5-модда. Давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари Давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: давлат фуқаролик хизматининг ягоналиги; халққа хизмат қилиш; қонунийлик; жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги; профессионаллик ва лаёқатлилик; виждонийлик ва батартиблик; давлат фуқаролик хизматига қадр-қиммат ва кўрсатган хизматлари асосида кириш учун (меритократия) тенг имкониятлар; давлат фуқаролик хизматчиларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси. 2-боб. Давлат фуқаролик хизмати соҳасини давлат томонидан тартибга солиниши 6-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти: давлат фуқаролик хизматини янада такомиллаштириш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилайди; давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органни шакллантиради, унинг фаолияти вазифалари, функциялари ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини белгилайди; давлат фуқаролик хизмати ишлари бўйича ваколатли органнинг раҳбарини лавозимга тайинлайди ва ундан озод қилади; Ўзбекистон Республикаси Президентининг номенклатурасига киритилган давлат лавозимларидан иборат давлат хизматчиларини лавозимига тайинлайди ва ундан озод қилади; қонун билан белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг Администрацияси номенклатурасига киритилган давлат лавозимларидан иборат давлат хизматчилари реестри Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан олиб борилади. 7-модда.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда қатнашади; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига тегишли давлат фуқаролик хизматчиларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади; давлат фуқаролик хизматини молиялаштиришни, давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш лойиҳаси ва давлат дастурини молиявий-иқтисодий асослантирилганлигини таъминлайди; ўз ваколати доирасида давлат дастури ва давлат хизматини ривожлантириш лойиҳаси бўйича зарурий ташкилий чораларни қабул қилади; давлат фуқаролик хизмати ишлари бўйича ваколатли органи сўровига мувофиқ давлат органлари фаолиятини, давлат кадрлар сиёсати вазифаларини самарали ижро этиш мақсадида мувофиқлаштиради; қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.