5-боб. Геодезия ва картография фаолиятининг маҳсулотлари
32-модда. Геодезия ва картография фаолияти маҳсулотларининг турлари
Геодезия ва картография фаолияти маҳсулотлари жумласига қуйидагилар киради:
геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар);
геодезия пунктлари;
фазовий (геофазовий) маълумотлар;
географик ахборот тизимлари;
фазовий маълумотларнинг инфратузилмаси;
илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва тажриба-технологик ишларнинг натижалари, шу жумладан геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар.
33-модда. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан яратилган геодезия ва картография фаолияти маҳсулотига бўлган мулк ҳуқуқи
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан яратилган геодезия ва картография фаолияти маҳсулоти, шу жумладан давлат картография-геодезия фонди материаллари (маълумотлари) Ўзбекистон Республикасининг мулкидир.
34-модда. Геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги интеллектуал мулк объектлари
Геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар), фазовий (геофазовий) маълумотлар, географик ахборот тизимлари, фазовий маълумотларнинг инфратузилмаси, геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва тажриба-технологик ишларнинг натижалари интеллектуал мулк объектларидир.
35-модда. Геодезия ва картографияга доир материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиш тартиби
Юридик ва жисмоний шахслар давлат картография-геодезия фондининг ҳамда идоравий картография-геодезия фондларининг материалларидан (маълумотларидан) ушбу Қонун талабларига риоя этган ҳолда фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Картография-геодезия фондининг материалларидан фойдаланиш чоғида:
геодезия ва картографияга доир материаллардан (маълумотлардан) рухсатсиз кўчирма нусха олиш;
аэросуратга олиш материалларини, шунингдек давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлган материалларни бундай материалларнинг сақланишини таъминлаш учун режим органи ва лозим даражада шарт-шароитлари бўлмаган ташкилотларга бериш тақиқланади.
Давлат картография-геодезия фондининг геодезия ва картографияга доир материалларидан (маълумотларидан) фойдаланувчилар олинган материалларнинг (маълумотларнинг) бут сақланишини таъминлаши, уларни белгиланган муддатларда қайтариши ҳамда уларда мавжуд бўлган давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслиги шарт.
Давлат картография-геодезия фондининг геодезия ва картографияга доир материалларини (маълумотларини) учинчи шахсларга беришга ҳамда улардан кўчирма нусха олишга ушбу материаллар (маълумотлар) ўз тасарруфида бўлган органларнинг рухсатисиз йўл қўйилмайди.
Давлат сирини ташкил этувчи геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) йўқотилган тақдирда, геодезия ва картографияга доир материаллардан (маълумотлардан) фойдаланувчилар қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриши, шунингдек йўқотиш аниқланган пайтдан эътиборан бир кундан ошмайдиган муддатда махсус ваколатли давлат органини хабардор қилиши шарт.
Давлат картография-геодезия фондининг геодезия ва картографияга доир материалларидан (маълумотларидан) фойдаланганлик учун махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланадиган миқдорда йиғим ундирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |