265-модда. Ҳал қилув қарорини ижро этиш Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин ижро этилади, бундан дарҳол ижро этиш ҳоллари мустасно.
266-модда. Дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ҳал қилув қарорлари Суднинг қуйидаги:
1) алиментлар ундириш тўғрисидаги;
2) ходимга уч ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган иш ҳақини ундириб бериш тўғрисидаги;
3) майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етказилганлиги, шунингдек боқувчиси вафот этганлиги натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун тўловлар ундириш тўғрисидаги;
4) меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимни ёки ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифини ўзгартириш тўғрисидаги;
5) сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши курашиш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлинмасига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш тўғрисидаги;
6) судда ишни муҳокама қилиш вақтида жавобгар даъвони бутунлай ёки қисман тан олганлигига қараб, тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилган талаблар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилиши керак.
267-модда. Ҳал қилув қарорининг дарҳол ижро этилишига суднинг йўл қўйиш ҳуқуқи Суд қуйидаги: ҳал қилув қарорлари бутунлай ёки қисман дарҳол ижро этилишига йўл қўйиши мумкин:
1) даъвогар ва жавобгар чиқарилган ҳал қилув қарорига ҳамда унинг дарҳол ижро этилишига рози бўлган ҳолларда;
2) муаллифнинг интеллектуал фаолияти натижаларидан фойдаланганлик учун унга ҳақ ундириб бериш тўғрисидаги ҳал қилув қарори;
3) алоҳида ҳолатлар натижасида ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ундирувчи учун кўп зарар келтириши мумкин бўлган ёки ижро этиш мумкин бўлмай қолган барча бошқа ишлар бўйича.
Ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган асослар бўйича дарҳол ижро этилишига йўл қўйилган тақдирда, тарафларнинг розилиги суд мажлисининг баённомасига киритилади. Агар тарафларнинг розилиги суд номига юборилган ёзма аризаларда баён этилган бўлса, бу аризалар ишга қўшиб қўйилади, бу ҳақда суд мажлисининг баённомасида кўрсатилади.
Ушбу модда биринчи қисмининг 3-бандида кўрсатилган асослар бўйича дарҳол ижро этилишига йўл қўйилганида суд даъвогардан суднинг қарори бекор қилинган тақдирда, ҳал қилув қарорининг қайтарма ижросини таъминлашни талаб қилиши мумкин.
Апелляция шикояти бериш (протест келтириш) муддати ичида ҳал қилув қарори чиқарилганидан сўнг ҳал қилув қарорининг дарҳол ижро этилишига йўл қўйиш тўғрисидаги масала ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ ушбу шахсларнинг келмаганлиги дарҳол ижро этиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тўсқинлик қилмайди.
Ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиш тўғрисидаги масалани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиш тўғрисидаги масала бўйича суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин. Ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиш тўғрисидаги ажрим устидан берилган хусусий шикоят (протест) бу ажримнинг ижросини тўхтатмайди.