4-боб. Геодезия ва картография фаолиятини амалга оширишга доир асосий шартлар ҳамда талаблар
25-модда. Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларига ҳамда давлат топографик хариталари ва режаларига доир асосий талаблар
Давлат геодезия тармоғи геодезия пунктлари тизимидан иборатдир ва бу пунктларнинг ер сатҳидаги ҳолати улар учун умумий бўлган координаталар тизимидаги геодезия ўлчовлари асосида белгиланган бўлади.
Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқлари, шунингдек давлат топографик хариталари ва режалари долзарблик ҳолатида сақлаб турилиши керак.
Давлат геодезия, нивелир ёки гравиметрия тармоқларининг долзарблик ҳолати деганда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг материалларга (маълумотларга) бўлган эҳтиёжларини қаноатлантирувчи ҳолат тушунилади.
Давлат топографик хариталари ва режаларининг долзарблик ҳолати деганда давлат топографик хариталари ва режаларининг мазмуни жойнинг ҳақиқий ҳолатига мос келадиган ҳамда амалдаги шартли белгиларда ва белгиланган координаталар тизимида акс эттирилган ҳолат тушунилади.
Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқлари долзарблик ҳолатида сақлаб турилиши учун улар мунтазам равишда тиклаб борилиши, давлат топографик хариталари ва режалари эса янгилаб турилиши керак.
Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларини тиклаш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия пунктларининг жойлаштирилиш зичлиги нормалари ҳисобга олинган ҳолда бажарилади.
26-модда. Геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришга доир асосий талаблар
Геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришда қуйидаги асосий талабларга риоя этилиши керак:
қонун ҳужжатлари талабларига, шу жумладан лицензия талаблари ва шартларига, картография ва геодезия фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги стандартлар ҳамда норматив ҳужжатларга, шунингдек лойиҳа-смета ва техник ҳужжатлар талабларига амал қилиш;
ишлаб чиқаришни ташкил қилишнинг илғор технологиялари ва усулларини жорий этиш;
геодезия ва картографияга оид ишларни одамларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғи, атроф-муҳитнинг ҳолати ва моддий маданий мерос объектлари учун хавфсиз усуллар ҳамда воситалар орқали бажариш;
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини, маъмурий-ҳудудий тузилиш чегараларини, шунингдек чет давлатларнинг чегараларини ҳамда бошқа сиёсий-маъмурий чегараларни ва географик элементларни хариталарда график жиҳатдан тўғри тасвирлаш;
геодезия ва картографияга доир материалларнинг (маълумотларнинг) ҳисобга олиниши ҳамда сақланишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги давлат геодезия тармоқлари ҳолатининг тизимли таҳлилини амалга ошириш ва картографияга доир материалларнинг жойнинг ҳақиқий ҳолатига мувофиқлигини таъминлаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |