8-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;
аҳолининг ижтимоий муҳофаза қилинишини таъминлашга, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни кўради;
тегишли ҳудудда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
1. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги (туманга бўйсунадиган шаҳарлар, шунингдек шаҳарлар таркибига кирувчи туманлардан ташқари) давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари (халқ депутатлари Кенгашлари) ва ҳокимлардан иборатдир.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари» деб номланган XXI боби ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрь куни қабул қилинган «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунида келтирилган ваколатларга асосланиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади. Бу борада улар ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурлари бўйича таклиф ва тавсиялар бериш ёки ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларининг лойиҳаларини тақдим этиш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини Вазирлар Маҳкамаси мажлисида кўриб чиқилишида қатнашиш орқали иштирок этишлари мумкин.
2. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларида белгиланган ваколати доирасида ўзи фаолият юритаётган маъмурий худуддаги криминоген вазият ҳамда жиноятчиликнинг сабаб ва шароитлари таҳлилидан келиб чиқиб ёки маъмурий ҳудудда фаолият олиб бораётган ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ва муассасалар, шунингдек прокуратура органлари ҳузурида тузилган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашларнинг таклиф ва тавсияси ёхуд тақдим этган ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир ҳудудий дастур лойиҳасига асосланиб, шу билан бирга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан тасдиқланган давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширилишини таъминлайди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан тасдиқланган давлат дустурларининг ижросини таъминлаш жараёнида худудий дастурларни вилоят, туман, шаҳар кесимида юқоридан қуйига бўйсинувчи шаклда ишлаб чиқадилар, тасдиқлайдилар ва амалга оширадилар.
3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 24 ва 25-моддаларида белгиланган ваколатларга асосланиб аҳолининг ижтимоий муҳофаза қилинишини таъминлашга, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни кўради. Шунингдек, жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўради, табиий офатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолларда тегишли ишларни ташкил этади.
4. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 4, 5, 24 ва 25-моддаларида ўрнатилган тартибда тегишли ҳудудда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.
5. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун ва Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқбузарликлар профилактикасини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Қорақалпоғистон Республикасида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари ва тегишли ҳокимларнинг бу борадаги фаолияти эса Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун ва Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан тартибга солинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |