179-модда. Қарздорга суд буйруғининг кўчирма нусхасини юбориш Суд буйруғи берилганидан кейин суд унинг кўчирма нусхасини дарҳол қарздорга юборади.
Суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
180-модда. Суд буйруғининг қонуний кучга кириши Суд буйруғи у берилгандан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач қонуний кучга киради.
181-модда. Суд буйруғини бекор қилиш Қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ажрим берилганидан кейин уч кундан кечиктирмай ундирувчига ва қарздорга имзо қўйдириб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.
Алиментлар ундириш тўғрисидаги суд буйруғи ижро ишини юритиш бўйича ундирув тугагунига қадар ундирувчининг аризасига кўра бекор қилиниши мумкин.
2-КИЧИК БЎЛИМ. ДАВО ИШНИ ЮРИТИШ
19-боб. Умумий қоидалар 182-модда. Суд томонидан даъво ишини юритиш тартибида кўриладиган ишлар Суд томонидан даъво ишини юритиш тартибида кўриладиган ишларга, агар қонун ҳужжатларида уларни кўришнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, фуқаролик, меҳнат, оилавий, уй-жой ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган даъволар бўйича ишлар киради.
183-модда. Даъво ишини юритишга доир ишларни кўриш тартиби Даъво ишни юритишга доир ишлар ушбу кичик бўлимда кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан бирга фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўрилади.
184-модда. Ишга тиклаш тўғрисидаги ишлар бўйича учинчи шахсларни жалб қилиш Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимларни ёки ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимларни илгариги ишига тиклаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд меҳнат шартномасини бекор қилишга ёки бошқа ишга ўтказишга фармойиш берган мансабдор шахсни учинчи шахс сифатида жавобгар тарафида ишда иштирок этиш учун ўз ташаббуси билан жалб қилиши шарт.
Суд меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ёки бошқа ишга ўтказиш очиқдан-очиқ қонунни бузган ҳолда амалга оширилганлигини аниқласа, шу процесснинг ўзидаёқ айбдор мансабдор шахс зиммасига мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган иш бажарилган вақт учун ҳақ тўлаш сабабли ташкилотга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятини юклатади. Бундай ҳолларда мансабдор шахсдан ундириладиган суммаларнинг миқдори меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.