3-боб. Давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ҳолати (мақоми) 10-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми фуқаро давлат лавозимига тайинланган пайтдан бошлаб вужудга келадиган ҳуқуқ, мажбурият ва жавобгарликлар, шунингдек уларнинг давлат фуқаролик хизматини ўташи билан боғлиқ чекловлар тизимидан иборат. Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат лавозимига тайинланган пайтдан бошлаб давлат фуқаролик хизматчиси мақомини олади ва давлат хизматини тугатганда йўқотади. Давлат фуқаролик хизматчисининг фаолият соҳасидан ҳамда эгаллаб турган давлат лавозимидан қатъий назар давлат фуқаролик хизматчисининг ягона ҳуқуқий мақоми таъминланади. 11-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари Давлат фуқаролик хизматчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга: касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини объектив ва адолатли баҳолаш асосида хизмат поғоналари бўйича ўсиш (меритократия); ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя ҳамда қонунчиликка мувофиқ пенсия билан таъминланиш; қонунчилик ва меҳнат шарномасида белгиланган тартибда адолатли рағбатлантирилиш ва мукофотлар олиш; соғлиқни сақлаш, самарали ишлаш учун хавфсиз ва зарур меҳнат шароитлари билан таъминланиш; хизмат юзасидан раҳбариятга ўзининг шахсий фикрини билдириш, ўзи фаолият юритаётган давлат органи ёки ташкилоти фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифларни бериш; раҳбарлар, бошқа мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан шаъни
ва қадр-қимматининг ҳурмат қилиниши; шахсий ҳужжатлари билан танишиш; давлат органи ва ташкилоти томонидан малака оширишга юборилган тақдирда, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда давлат лавозимини ва иш ҳақини сақлаб қолиш; интизомий ёки маъмурий иш тўғрисида тегишли равишда хабардор бўлиш, хизмат текшируви ҳужжатлари билан тўсиқсиз танишиб чиқиш, зарур ҳолларда, шахсан тушунтириш бериш; қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда раҳбарнинг қарорлари
ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш; давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органига мурожаат қилиш; раҳбардан мансаб ваколатларининг ҳажми ва вазифаларини аниқлаштиришни талаб қилиш; виждонсизлик, нопоклик ёки интизомий қилмишларда айбловлар мавжуд бўлган тақдирда ҳамда интизомий ҳуқуқбузарлик содир этилганда, хизмат текширувини ўтказишни талаб қилиш; давлат фуқаролик хизматидан ўз хоҳишига кўра озод этиш, унга нисбатан хизмат текшируви олиб бориладиган ҳоллар бундан мустасно; Давлат фуқаролик хизматчиси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга эга.