27-модда. Геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш
Геодезия ва картографияга оид ишларни ташкил этиш тартиби, геодезия ва картографияга оид ишларни бажариш аниқлиги, воситалари, усуллари ва технологияларига, геодезия тармоқларига, хариталарнинг, режаларнинг, атласларнинг мазмунига, жойнинг рақамли моделларига доир асосий техник талаблар, шунингдек геодезия ва картографияга оид ишларнинг бажарилиши ҳамда уларнинг сифатига оид талаблар геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланади.
28-модда. Геодезия ва картография фаолиятини метрологик жиҳатдан таъминлаш ҳамда стандартлаштириш
Геодезия ва картография фаолиятини метрологик жиҳатдан таъминлаш ҳамда стандартлаштириш геодезия кузатувлари чоғида ўлчов ва синов воситаларидан фойдаланиш тартибини, геодезия ўлчовлари ва синовлари сифатини назорат қилиш усулларини, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ўз ичига олади.
Геодезия ўлчовларининг ягоналигини таъминлаш, геодезия ўлчов воситаларини стандартлаштириш ишларида иштирок этиш, геодезия, топография ва картография маҳсулотларини мажбурий сертификатлаштириш ишларини ташкил қилиш ҳамда ўтказиш, геодезия ва картография фаолияти соҳасида метрология назоратини олиб бориш махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
29-модда. Геодезия ва картография фаолиятини лицензиялаш
Геодезия ва картография фаолияти ёхуд геодезия ва картографияга оид ишларнинг айрим турлари лицензияланиши лозим. Лицензияланадиган геодезия ва картографияга оид ишларнинг турлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир лицензия (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) юридик шахсларга берилади. Лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.
Лицензия талабгорининг аризасига кўра, лицензия умуман фаолиятга ёхуд айрим иш турларига нисбатан берилиши мумкин. Бунда лицензия талабгори қуйидаги шартларга ва талабларга жавоб бериши керак:
юридик шахснинг (лицензиатнинг) штатида лицензияда кўрсатилган фаолият турлари бўйича маълумоти тўғрисидаги ҳужжатга ва камида икки йиллик иш стажига эга бўлган камида бир нафар ходимнинг мавжудлиги;
белгиланган талабларга мувофиқ бўлган моддий-техника базасининг, геодезия ва картографияга оид асбоб-ускуналарнинг, бошқа техник воситаларнинг мавжудлиги;
геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги зарур норматив ҳужжатларнинг мавжудлиги;
лицензиат давлат сирини ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланиш билан боғлиқ ишларни бажарган тақдирда режим органининг мавжудлиги.
Лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар махсус ваколатли давлат органи томонидан қабул қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |