66-модда. Ашёвий далилларни қайтариш
Хўжалик судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ашёвий далиллар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга қайтариб берилади ёхуд суд шу ашёларга кимнинг ҳуқуқи бор деб топган бўлса, ўша шахсларга берилади ёки суд белгилайдиган бошқа тартибда реализация қилинади.
Айрим ҳолларда хўжалик суди ашёвий далилларни кўздан кечириб ва текшириб чиққанидан кейин башарти, ашёвий далилларни тақдим этган шахслар уларни қайтариб беришни илтимос қилган бўлсалар ва бундай илтимосноманинг қаноатлантирилиши низонинг тўғри ҳал этилишига зарар келтирмаса, улар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга иш юритиш жараёнида қайтариб берилиши мумкин.
Хўжалик суди ашёвий далилларни қайтариш масалалари юзасидан ажрим чиқаради.
Қонунга мувофиқ айрим шахсларнинг эгалигида туриши мумкин бўлмаган ашёлар тегишли ташкилотларга топширилади.
67-модда. Экспертиза тайинлаш
Ишни кўриш вақтида келиб чиқадиган, махсус билимларни талаб қиладиган саволларни тушунтириб бериш учун хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосига кўра экспертиза тайинлайди.
Ишда иштирок этувчи шахслар хўжалик судига экспертиза ўтказиш вақтида тушунтириб берилиши керак бўлган саволлари ва экспертларнинг номзодлари бўйича таклифларини тақдим этишга ҳақлидирлар.
Экспертизанинг хулосаси талаб қилинадиган саволларнинг узил-кесил мазмунини хўжалик суди белгилайди. Ишда иштирок этувчи шахслар таклиф этган саволларни рад этишни суд асослаб бериши шарт.
Экспертиза тайинлаш тўғрисида хўжалик суди ажрим чиқаради.
68-модда. Экспертиза ўтказиш тартиби
Экспертиза хўжалик суди топшириғига кўра экспертиза муассасаларининг ходимлари ёки бошқа мутахассислар томонидан ўтказилади. Экспертизани ўтказиш бир неча экспертга топширилиши мумкин.
Экспертиза хўжалик судининг мажлисида ёки, агар текширишнинг хусусиятига кўра зарур бўлса ёхуд материалларни мажлисда текшириш учун олиб келиш мумкин бўлмаса ёки уларни олиб келиш қийин бўлса, мажлисдан ташқарида ўтказилади. Ишда иштирок этувчи шахслар экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлишга ҳақлидирлар. Бундай иштирок этиш ёки экспертизани суд мажлисидан ташқарида ўтказиш экспертларнинг нормал ишлашига халақит бериши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно.
Агар экспертизани ўтказиш икки ёки ундан ортиқ экспертга топширилган бўлса, улар ўзаро кенгашишга ҳақлидир. Агар экспертлар умумий хулосага келсалар, улар битта умумий хулоса берадилар. Бошқа экспертларнинг фикрига қўшилмаган эксперт алоҳида хулоса беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |