27-модда. Давлат лавозимига тақсимлаш Олий ўқув юртларида давлат гранти асосида таълим олган шахслар, ўқишни тугатгандан сўнг давлат лавозимига тақсимлаш йўли билан тайинланади. Тақсимлашга тегишли шахсга, унинг аризаси асосида олти ой давомида танлов асосида давлат лавозимини эгаллаш ҳуқуқи тақдим этилади. Олий ўқув юртида давлат гранти асосида таълим олган шахс давлат фуқаролик хизматига киришни рад этган тақдирда, у давлат гранти асосида таълим олиши учун сарфланган ҳаражатларни қонун ҳужжатларига мувофиқ, қоплаб бериши лозим. 28-модда. Давлат фуқаролик хизматчиларининг давлат фуқаролик хизматини ўташ ҳақидаги меҳнат шартномаси Давлат фуқаролик хизматчиларининг давлат фуқаролик хизматини ўташ ҳақидаги меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилади. Меҳнат шартномасида қуйидагилар белгиланади: 1) давлат органи ва ташкилотининг номланиши; 2) давлат лавозимининг номланиши; 3) ходимни давлат фуқаролик хизматчиси мақомини қўлга киритиш
ва хизмат вазифаларига киришиш санаси; 4) давлат органи ва ташкилотининг даража ва тоифаси; 5) давлат фуқаролик хизматини ўташнинг ўзига хос хусусиятлари; 6) ходим ва иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари; 7) иш вақти ва дам олиш вақти; 8) меҳнатга ҳақ тўлаш, кафолатли ва компенсация тўловлари; 9) шартноманинг амал қилиш муддати; 10) тарафларнинг жавобгарлиги, шартномани ўзгартириш ва уни тугатиш; 11) меҳнат низолари; 12) фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар; 13) бошқа шартлар; 14) тарафлар реквизитлари. Меҳнат шартномасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш шартлари, меҳнат шартномасининг тугатилиши асослари ҳамда амалдаги меҳнат қонун ҳужжатларига фарқли равишда давлат фуқаролик хизматчисининг ҳолатини оғирлаштирмайдиган қоидалар киритилиши мумкин. Қоида тариқасида, давлат фуқаролик хизматчиси билан хизмат шартномаси номуайян муддатга тузилади. Меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолларда муайян муддатга тузилиши мумкин, агарда: қонун ҳужжатларига мувофиқ лавозими сақланиши лозим бўлган давлат фуқаролик хизматчисининг ишда бўлмаган вақтида бошқа давлат фуқаролик хизматчиси унинг ишга қайтиш кунига қадар давлат лавозимига тайинланса; муайян муддатга ёки муайян вазифа ва функцияларни бажариш учун ташкил этилган давлат органи ва ташкилотига бундай давлат органи ва ташкилотининг амалда бўлиши ёки бундай вазифа ва функцияларни бажариш муддатига давлат лавозимига тайинланса. Давлат фуқаролик хизматига илк бор кираётган номзодлар билан лавозимга лаёқатлилигини текшириш мақсадида дастлабки синов муддати билан меҳнат шартномаси тузилиши мумкин.