12-модда. Давлат хавфсизлик хизмати органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари
Давлат хавфсизлик хизмати органлари:
ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;
халқаро жиноий ташкилотлар фаолияти тўғрисидаги ахборотни тўплаш ва таҳлил қилишни, миллий хавфсизликка улардан келиб чиқувчи таҳдид даражасини баҳолашни амалга оширади, тегишли органлар ва муассасаларга зарур ахборотни тақдим этади;
тинчлик ва хавфсизликка қарши ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахсларнинг ҳисобини юритади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
1. Миллий хавфсизлик хизмати органлари қонун ва қонуности ҳужжатларда белгиланган ваколатларга асосланиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади. Бу борада улар ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурлари бўйича таклиф ва тавсиялар бериш ёки ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларининг лойиҳаларини тақдим этиш кабилар орқали иштирок этадилар.
2. Давлат хавфсизлик хизмати органлари қонун ҳужжатларида белгиланган ваколати доирасида миллий хавфсизлик хизмати органлари тизими бўйича (республика, вилоят, туман (шаҳар) кесимида) мавжуд криминоген вазият ҳамда жиноятчиликнинг сабаб ва шароитлари таҳлилидан келиб чиқиб ёки ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан тасдиқланган давлат ёхуд ҳудудий дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир соҳавий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширилишини таъминлайди.
Давлат хавфсизлик хизмати органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан тасдиқланган давлат ва ҳудудий дустурларнинг ижросини таъминлаш жараёнида соҳавий дастурларни республика, вилоят, туман (шаҳар) кесимида юқоридан қуйига бўйсинувчи шаклда ишлаб чиқадилар, тасдиқлайдилар ва амалга оширадилар.
3. Давлат хавфсизлик хизмати органлари ҳуқуқбузарликларнинг умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикасини амалга оширади. Айниқса, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклиф, тавсия ва профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқади, шунингдек уларнинг амалга оширилишини таъминлайди.
4. Давлат хавфсизлик хизмати органлари қонун ҳужжатлари асосида берилган ваколатлари доирасида халқаро жиноий ташкилотлар фаолияти тўғрисидаги ахборотни тўплайди, таҳлил қилади ва таҳлиллар асосида миллий хавфсизликка хавф солувчи таҳдидлар даражасини баҳолайди ҳамда бу ҳақда тегишли органлар ва муассасаларга зарур ахборотларни тақдим этади.
5. Давлат хавфсизлик хизмати органлари тинчлик ва хавфсизликка қарши ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган ёки содир этган шахсларнинг ҳисобини юритади. Уларнинг ижтимоий хаётдаги ўрни ва ролини, юриш-туриш ҳамда ижтимоий алоқалари бўйича бевосита ёки билвосита ошкора ёхуд ноошкора тарзда назоратни амалга оширадилар.
6. Давлат хавфсизлик хизмати органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар, хусусан, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
7. Давлат хавфсизлик хизмати органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳам муайян ваколатларни амалга ошириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |