177-модда. Суд буйруғини бериш тартиби ва муддати
Арз қилинган талабнинг мазмуни бўйича суд буйруғи ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида судья томонидан берилади.
Суд буйруғи судья томонидан ундирувчи ва қарздорни судга чақирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда, суд муҳокамасисиз берилади.
Суд буйруғи судья томонидан имзоланади.
Агар белгиланган муддатда қарздордан судга эътироз келиб тушмаса, судья ундирувчига суднинг муҳри билан тасдиқланган буйруқ кўчирма нусхасини ижрога тақдим этиш учун беради.
Ундирувчининг илтимосига кўра суд буйруғи ижро этиш учун бевосита суд томонидан юборилиши мумкин.
Қарздордан давлат божини ундириш учун суднинг муҳри билан тасдиқланган суд буйруғининг алоҳида нусхаси бевосита суд томонидан ижро этиш учун юборилади.
178-модда. Суд буйруғининг мазмуни
Суд буйруғида қуйидагилар кўрсатилади:
1) иш юритишнинг тартиб рақами ва буйруқ берилган сана;
2) суднинг номи, буйруқ берган судьянинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
3) ундирувчининг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили);
4) қарздорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили);
5) талабни қаноатлантириш учун асос бўлган қонун;
6) ундирилиши лозим бўлган пул суммаларининг миқдори ёки ундирув қаратилаётган, қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кўчар мол-мулк, унинг тавсифи ва баҳоси;
(178-модда 1-қисмининг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 22 октябрдаги ЎРҚ-572-сонли Қонуни таҳририда - ҚҲММБ, 23.10.2019 й., 03/19/572/3943-сон)
7) ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр;
8) неустойка миқдори, агар унинг ундирилиши қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
9) қарздордан ундирилиши керак бўлган давлат божининг суммаси;
10) арз қилинган талабга қарши қарздор томонидан эътироз тақдим этиш муддати ва тартиби.
Вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги суд буйруғида ушбу модданинг 1 - 5, 9, 10-бандларида назарда тутилган маълумотлардан ташқари қуйидагилар кўрсатилади: қарздорнинг туғилган санаси ва жойи, таъминоти учун алимент ундирилиши лозим бўлган ҳар бир боланинг исми ва туғилган санаси, қарздордан ҳар ойда ундириладиган тўловлар миқдори ҳамда уларни ундириш муддати.
Суд буйруғининг ёзувидаги хатоларни ва очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш суднинг ташаббуси ёхуд ундирувчининг ёки қарздорнинг аризаси бўйича ушбу буйруқ қандай тартибда берилган бўлса, шундай тартибда суднинг ажрими асосида амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |