20-модда. Махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишларни бажариш Махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишлар тармоқлараро ҳамда тармоқ дастурларига (лойиҳаларига) мувофиқ махсус ваколатли давлат органи, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан бажарилади.
Махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришда умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишларнинг материаллари (маълумотлари) қўлланилади.
Махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришга геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир лицензияга эга юридик шахслар жалб этилиши мумкин.
21-модда. Ўзбекистон Республикасининг мудофааси ва миллий хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ геодезия ва картографияга оид ишлар Ўзбекистон Республикасининг мудофааси ва миллий хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ геодезия ва картографияга оид ишлар қуйидагиларни назарда тутади:
топографик ва махсус хариталарни тузиш ҳамда нашр этиш;
махсус геодезия тармоқларини ривожлантириш;
махсус аҳамиятга молик географик ахборот тизимларини яратиш.
22-модда. Геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришда давлат геодезия координаталари, баландликлари, гравиметрия ўлчовларининг тизимларини ҳамда давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қаторини қўллаш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришда давлат геодезия координаталари, баландликлари, гравиметрия ўлчовлари тизимлари ҳамда давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қатори қўлланилади.
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳудудларида умумдавлат аҳамиятига ҳамда махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришда маҳаллий координаталар тизимлари, башарти уларнинг давлат геодезия координаталари тизими билан ўзаро боғланганлиги таъминланса, қўлланилиши мумкин.
Маҳаллий координаталар тизимининг саноқ боши ва ўқлари йўналиши тегишинча давлат геодезия координаталари тизимининг саноқ боши ва ўқлари йўналишига нисбатан силжитилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат координаталар ва баландликлар тизимлари ёки маҳаллий координаталар тизимлари бўлмаган координаталар ҳамда баландликлар тизимлари қўлланилиши мумкин.
Натижалари умумдавлат аҳамиятига молик бўлган геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришда қўллаш учун белгиланган топографик хариталар ҳамда режаларнинг масштаблари давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қаторини ташкил этади.