6-боб. Геодезия ва картография фаолияти соҳасида ҳисобни юритиш 36-модда. Геодезия ва картографияга оид ишларнинг давлат ҳисоби Умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишлар геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) йиғиш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш ва улардан фойдаланиш мақсадида давлат ҳисобига олиниши шарт.
Геодезия ва картографияга оид ишларнинг давлат ҳисоби уларни рўйхатга олиш ҳамда картография-геодезия давлат кадастрини юритиш чоғида амалга оширилади.
37-модда. Картография-геодезия давлат кадастри Картография-геодезия давлат кадастри Давлат кадастрлари ягона тизимининг таркибий қисми бўлиб, картография-геодезия давлат кадастри объектлари, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ҳақидаги геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) тўғрисидаги янгиланиб туриладиган ишончли ахборот, бажариладиган геодезия, топография ва картографияга оид ишлар, шу жумладан уларнинг миқдор ва сифат тавсифлари ҳақидаги маълумотлар тизимидан иборатдир.
38-модда. Ўзбекистон Республикасининг картография-геодезия фонди Геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) Ўзбекистон Республикасининг картография-геодезия фондини ташкил этади. Ўзбекистон Республикасининг картография-геодезия фонди таркибига давлат ва идоравий картография-геодезия фондлари киради.
Давлат картография-геодезия фонди геодезия ва картография фаолияти натижасида яратилган, умумдавлат аҳамиятига молик бўлган ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамда муддатларда сақланиши лозим бўлган геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) ўз ичига олади.
Давлат картография-геодезия фонди махсус ваколатли давлат органининг тасарруфида бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг картография-геодезия фонди унинг ўз тасарруфида бўлади.
Идоравий картография-геодезия фондлари махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) ўз ичига олади ҳамда тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг тасарруфида бўлади.
Геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) давлат ва идоравий картография-геодезия фондларига топшириш тартиби, шунингдек уларнинг таркиби, тури ва шаклларига доир талаблар давлат ва идоравий картография-геодезия фондлари тўғрисидаги низомларда белгиланади. Давлат ва идоравий картография-геодезия фондлари тўғрисидаги низомлар ҳамда уларда мавжуд бўлган геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) рўйхатлари фондларнинг сақловчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси картография-геодезия фондининг белгиланган тартибда Миллий архив фонди таркибига киритилган геодезия ва картографияга доир материаллари (маълумотлари) архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобга олинади, сақланади ва улардан фойдаланилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия ва картографияга оид ишларни бажарувчи геодезия ва картография фаолияти субъектлари ўзи яратган умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга доир материалларнинг (маълумотларнинг) бир нусхасини давлат картография-геодезия фондига бепул бериши шарт.
Геодезия ва картография фаолияти субъектларининг геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) давлат картография-геодезия фондига топшириши, ушбу материалларнинг (маълумотларнинг) сақланиши ҳамда улардан фойдаланилиши, идоравий картография-геодезия фондларининг давлат реестри юритилиши устидан давлат геодезия назорати махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.