17-модда. Манфаатлар тўқнашуви Манфаатлар тўқнашуви, шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдор шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқаролар, ташкилотлар, жамият ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият. Давлат фуқаролик хизматчиларининг шахсий манфаатдорлиги ўзига ёки яқин қариндошларига, ўзи билан яқин ёки ишчи алоқада бўлган шахсларнинг моддий ёки номоддий (номулкий) фойда олишни ҳар қандай бевосита имкониятини ўз ичига олади. Манфаатлар тўқнашуви пайдо бўлган тақдирда, давлат фуқаролик хизматчиси ёзма равишда ўзининг раҳбари ёки юқори турган манфаатдор шахсни хабардор қилиши лозим. Мазкур талаб давлат фуқаролик хизматига кирмоқчи бўлган шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. Давлат органининг раҳбари, манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги маълумотларга эга бўлганда: манфаатлар тўқнашуви пайдо бўлган ёки пайдо бўлиши мумкин бўлган вазиятда давлат фуқаролик хизматчисининг масаласи юзасидан бошқа давлат фуқаролик хизматчисига хизмат вазифаларни юклаши; манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган давлат фуқаролик хизматчисининг хизмат вазифаларини ўзгартириши; манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган бошқа чораларни қўллаши мумкин. 18-модда. Давлат фуқаролик хизматчилари ва улар оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатларини декларация қилиш Давлат фуқаролик хизматчилари, ҳар йили ўзининг ва оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатлари ҳақида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда декларация топшириши шарт. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган рўйхатда айрим тоифадаги давлат фуқаролик хизматчилари, шу жумладан улар яқин қариндошларининг кенгайтирилган доирасига нисбатан даромадлар, мол-мулк ва кўп миқдордаги харажатларни декларация қилиш юзасидан қўшимча талаблар белгиланиши мумкин. Давлат фуқаролик хизматига номзодлар давлат фуқаролик хизматига ишга кириш вақтида ўзи ва оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатлари тўғрисида декларация топширишлари шарт. Декларация топширилганлиги ҳақидаги маълумотлар номзоднинг давлат фуқаролик хизматига киришидан олдин кадрлар бўлинмалари томонидан текширилади. Давлат фуқаролик хизматчиси давлат фуқаролик хизматини тугатган кундан бошлаб, ўн иш куни ичида охирги ўн икки ой учун декларация тақдим этади. Давлат фуқаролик хизматчиси ва унинг оила аъзолари даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатлари тўғрисидаги маълумотларни қабул қилиш ҳамда тўғри тўлдирилганлиги ва тўлиқлигини текшириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат солиқ органи томонидан амалга оширилади. Давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатлари, ушнингдек оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаганлиги ёки топшириш муддатларини бузганлиги ёхуд маълумотларни тақдим этиш мажбурий бўлган тақдирда эса атайин тўлиқ бўлмаган ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганлиги учун унга нисбатан тегишли чораларни қўллашга асос бўлади. Давлат фуқаролик хизматчилари ва улар оила аъзоларининг даромадлари мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатлари тўғрисидаги декларацияда келтирилган маълумотлар белгиланган тартибда чоп этилади, махфий ва бошқа турдаги қонун билан ҳимоя қилинадиган маълумотлар бундан мустасно. Маълумотларни ошкор этишда ёки декларацияда келтирилган маълумотлардан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган мақсадларда фойдаланишда айбдор деб топилган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.