қилиши мумкин.
Ишга дахлдор бўлмаган тараф алмаштирилганлиги тўғрисида суд ажрим чиқаради.
Ишга дахлдор бўлмаган тараф алмаштирилганидан сўнг ишни кўриш янгидан бошланади.
39-модда. Процессуал ҳуқуқий ворислик
Тарафлардан бири низоли ёки хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган тақдирда (қайта ташкил этилиш, талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши, фуқаронинг ўлими ва бошқа ҳолларда) суд бу тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштириб, бу ҳақда ўз ажрими, ҳал қилув қарори ёки қарорида кўрсатади. Ҳуқуқий ворислик процесснинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин.
Ҳуқуқий ворис процессга киришгунига қадар амалга оширилган барча ҳаракатлар ҳуқуқий ворисга ўрнини бўшатиб берган шахсга қай даражада мажбурий бўлган бўлса, ҳуқуқий ворис учун ҳам шу даражада мажбурийдир.
40-модда. Даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво
талаблари миқдорини ўзгартириш, даъводан воз кечиш,
даъвони тан олиш, келишув битими
Даъвогар хўжалик низоси бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, ёхуд даъводан воз кечишга ҳақли.
Жавобгар даъвони қисман ёки тўла тан олиши мумкин.
Тарафлар ҳар қандай инстанцияда ишни келишув битими билан тамомлашлари мумкин.
Агар даъвогарнинг даъводан воз кечиши, жавобгарнинг даъвони тан олиши ва тарафларнинг келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, хўжалик суди даъводан воз кечишни, даъво талаблари миқдорини камайтиришни, даъвони тан олишни қабул қилмайди, келишув битимини тасдиқламайди. Бундай ҳолларда хўжалик суди ишни мазмунан кўради.
Do'stlaringiz bilan baham: |