7-боб. Давлат геодезия назорати
39-модда. Давлат геодезия назоратининг мақсади ва вазифалари
Давлат геодезия назорати геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида амалга оширилади.
Давлат геодезия назоратининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
геодезия ва картография фаолиятининг барча субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига, шу жумладан лицензия талаблари ва шартларига, геодезия ҳамда картографияга доир материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш;
геодезия ва картографияга оид ишларни, геодезия пунктларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга олишни ташкил этиш;
давлат картография-геодезия фондининг фаолият юритишини таъминлаш.
40-модда. Давлат геодезия назоратининг асосий функциялари
Давлат геодезия назоратининг асосий функциялари қуйидагилардан иборат:
геодезия ва картография фаолиятининг барча субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига, лицензия талаблари ҳамда шартларига риоя этилиши устидан назорат қилиш;
картографияга доир материалларда ҳамда бошқа ҳужжатларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси ва ҳудуди тўғри акс эттирилганлиги устидан назорат қилиш;
геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатдан ўтказиш;
геодезия пунктларини ҳисобга олиш;
давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларидаги геодезия пунктларининг, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа геодезия пунктларининг бут сақланиши ва уларнинг муҳофаза зоналари режимига риоя этилиши устидан назорат қилиш;
геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан давлат картография-геодезия фонди ҳамда идоравий картография-геодезия фондлари материалларининг (маълумотларининг) сақланиши устидан назорат қилиш;
геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия координаталари, баландликлари, гравиметрия ўлчовлари давлат тизимларининг ҳамда давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қатори, маҳаллий координаталар ҳамда бошқа координаталар тизимларининг қўлланилиши устидан назорат қилиш;
геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) давлат картография-геодезия фондига топширилиши, шунингдек бу субъектларнинг ушбу фонддан олган материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиши устидан назорат қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг навбатчи маълумотнома тарзидаги харитасини юритиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |