23-модда. Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларини яратишга доир ишлар
Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларини яратишга доир ишлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона давлат геодезия координаталари, баландликлари, гравиметрия ўлчовлари тизимларини белгилаш ва тарқатиш мақсадида бажарилади.
Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқлари бошқа геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларини, геодезик зичлаштириш тармоқларини қуриш учун бошланғич ҳисобланади.
Геодезик зичлаштириш тармоқлари давлат геодезия ва нивелир тармоқларини ривожлантириш учун топографик тасвирга олиш жараёнини таъминлашда ҳамда муҳандислик-геодезияга оид вазифаларни ҳал этишда яратилади.
24-модда. Геодезия пунктлари
Геодезия пункти жойда (тупроқда, бинода ёки бошқа сунъий иншоотда) ер сатҳининг нуқталарини маълум координаталар ҳамда баландликлар билан белгилаш учун мўлжалланган мослама ва (ёки) қурилма бўлиб, у махсус марказдан, ташқи белгидан ҳамда ташқи чеккаси геодезия пунктининг чегараси бўлган зовур ёки уюм тарзидаги ташқи кўринишдан иборатдир. Геодезия пунктининг ташқи кўриниши мавжуд бўлмаган тақдирда ташқи белгининг асоси унинг чегараси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қурилган давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларининг геодезия пунктлари ҳамда бошқа геодезия пунктлари давлат муҳофазасида бўлади.
Геодезия пунктларини жойлаштириш учун ер участкаларини ажратиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Геодезия пунктлари чегараларида ҳамда ушбу чегаралар бўйлаб бир метр кенгликдаги майдонда геодезия пунктларининг муҳофаза зоналари белгиланади.
Геодезия пунктлари ташқи белгиларга эга бўлмаган ёки геодезия пунктларининг махсус марказлари биноларнинг ва бошқа иншоотларнинг деворларига жойлаштирилган ҳолларда, ушбу геодезия пунктларининг чегаралари ва муҳофаза зоналари белгиланмайди.
Геодезия пунктларининг муҳофаза зоналарида қуйидагилар тақиқланади:
геодезия ишларини бажариш чоғида геодезия пунктларининг бут сақланишини ва улардан фойдаланилишини таъминламайдиган ишларни махсус ваколатли давлат органининг рухсатисиз амалга ошириш;
геодезия пунктларининг шикастланишига ёки йўқ қилинишига олиб келиши мумкин бўлган турли материалларни сақлаш, олов ёқиш, чиқиндиларни сақлашни ва кўмишни, шунингдек бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.
Геодезия пунктларининг бут сақланишини таъминлаш ўз ҳудудида ушбу пунктлар жойлаштирилган туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.
Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларининг геодезия пунктларини қуриш, тиклаш, бузиш ёки қайта ўрнатиш махсус ваколатли давлат органининг қарори асосида, бошқа геодезия пунктлари эса махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Шикаст етказилган, йўқ қилинган геодезия пунктларини тиклаш ёки қайта қуриш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни ўз фаолияти геодезия пунктларига шикаст етказилишига, уларнинг йўқ қилинишига олиб келган ёки ўзининг мурожаати асосида геодезия пунктларини қайта ўрнатиш амалга оширилаётган юридик ва жисмоний шахслар томонидан қопланади.
Геодезия пунктлари жойлашган ер участкалари, бинолар, иншоотларга бўлган ҳуқуқ эгалари:
геодезия пунктларининг бут сақланишини таъминлаши, уларнинг муҳофаза зоналари режимига риоя этиши;
махсус ваколатли давлат органини геодезия пунктларига шикаст етказилганлиги ёки улар йўқ қилинганлиги ҳоллари тўғрисида хабардор қилиши;
геодезия ишларини бажарувчиларга геодезия ишлари бажарилаётганда геодезия пунктларига кириб бориш имкониятини бериши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |