259-модда. Жавобгар зиммасига муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклатадиган ҳал қилув қарори
Суд жавобгар зиммасига мол-мулкни ёки пул суммаларини олиб бериш билан боғлиқ бўлмаган муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклатишни назарда тутувчи ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғида, қарорнинг ўзида, агар жавобгар ҳал қилув қарорини белгиланган муддат ичида бажармаса, даъвогар шу ҳаракатларни жавобгарнинг ҳисобидан амалга оширишга ва зарур харажатларни кейинчалик жавобгардан ундириб олишга ҳақли эканлигини кўрсатиши мумкин. Агар мазкур ҳаракатлар фақат жавобгар томонидан амалга оширилиши мумкин бўлса, суд ҳал қилув қарорида уни ижро этиш керак бўлган муддатни белгилаб қўяди.
(260-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-661-сон Қонунига мувофиқ чиқариб ташланган - ҚҲММБ, 13.01.2021 й., 03/21/661/0011-сон)
261-модда. Ҳал қилув қарори ёзувидаги хатоларни ва аниқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш
Суд ҳал қилув қарори ёзувида йўл қўйилган хатоларни ёки очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни ўз ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра тузатиши мумкин.
Ҳал қилув қарори ёзувида йўл қўйилган хатоларни ёки очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш ҳақидаги ариза у топширилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда кўриб чиқилади.
Ҳал қилув қарори ёзувидаги хатоларни ёки очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш тўғрисидаги масала ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида ҳал этилади. Бироқ, бу шахсларнинг келмаганлиги тузатишларни киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Ҳал қилув қарорига тузатишлар киритиш ёхуд тузатишлар киритишни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Ҳал қилув қарорига тузатишлар киритиш тўғрисидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
262-модда. Қўшимча ҳал қилув қарори
Иш бўйича ҳал қилув қарорини қабул қилган суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда қўшимча ҳал қилув қарори чиқариши мумкин, агар:
1) ҳуқуқ тўғрисидаги масалани ҳал қилиб, ундириладиган сумманинг миқдорини, олиб берилиши керак бўлган мол-мулкни ёки жавобгар амалга ошириши шарт бўлган ҳаракатларни кўрсатмаган бўлса;
2) арз қилинган талабларнинг бирортаси бўйича ишда иштирок этувчи шахслар далиллар тақдим этган ва тушунтиришлар берган бўлсаларда, бироқ бу хусусда ҳал қилув қарори қабул қилинмаган бўлса;
3) ҳал қилув қарорида суд харажатларини тақсимлаш кўрсатилмаган бўлса.
Қўшимча ҳал қилув қарорини чиқариш тўғрисидаги масала ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай қўзғатилиши мумкин.
Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди. Қўшимча ҳал қилув қарори устидан асосий ҳал қилув қарори билан бирга шикоят қилиниши ва протест келтирилиши мумкин.
Қўшимча ҳал қилув қарори асосий ҳал қилув қарори билан бирга қонуний кучга киради.
Қўшимча ҳал қилув қарорини чиқариш рад этилган тақдирда, ажрим чиқарилади.
Қўшимча ҳал қилув қарорини чиқаришни рад этиш ҳақидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |