263-модда. Ҳал қилув қарорини тушунтириш
Ҳал қилув қарори ноаниқ бўлса, ишни ҳал қилган суд ўз ташаббусига ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига, шунингдек ҳал қилув қарорини ижро этиш зиммасига юклатилган органлар ва давлат ижрочисининг аризасига кўра ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтиришга ҳақли.
Агар ҳал қилув қарори ижро этилмаган ва уни мажбурий ижро эттириш мумкин бўлган муддат ўтмаган бўлса, ҳал қилув қарорини тушунтиришга йўл қўйилади.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги масала ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ, бу шахсларнинг судга келмаганлиги ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Суд ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги аризани у келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда кўриб чиқади.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин
264-модда. Ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши
Суднинг ҳал қилув қарори, агар унинг устидан шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, апелляция шикояти (протести) бериш муддати ўтганидан кейин қонуний кучга киради. Ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда, ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, ишни апелляция инстанцияси суди кўриб чиққанидан кейин қонуний кучга киради.
(264-модданинг 1-қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-661-сон Қонуни таҳририда - ҚҲММБ, 13.01.2021 й., 03/21/661/0011-сон)
Ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин тарафлар ва ишда иштирок этган бошқа шахслар, шунингдек уларнинг ҳуқуқий ворислари судга ўша асослар бўйича янгидан ўша талабларни арз қилиши, шунингдек суд аниқлаган фактлар ва ҳуқуқий муносабатлар хусусида бошқа процессда низолашиши мумкин эмас.
Агар иш судда ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда прокурор ёки давлат бошқаруви органи, ташкилот ёки айрим фуқароларнинг аризаси бўйича бошланган бўлса, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори иш кимнинг манфаатини кўзлаб қўзғатилган бўлса, ана шу шахс учун мажбурийдир. Агар жавобгардан даврий тўловларни (алиментлар, соғлиққа шикаст етказилганда кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш ёки вафот этганлик билан боғлиқ тўловлар ва ҳоказо) ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин тўловларнинг миқдорига ёки муддатини белгилашга таъсир этувчи ҳолатлар жиддий равишда ўзгарса, ҳар бир тараф янгидан ариза бериш йўли билан тўловларнинг миқдори ва муддатини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли.
Do'stlaringiz bilan baham: |