14-модда. Давлат божхона хизмати органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари
Давлат божхона хизмати органлари:
ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;
божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, божхона тўловларининг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга оширади;
божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;
божхона соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳисобини юритади, мазкур маълумотларнинг таҳлилини амалга оширади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
Давлат божхона хизмати органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
1. Давлат божхона хизмати органлари Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августда қабул қилинган «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги қонунида келтирилган ваколатларга асосланиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади. Бу борада улар ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурлари бўйича таклиф ва тавсиялар бериш ёки ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларининг лойиҳаларини тақдим этиш кабилар орқали иштирок этадилар.
2. Давлат божхона хизмати органлари қонун ҳужжатларида белгиланган ваколати доирасида давлат божхона хизмати тизими бўйича (республика, вилоят, туман (шаҳар) кесимида) мавжуд криминоген вазият ҳамда жиноятчиликнинг сабаб ва шароитлари таҳлилидан келиб чиқиб ёки ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан тасдиқланган давлат ёхуд ҳудудий дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир соҳавий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширилишини таъминлайди.
Давлат божхона хизмати органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан тасдиқланган давлат ва ҳудудий дустурларнинг ижросини таъминлаш жараёнида соҳавий дастурларни республика, вилоят, туман (шаҳар) кесимида юқоридан қуйига бўйсинувчи шаклда ишлаб чиқадилар, тасдиқлайдилар ва амалга оширадилар.
3. «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига кўра божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш, божхона назоратидан ўтказилиши керак бўлган товарлар ва транспорт воситалари шундай назоратдан ўтказилишини таъминлаш Давлат божхона хизмати органларининг асосий вазифаларидан саналади. Мазкур вазифалар Давлат божхона хизмати органлари ички норматив ҳужжатларида белгиланган асосларда ва тартибда бажарилади.
4. Давлат божхона хизмати органлари божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни амалдаги Жиноят-процессуал кодекси (Олтинчи бўлимида) ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (196, 313-моддаларида) белгиланган тартибга кўра аниқлайди ва бартараф этиш чораларини кўради.
5. Давлат божхона хизмати органлари Давлат божхона хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўра божхона соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳисобини юритади, мазкур маълумотларнинг таҳлилини амалга оширади.
6. Давлат божхона хизмати органларининг бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Мазкур нормага асосан божхона органлари ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни давлат бошқарувининг бошқа органлари ва давлат ҳокимияти маҳаллий органлари билан ҳамкорликда бажарадилар. Ушбу органлар божхона назоратини амалга ошириш ҳамда божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига қарши курашда божхона органларига кўмаклашишлари шарт ҳисобланади.
Божхона органлари ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида бошқа органлар ва ташкилотлар билан аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича мавжуд материаллар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек бошқа ахборотни қонун ҳужжатларида ва битимларда белгиланган тартибда ўзаро алмашадилар.
7. Давлат божхона хизмати органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳам муайян ваколатларни амалга ошириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |