«Рағбатлантириш» усули – асосан ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасида қўлланилади, бироқ умумий профилактика ҳам бундан мустасно эмас. Умумий профилактикани амалга оширишда рағбатлантириш усули асосан ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг субъектларига нисбатан қўлланилишини кузатиш мумкин. Мақсад, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда субъектларнинг фаоллигини оширишдан иборат.
Буни бевосита республика миқёсида ўтказиладиган «Намунали милиция таянч пункти» кўрик танловида ҳамда ушбу кўрик танловда профилактика инспекторлари ва жамоат тузулмалари аъзоларини рағбатлантириш чора-тадбирларида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 300-моддасига кўра тегишли корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарини ва жамоасини жиноятнинг олдини олиш ёки уни фош этишда фуқаро юксак онглилик, жасорат кўрсатгани, ижтимоий бурчини намунали бажарганлиги тўғрисида хабардор қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ва прокурор – тақдимнома, суднинг эса ажрим чиқариши кабиларда кўриш мумкин.
«Мажбурлаш» усули – ушбу усул ҳам рағбатлантириш усули сингари одатда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектларига нисбатан қўлланади, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси объектларига нисбатан қўлланилиши эса ўз-ўзидан профилактиканинг якка тартибдаги турига айланиб кетади. Шу боисдан, мажбурлаш усули асосан ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасида қўлланади.
Мазкур усулнинг умумий профилактикада қўлланилишини амалдаги Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг нормалари талаблари асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органларининг ваколатли ходимлари томонидан ҳуқуқбузарликнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш чораларини кўриш тўғрисида давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоа ёки мансабдор шахсга тақдимнома ёки суд томонида хусусий ажрим киритилишида кузатиш мумкин.
Бундан ташқари, умумий профилактиканинг амалга оширилишини таъминлашга йўналтирилган, барча фуқарони жиноятларни очиш ва айбдорларни фош этишга ундайдиган амалдаги Жиноят кодексининг 241-моддасида жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш учун жиноий жавобгарликнинг белгиланганлигини ҳам бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Ушбу норма билан барча жисмоний шахслар зиммасига тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида хабар бериш, шунингдек олдиндан ваъда берилмаган бўлса-да, оғир ёки ўта оғир жиноятларни яширмаслик мажбурияти юклатилади. Акс ҳолда қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) жиноят деб баҳоланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |