Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҚҲТБТ порталида «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини эълон қилди, у 2021 йил 1 январдан кучга кириши керак.
Таклиф этилаётган қонуннинг мақсади – Ўзбекистон фуқароларининг малакали тиббий ёрдам олиш ҳамда мажбурий тиббий суғуртанинг (МТС) ҳуқуқий, ташкилий, молиявий асослари ва тамойилларини белгилаш учун фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш мақсадида МТС соҳасида юзага келадиган жамоатчилик муносабатларини тартибга солиш.
МТСнинг асосий тушунча ва тамойиллари белгиланди. Тушунчалар аппарати бепул тиббий-ижтимоий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми, тиббиёт муассасалари, уларнинг турлари, тиббий хизмат ва бошқа тавсифларни ўз ичига олган.
МТСнинг асосий тамойилларига қуйидагилар киради:
ижтимоий мақоми ва киритган йиғими (бадали) миқдоридан қатъи назар, барча суғурталанган шахслар тиббий хизматлардан тенг фойдаланади;
тиббий хизматлардан ҳудудларда тенг фойдаланилади;
ҳамёнбоп ва сифатли тиббий хизматлар кўрсатилади.
Лойиҳа тиббий ресурслардан тенг фойдаланишни, ўз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашдан манфаатдорликни таъминловчи мотивация дастурларини жорий этиш йўли билан саломатликни сақлаш учун фуқароларнинг жавобгарлигини оширишга ҳам йўналтирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг таклифига биноан мажбурий тиббий суғурта учун йиғим ва бадаллар миқдорини Президент тасдиқлайди.
Қонун кимларга татбиқ этилади
Қонун қуйидагиларга нисбатан амал қилади:
бепул тиббий ёрдам ва МТСнинг кафолатланган ҳажми доирасида тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган суғурталанган шахслар;
иш берувчи бўлган корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, якка тартибдаги тадбиркорлар, тиббий хизматларни етказиб берувчилар, Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси (бундан кейин – Жамғарма), давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек МТС соҳасида фаолият юритувчи бошқа шахслар.
Ўзбекистон фуқаролари, бу ерда доимий яшовчи хорижий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек кириш «инвестиция визаси» олган хорижий инвесторлар, уларнинг ота-оналари, турмуш ўртоқлари ва фарзандлари мажбурий тиббий суғурталанишлари лозим бўлади.
Суғурталанган шахслар, тўловчилар, аккредитацияланган тиббий хизматларни етказиб берувчилар ва Жамғарма мажбурий тиббий суғурта субъектлари ҳисобланади.
Жамғарма бюджети қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:
аҳолини тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари;
мажбурий тиббий суғуртани қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан белгиланадиган мажбурий солиқлар ва йиғимлар;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ўзбекистон ҳудудида бўлган барча жисмоний шахслар шошилинч тиббий ёрдам олишга ҳақли бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |