V боб.
ТЕМИР ЙЎЛ, ЮК ЖЎНАТУВЧИЛАР ВА ЮК ОЛУВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
49. Ташиш чоғида юкларнинг йўқотилиши, камайиб қолиши, бузилиши ва уларга зиён етишининг олдини олиш учун идишга солиш талаб этиладиган юклар юк жўнатувчилар томонидан ташиш учун давлат стандартларига мос келувчи соз идишда, идишига ва ўровига стандартлар белгиланмаган юклар эса уларнинг тўлиқ бутлигини таъминловчи соз идишда тақдим этилиши керак.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ташиш чоғида юкнинг бутлигини таъминловчи ностандарт идишда ташиш учун қабул қилиниши мумкин.
50. Темир йўл ташиш учун юк жўнатувчи томонидн эълон қилинган қийматдаги юкларни қабул қилиши мумкин. Эълон қилинган қиймат юкнинг ҳақиқий қийматидан юқори бўлмаслиги лозим. Юк жўнатувчи билан жўнатиш темир йўл станцияси ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан ҳолда юкнинг қиймати экспертиза томонидан белгиланиб, бу ҳақида далолатнома тузилади.
Қийматини эълон қилиш шарт бўлган юклар, шунингдек, қиймати эълон қилинишига йўл қўйилмайдиган юклар рўйхати Юкларни ташиш қоидалари билан белгиланади.
51. Юк ортиш муайян йуналишларда фақатгина истисно тариқасида қуйидаги холатларда тақиқланади:
бу ҳақида бошқа давлатларнинг темир йўл маъмуриятларини олдиндан хабардор қилган ҳолда темир йўл раҳбарининг ўз ташабусига кўра қабул қилинган қарори билан;
бошқа давлатлар темир йўл маъмуриятларининг ташаббусига кўра.
Енгиб бўлмайдиган куч шароитлари, табиий офат ҳодисалари, ҳарбий ҳаракатлар, қамал, эпидемияларнинг таъсири ҳамда фавқулодда хусусиятга эга бўлган ва юкларни ташишга, ортишга тўсқинлик қилувчи бошқа ҳолатларда юкларни ташиш ва ортиш темир йўл раҳбарининг қарори билан қарорнинг амал қилиш муддати белгиланган ҳолда вақтинчалик тўхтатилиши ёки чекланиши мумкин. Юкларни ортиш тўхтатилганлиги ёки чекланганлиги ҳақида темир йўл юк жўнатувчиларни темир йўл станциясининг бошлиғи орқали хабардор қилади.
52. Юкларни вагонларга ортиш, шунингдек, уларни вагонлардан тушириш:
а) зарур қурилмалар ва механизмларга эга бўлган умумий фойдаланишдаги жойларда, хавфли, тез бузиладиган ва Юкларни ташиш қоидаларида кўрсатилган бошқа юкларни истисно этган ҳолда – темир йўл томонидан;
б) умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда, шунингдек, умумий фойдаланишдаги жойларда (хавфли ва тез бузиладиган юклар, хом ҳайвоний маҳсулотлар, оғир вазнли (бир ўринда 0,5 тоннадан ортиқ) ҳамда идишларга қуйилган, сочма тарзда юклаб (тўкиб) махсус ҳаракатдаги таркибда ва юк жўнатувчиларнинг ёки юк олувчиларнинг кузатиб борувчилари ҳамроҳлигида ташиладиган ногабарит юклар) – юк жўнатувчи ва юк олувчи томонидан амалга оширилади.
Юк жўнатувчилар ёки юк олувчилар билан тузилган алоҳида шартнома бўйича темир йўл умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда юклаш-тушириш ишларининг бажарилишини ўз зиммасига олиши мумкин мазкур банднинг «б» кичик бандида кўрсатилган юклар бундан мустасно.
Темир йўлнинг кучи ва воситалари ёрдамида амалга оширилган юкларни ортиш ва тушириш ишлари учун юк жўнатувчилар ва юк олувчилар тузилган шартномаларга мувофиқ тўловни амалга оширишлари шарт.
53. Темир йўл юкларни ортиш учун соз, ушбу юкни ташиш учун яроқли бўлган, юк қолдиқлари ва аҳлатлардан тозаланган, зарур ҳолларда эса ювилган ва дезинфикцияланган вагонлар ва контейнерларни бериши шарт. Алоҳида ҳолатларда, юк жўнатувчининг розилиги билан, темир йўл бир хил турдаги юкни ортиш учун тозаланмаган ва ювилмаган вагонларни бериши мумкин.
Қуйиладиган юкни (маҳсулотни) қуйиш учун унинг турига мос келувчи цистерналар ва бункер ярим вагонлар берилиши керак.
Цистерналар ва бункер ярим вагонларни юк (маҳсулот) қуйиш учун тайёрлаш темир йўл билан юк жўнатувчилар ўртасида тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.
Махсус цистерналарни юк (маҳсулот) қуйиш учун тайёрлаш юк жўнатувчи томонидан амалга оширилади.
Ҳаракатдаги таркибнинг тижорат нуқтаи назаридан ушбу юкни ташиш учун яроқлилиги:
вагонлар – юк жўнатувчи томонидан, агар юклаш унинг воситалари билан амалга оширилса, ёки темир йўл томонидан, агар юклаш темир йўл воситалари билан амалга оширилса;
контейнерлар, цистерналар ва бункер ярим вагонлар – юк жўнатувчи томонидан белгиланади.
54. Вагонлар ва контейнерларга юк ортишнинг техник меёрлари темир йўл томонидан вагоннинг (контейнернинг) юк кўтариш қобилиятидан ёки сиғимидан имкон қадар фойдаланиш ҳамда юкларни ташиш учун тайёрлашнинг оқилона усуллари (пресслаш, пакетларга жойлаш, идишларга солиш, узеллар бўйича қисмларга ажратиш ва ҳ.к.)ни ҳисобга олган ҳолда юкларнинг бутлигини ва уларнинг вагонда (контейнерда) жойланишини таъминлаш заруратидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Юк жўнатувчи вагонлар ва контейнерни белгиланган техник нормалардан кам бўлмаган даражада юклаши шарт.
Темир йўл раҳбари юк жўнатувчилар билан келишилган ҳолда ташиладиган юкнинг хусусиятлари ва сифатига ҳамда ҳаракатдаги таркибнинг турига қараб вагонлар ва контейнерни юклашнинг маҳаллий техник нормаларини белгилаши мумкин.
Очиқ ҳаракатдаги таркибга юкларни ортиш ҳаракатдаги таркибнинг ҳажмидан тўлиқ фойдаланилгунга қадар, лекин унинг юк кўтариш қобилиятидан юқори бўлмаган даражада амалга оширилиши лозим.
Очиқ ҳаракатдаги таркибда ташиш учун рухсат этиладиган юкларнинг рўйхати Юкларни ташиш қоидалари билан белгиланади.
Улар бўйича ортишнинг техник нормалари белгиланмаган юклар вагонларнинг (контейнерларнинг) сиғимидан тўлиқ фойдаланилгунга қадар, лекин унинг юк кўтариш қобилиятидан юқори бўлмаган даражада ортилиши керак.
Жўнатиш темир йўл станциясида юк кўтариш қобилиятидан юқори даражада юкланган вагон (контейнер) аниқланган ҳолларда юк жўнатувчи темир йўлнинг талабига кўра ортиқча юкни тушириши шарт.
Юк жўнатувчи юк ортишни Юкларни ташиш қоидаларига ва Юкларни ортиш техник шартларига риоя қилган ҳолда амалга ошириши шарт.
Юклар ортилганидан кейин юк жўнатувчи вагонларнинг ташқи юзасини ортилган юкнинг қолдиқларидан тозалаши шарт.
55. Ташиладиган юкларни ортиш учун зарур бўлган ташиш мосламалари ва материаллари юк жўнатувчилар томонидан тайёрланиши керак.
Юклаш вақтида ташиш мосламаларини ўрнатиш ва юкларни тушириш вақтида уларни ечиш юкларни ортиш ва тушириш, кимнинг воситалари билан амалга оширилганига мувифиқ тарзда юк жўнатувчи, юк олувчи ёки темир йўл томонидан бажарилади.
Ўрнатилган ташиш мосламалари ҳақида юк жўнатувчи юк хатида кўрсатиши мумкин.
Вагонларга тўсиқлар ва панжаралар ўрнатиш, уларни маҳкамлаш, вагонлар люкларига панжара ўрнатиш, шунингдек, ёғоч-тахталарни боғлаш ва бошқа қўшимча ишлар ташиш мосламаларининг тўғри ўрнатилиши ва маҳкамланиши учун жавобгар ҳисобланган юк жўнатувчи томонидан амалга оширилади.
Юк жўнатувчига тегишли бўлган барча ташиш мосламалари тайинланган темир йўл станциясида юк олувчига юк билан бирга берилади.
56. Юкларни ортиш ва туширишни юк жўнатувчилар (юк олувчилар) белгиланган муддатларда амалга оширишлари шарт.
Умумий ва умумий бўлмаган фойдаланишдаги жойларда юкларни юк жўнатувчилар ва юк олувчиларнинг воситалари билан ортиш ва тушириш муддатлари темир йўл томонидан:
а) юкларни механизацияланган усул билан ортиш ва туширишда – қўлланиладиган механизациялаш воситаларини, ортиш ва тушириш учун мўлжалланган қурилмалар ва иншоотларни ва улардан максимал фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаш йўли билан;
б) юкларни механизацияланмаган усул билан ортиш ва туширишда – Юкларни ташиш қоидаларида назарда тутилган белгиланган муддатларда белгиланади.
Оралиқ темир йўл станцияларида юкларни ортиш ва тушириш муддатлари мазкур участкада манёврли ишнинг ташкил этилишини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
57. Темир йўл станциясининг бошлиғи юк жўнатувчини ёки юк олувчини юкларни юк жўнатувчининг ёхуд юк олувчининг воситалари билан ортиш ва тушириш учун вагонларни бериш вақти ҳақида вагонлар берилишидан камида 2 соат олдин хабардор қилиши шарт.
58. Юк олувчи вагондан (цистернадан) ва контейнердан юкни тўлиқ тушириши шарт.
Юклар туширилганидан (тўкилганидан) кейин вагонда (цистернада) юкнинг қолдирилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Юк туширилганидан кейин вагонлар ва контейнерлар ҳам ички, ҳам ташқи томондан тозаланиши керак.
Юк туширилганидан кейин вагонларни тозалаш, агар юкни тушириш юк олувчининг воситалари билан амалга оширилган бўлса, у томонидан ёки, агар юкни тушириш темир йўлнинг воситалари билан амалга оширилган бўлса, темир йўл томонидан бажарилади.
Контейнерларни тозалаш барча ҳолатларда юк олувчи томонидан амалга оширилади.
Ҳайвонлар, паррандалар, хом ҳайвоний маҳсулотлари ва тез бузиладиган юклар ташилганидан кейин вагонларни тозалаш, ювиш ва зарур ҳоларда дезинфекция қилиш юк олувчининг воситалари билан ёки темир йўл томонидан юк олувчининг ҳисобидан амалга оширилади.
Юк олувчининг воситалари билан вагонларни ифлослантирувчи ва сассиқ юклар туширилганидан кейин вагонларни ювиш юк олувчи томонидан ёки темир йўл томонидан юк олувчининг ҳисобидан амалга оширилади. Бундай юклар рўйхати темир йўл томонидан белгиланади.
Цистерналар ва бункер ярим вагонларнинг ташқи юзасини маҳсулотларни қуйиш ва тўкишдан кейинги ифлосланишдан тозалаш тегишли юк жўнатувчи ёки юк олувчи томонидан амалга оширилади.
Маҳсулотларни цистерналар ва бункер ярим вагонлардан тўкиш қозон ва бункернинг ички юзасидан ёпишқоқ маҳсулотлар олиб ташланган ҳолда тўлиқ амалга оширилади (стандартларда қолдиқларнинг мавжуд бўлишига йўл қўйиладиган ҳолатлар бундан мустасно).
Юк жўнатувчи билан юк олувчи ўртасидаги келишувга кўра маҳсулотлар тўкилганидан кейин махсус цистерналарнинг ички юзасини тозалаш амалга оширилмаслиги мумкин.
Темир йўл юклар туширилганидан ёки тўкилганидан кейин вагонлар ва контейнерларни улар тозалангунга қадар қабул қилмасликка ва юк олувчидан вагонларнинг бекор туриб қолганлиги ва контейнерни тўхтатиб турганлик учун мазкур Уставнинг 132-бандига мувофиқ жарима ундиришга ҳақли.
Юк жўнатувчи ҳам цистерналар ва бункер ярим вагонларда рухсат этиладиган нормалардан ортиқча маҳсулот қолдиқлари аниқланган ҳолларда цистерналар ва бункер ярим вагонларнинг темир йўлларнинг ювиш-буғлаш станцияларида тозалаш вақтида бекор туриб қолганлиги учун жарима тўлайди.
59. Юк жўнатувчи томонидан сочма тарзда, шундай ўзини юклаб (тўкиб), қуйиб ва контейнерларда ташиладиган юкларнинг топширилишида ва темир йўл томонидан уларнинг қабул қилинишида уларнинг оғирлиги аниқланиши ва юк хатида кўрсатилиши керак.
Идишли ва донали юклар юк хатида оғирлиги ва юк ўринларининг сони кўрсатилган ҳолда ташилади.
Идишли ва донали юкларнинг оғирлиги улар ташиш учун тақдим этилгунга қадар аниқланади ва юк ўринлари ҳисобида кўрсатилади.
Сочма тарзда, шундай ўзини юклаб (тўкиб), қуйиб ташиладиган юклар, шунингдек, товар тарозиларида оғирлигини ўлчаб бўлмайдиган бошқа юклар вагон тарозиларида тортилади.
Сочма тарзда, шундай ўзини юклаб (тўкиб) ташилиши мумкин бўлган юкларнинг рўйхати Юкларни ташиш қоидалари билан белгиланади.
Юкнинг умумий оғирлиги тарозиларда тортиш ёки юк ўринларидаги оғирликни трафарет ёхуд стандарт бўйича санаш орқали аниқланади. Алоҳида юкларнинг оғирлиги ҳисоблаш йўли билан, сатҳини ўлчаш орқали ёки шартли равишда аниқланиши мумкин (цистерналардаги нефть маҳсулотлари, ёғоч-тахта юклар ва ҳ.к.).
Оғирликни аниқлаш усулини юк жўнатувчи юк хатида кўрсатиши шарт.
60. Юкларнинг оғирлигини аниқлаш:
а) умумий фойдаланишдаги жойларда юкларни темир йўлнинг кучлари ва воситалари билан ортишда – темир йўл томонидан;
б) умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда, шунингдек, умумий фойдаланишдаги жойларда юкларни юк жўнатувчининг кучлари ва воситалари билан ортишда – юк жўнатувчи томонидан амалга оширилади.
Юкларнинг оғирлигини трафарет бўйича, стандарт бўйича, ҳисоблаш йўли билан, сатҳини ўлчаш орқали ёки шартли равишда аниқлаш барча ҳолатларда юк жўнатувчи томонидан амалга оширилади.
Сочма тарзда ўзини юклаб (тўкиб) ташиладиган ғалла дон юклари, мойли ва дуккакли экинлар уруғлари, кепаклар ва омихта-емнинг оғирлиги юк жўнатувчи томонидан тарозиларда аниқланади ва юк хатида унинг имзоси билан тасдиқланади; юк жўнатувчида вагон ёки элеватор тарозилар мавжуд бўлмаган ҳолларда оғирликни аниқлаш жўнатиш темир йўл станциясининг вагон тарозиларда (улар мавжуд бўлган ҳолларда) темир йўл томонидан юк жўнатувчи билан биргаликда амалга оширилади ва юк хатида уларнинг имзоси билан тасдиқланади.
Юкнинг оғирлиги темир йўл томонидан ўлчанганлиги учун юк жўнатувчидан шартнома бўйича қўшимча ишлар ва хизматлар учун тўлов ундирилади.
61. Юкланган цистерналар, ёпиқ, изотермик ва ихтисослашган вагонлар:
а) юк темир йўл томонидан ортилганда темир йўлнинг ёпиш- тамгалаш қурилмалари (пломбалар) билан;
б) ортиш юк жўнатувчи томонидан амалга оширилганда юк жўнатувчининг ёпиш-тамгалаш қурилмалари (пломбалар) билан тамгаланиши керак.
Ёпиш-тамгалаш қурилмаларисиз (пломбаларсиз) вагонларда ташиш учун рухсат этиладиган юклар рўйхати, ёпиш-тамгалаш қурилмаларини (пломбаларни) тайёрлаш техник шартлари, шунингдек, вагонлар ва контейнерларни тамгалаш (пломбалаш) тартиби Юкларни ташиш қоидалари билан белгиланади.
Ёпиш-тамгалаш қурилмалари (пломбаларни), ёпиш (пломбалаш) тамғалари, вагонлар ва контейнерларни тамгалаш (пломбалаш) учун сим юк жўнатувчига темир йўл томонидан тақдим этилади.
62. Юк жўнатувчилардан майда жўнатмаларни темир йўл станцияларининг омборхоналари орқали қабул қилиш йўналишлар бўйича юклаш тақвим жадвалига мувофиқ амалга оширилади. Ушбу темир йўл станцияси учун белгиланган кунлар ва йўналишлар бўйича майда жўнатмаларни қабул қилиш жадвали юк жўнатувчиларга эълон қилиниши керак. Уй буюмлари ташиш учун тақдим этилган кунда қабул қилиннади.
Юк жўнатувчилар юкларни алоҳида вагонларда (терма) майда жўнатмалар билан жўнатишлари мумкин. Бундай ҳолатларда вагонлар терма вагонларни шакллантириш режасига ва уларни юклаш ўрнатилган меёрларига мувофиқ майда жўнатмалар билан юкланиши лозим.
63. Темир йўл юкларни тайинланган жойга белгиланган муддатларда етказиб бериши шарт.
Юкларни етказиб бериш муддатлари ва юкларни етказиб бериш муддатларини ҳисоблаш қоидалари Юкларни ташиш қоидалари билан белгиланади.
Юкларни етказиб бериш муддатларини ҳисоблаш юк ташиш учун қабул қилинган куни соат 24.00 дан бошланади.
Юк ташиш учун тайинланган юклаш кунидан олдин қабул қилинганда уни етказиб бериш муддати ушбу юк ортилиши лозим бўлган куни соат 24.00 дан бошлаб ҳисобланади.
Агар тайинланган темир йўл станциясида юк етказиб бериш муддати тугагунга қадар темир йўлнинг воситалари билан тушириш учун, ёки агар юк ортилган вагон (контейнер) юкни юк олувчининг воситалари билан тушириш учун берилса, юк муддатида етказиб берилган ҳисобланади.
Тушириш фронтининг бандлиги туфайли ёки юк олувчига боғлиқ бўлган бошқа сабабларга кўра вагонларни (контейнерларни) бериш кечиктирилганда юк, агар у тайинланган темир йўл станциясига белгиланган етказиб бериш муддати тугагунга қадар келган бўлса, муддатда етказиб берилган ҳисобланади.
64. Темир йўл юк олувчини унинг манзилига келган юк ҳақида юк келган куни ва ҳар қандай ҳолатда, кейинги куни соат 12.00 дан кечиктирмай хабардор қилиши керак. Хабар бериш тартиби ва усуллари темир йўл станциясининг бошлиғи томонидан белгиланади. Юк олувчи уни юкнинг келганлиги ҳақида хабардор қилиш усулини кўрсатиши мумкин.
Агар темир йўл ўз айби билан юк олувчини юкнинг келганлиги ҳақида хабардор қилмаса, у ҳолда юк олувчи вагонлар ва контейнерларнинг бекор туриб қолганлиги учун жавобгар бўлмайди ва юкнинг келганлиги ҳақидаги хабарнома юборилгунга қадар юкни сақлаганлик учун йиғимни тўлашдан озод этилади.
65. Юк олувчи ўзининг манзилига келган юкни қабул қилиши ва темир йўл станциясидан олиб кетиши шарт. Юкларни олиб кетиш муддатлари ва сақлаш тартиби Юкларни ташиш қоидалари билан белгиланади.
Етиб келган юклар тайинланган темир йўл станциясида 24 соат мобайнида бепул сақланади. Ушбу муддат юк ёки контейнер темир йўлнинг воситалари билан туширилган куни соат 24.00 дан бошлаб ёхуд вагон юк олувчининг воситалари билан тушириш учун берилган куни соат 24.00 дан бошлаб ҳисобланади. Юкни темир йўл станциясида кўрсатилган муддатдан ортиқча сақлаб турганлик учун шартнома тарифида назарда тутилган миқдорда тўлов ундирилади.
Темир йўл станциясидан юкларнинг ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаганлигида айбдор бўлган юк олувчилар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
66. Юк жўнатувчи билан юк олувчи ўртасида тузилган етказиб бериш шартномасида назарда тутилмаган юк келган тақдирда юк олувчи темир йўл станциясидан бундай юкни масъулиятли сақлаш учун қабул қилиб олиши шарт.
Юк олувчи, фақат бузилиши ёки зарарланиши оқибатида юкнинг сифати ундан тўлиқ ёхуд қисман фойдаланиш имкониятини истисно этадиган даражада ўзгарган тақдирда, юкни қабул қилишни рад этиши мумкин.
Юк олувчи томонидан ўз вақтида туширилмаганлиги ва олиб чиқиб кетилмаганлиги, шунингдек, вагонларнинг юк олувчига боғлиқ бўлган сабабларга кўра темир йўл шоҳобчаларида ва темир йўл станцияларида тўхтаб туриши оқибатида юкнинг бузилиши ва зарарланиши учун жавобгарлик юк олувчининг зиммасида бўлади.
67. Юклар тайинланган темир йўл станциясида юк хатида кўрсатилган темир йўлга тўланиши лозим бўлган барча тўловлар амалга оширилганидан кейин юк олувчига топширилади.
Юк олувчи йўл қайдномасига юкни олганлиги ҳақида имзо чекади.
68. Темир йўл тайинланган темир йўл станциясига келган юкни юк хатида кўрсатилган юк олувчига ушбу юк олувчининг бу ерда ҳозир бўлмаганлиги сабабли топшириш имкониятига эга бўлмаган ҳолларда, темир йўл юк борасида юк жўнатувчининг кўрсатмаси бўйича иш кўради, бунда юк жўнатувчи темир йўлдан юкни юк олувчига топширишнинг имконияти йўқлиги ҳақидаги хабарни олганидан кейин 3 суткалик муддат ичида ана шундай кўратмани бериши шарт.
Темир йўл юкни етказиб бериш имкониятига эга бўлмаган ҳолларда (ҳаракатланиш йўлида ташишга тўсқинлик қилувчи омилларнинг пайдо бўлиши), темир йўл юк борасида юк жўнатувчининг кўрсатмаси бўйича йўл тутади, бунда юк жўнатувчи темир йўлдан юкни юк олувчига беришнинг имконияти йўқлиги ҳақидаги хабарни олганидан кейин 5 суткалик муддат ичида, тез бузиладиган юк бўйича эса – бир сутка мобайнида ана шундай кўратмани бериши шарт.
Юк жўнатувчидан белгиланган муддатларда фармойиш олинмаган ҳолларда темир йўл юкни сотишга ва сотишдан тушган суммани Юкларни ташиш қоидаларига мувофиқ ушбу юк бўйича ўз харажатларини қоплаш учун ишлатишга ҳақли.
Сотилиши лозим бўлган юклар белгиланган тартибда баҳолаш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар томонидан баҳоланади.
69. Сотилган юк қийматининг суммаси харидор томонидан темир йўл ҳисобига қуйидаги тартибда ўтказилади: ушбу юкни ташиш ва сотиш харажатларини қоплаш учун темир йўлга тўланиши лозим бўлган сумма темир йўлнинг даромад ҳисоб рақамига, суманинг қолган қисми эса темир йўлнинг иккиламчи жамғариб бориладиган ҳисоб рақамига ўтказилади.
Белгиланган муддатларда етиб келмаган юк учун эътироз билдирилган ҳолларда юк олувчига фақат иккиламчи жамғариб бориладиган ҳисоб рақамига келиб тушган сумма қопланади. Тайинланган жойга етказиб берилмаган юклар учун темир йўлнинг иккиламчи жамғариб бориладиган ҳисоб рақамидан талаб қилиб олинмаган сумма эътироз билдириш учун белгиланган муддат ниҳоясига етгач белгиланган тартибда давлат бюджетининг даромадига ўтказилади.
Темир йўл томонидан ҳужжатсиз юкни сотишдан олинган сумма юклар қидириш харажатларини ва тайинланган жойга етиб келмаган юклар учун эътирозлар бўйича тўланган суммаларни қоплаш учун темир йўлнинг даромадига ўтказилади.
70. Тайинланган темир йўл станциясида темир йўл қуйидаги ҳолатларда юкнинг оғирлигини, жойлар сонини ва юкнинг ҳолатини текшириши шарт:
вагон носозлик хусусияти ташилаётган юкнинг бутлигига таъсир этиши мумкин бўлган носоз вагонда келган бўлса;
юк қулфлаш-пломбалаш қурилмаларисиз (пломбаларсиз), зарарланган қулфлаш-пломбалаш қурилмалари (пломбалар) билан ёки йўлдаги темир йўл станцияларининг қулфлаш-пломбалаш қурилмаларига (пломбаларига) эга бўлган вагонда келган бўлса, агар ташиш ҳужжатларида қулфлаш-пломбалаш қурилмаларининг (пломбаларнинг) мавжудлиги тўғрисида белги бўлса;
юк очиқ ҳаракатдаги таркибда ёки қулфлаш-пломбалаш қурилмаларисиз (пломбаларсиз) ёпиқ вагонларда ташиш чоғида (бундай ташиш Юкларни ташиш қоидаларида назарга тутилган ҳолларда) камомад, бузилиш ёхуд зарарланиш белгилари билан келган бўлса;
тез бузиладиган юк ушбу юкни етказиб бериш муддати бузилган ҳолда келган бўлса;
темир йўл томонидан ортилган юк жўнатиш темир йўл станциясининг зарарланмаган қулфлаш-пломбалаш қурилмалари (пломбалари)га эга бўлган соз вагонларда, шунингдек, очиқ ҳаракатдаги таркибда ёки қулфлаш-пломбалаш қурилмаларисиз (пломбаларсиз) ёпиқ вагонларда ташиш чоғида (бундай ташиш Юкларни ташиш қоидаларида назарга тутилган ҳолларда) камомад, бузилиш ёхуд зарарланиш белгиларисиз келган бўлса;
умумий фойдаланишдаги жойлардан темир йўл томонидан ортилган юклар берилганда.
Юқорида кўрсатилган ҳолатларда идишли ва донали юклар темир йўл томонидан фақат зарарланган жойлардаги юкнинг оғирлиги ва ҳолати текширилган ҳолда берилади. Идишнинг зарарланганлиги ёки юкнинг ҳолатига таъсир этиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар аниқланган тақдирда, темир йўл зарарланган жойлардаги юкни зарарланган жойларни очиб, фактуралар ва счётлар бўйича текширишни амалга ошириши шарт.
Агар юкнинг жўнатиш темир йўл станциясида аниқланган оғирлиги билан тайинланган темир йўл станциясида аниқланган оғирлиги ўртасидаги фарқ тарозилар кўрсаткичидаги фарқ қилиш меёрларидан ёки юкларни тортиш аниқлиги меёрларидан, шунингдек, ушбу юк оғирлиги табиий камайишининг Юкларни ташиш қоидаларида белгиланган меёрларидан юқори бўлмаса, юкнинг оғирлиги тўғри деб ҳисобланади.
Юк жўнатувчининг воситалари билан ортилган ва юк жўнатувчининг зарарланмаган қулфлаш-пломбалаш қурилмалари (пломбалари)га эга бўлган соз вагонларда, шунингдек, очиқ ҳаракатдаги таркибда ёки қулфлаш-пломбалаш қурилмаларисиз (пломбаларсиз) ёпиқ вагонларда ташиш чоғида (бундай ташиш Юкларни ташиш қоидаларида назарга тутилган ҳолларда) камомад, бузилиш ёхуд зарарланиш белгиларисиз келган юкларни топшириш темир йўл томонидан жойлар сони, юкнинг оғирлиги ва ҳолатини текширмасдан амалга оширилади.
Юк олувчининг талабига кўра юкнинг оғирлигини ва ҳолатини кўрикдан ўтказганлик учун темир йўл шартномада кўрсатилган тарифда назарда тутилган тартиб ва миқдорларда тўлов ундиради.
71. Агар тайинланган темир йўл станциясида жойлар сонини, юкнинг оғирлигини ёки ҳолатини текшириш чоғида юкнинг камомади, бузилганлиги ёхуд зарарланганлиги аниқланса ёки агар ушбу ҳолатлар ҳаракатланиш йўлида тузилган тижорат ҳужжати билан белгиланган бўлса, темир йўл тайинланган темир йўл станциясида юкнинг ҳақиқий камомади, бузилганлиги ёхуд зарарланганлиги миқдорини аниқлаши шарт.
Экспертиза ўтказиш зарурати туғилган ҳолларда темир йўл ўз ташаббуси билан ёки юк олувчининг талабига кўра экспертларни ёхуд тегишли мутахассисларни таклиф қилади.
72. Темир йўл контейнерларда, транспорт пакетларида ва тагликларда юклар ташувларини ривожлантиради. Юкларни ташиш учун универсал ва ихтисослаштирилган контейнерлар қўлланилади.
Универсал контейнерлар темир йўлнинг ёки юк жўнатувчиларнинг (хусусий) тасарруфида бўлиши мумкин.
Юкларни контейнерларга ортиш ва улардан тушириш юк жўнатувчилар ва юк олувчилар томонидан амалга оширилади.
Контейнерларни темир йўл вагонларига ва автомобилларга ортиш ва улардан тушириш:
а) умумий фойдаланишдаги жойларда – темир йўл томонидан;
б) умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда – юк жўнатувчилар ва юк олувчилар томонидан амалга оширилади.
Универсал ва ихтисослаштирилган контейнерлар ўлчамлари ва юк кўтариш қобилиятига кўра стандартлар талабларига жавоб бериши керак.
Контейнерлардаги юклар темир йўл томонидан ташиш учун юк жўнатувчилар ўлчаган оғирликда ва уларнинг қулфлаш-пломбалаш қурилмалари (пломбалари) билан қабул қилинади. Уй буюмлари темир йўлнинг қулфлаш-пломбалаш қурилмаларига (пломбаларига) эга бўлган контейнерларда ташилади.
Юк жўнатувчининг зарарланмаган қулфлаш-пломбалаш қурилмаларига (пломбаларига) эга бўлган соз контейнерларда келган юклар юк олувчига уларнинг оғирлиги, ҳолати ва ўринлар сони текширилмаган ҳолда берилади.
73. Темир йўл темир йўл транспортидан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахсларга транспорт-экспедиция хизмати кўрсатиши ва ушбу мақсадда шартномалар тузиш йўли билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда транспорт-экспедиция ташкилотларини ташкил этиши мумкин. Юк жўнатувчиларга ва юк олувчиларга транспорт-экспедиция хизмати кўрсатувчи ташкилотлар мазкур Уставда юк жўнатувчилар ва юк олувчилар учун назарда тутилган ҳуқуқларга, мажбуриятларга ва жавобгарликка эга бўладилар.
74. Темир йўл манфаатдор юк жўнатувчилар ва юк олувчилар билан биргаликда истисно этилган вазиятлар туфайли айрим юкларни ташиш Юкларни ташиш қоидалари асосида амалга оширилиши мумкин бўлмаган ҳолатларда ушбу юкни мазкур Уставда назарда тутилмаган алоҳида шароитларда ташиш тартибини белгилаши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |