98-модда. Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозини
ва Давлат бюджетининг асосий параметрларини тасдиқлаш
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг навбатдаги йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қарорларини ижро этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинади, унда:
асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози;
Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг асосий параметрлари;
Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори миқдори ва уни қоплаш манбалари;
давлат мақсадли жамғармаларининг асосий параметрлари;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкалари миқдорлари;
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари ҳажмлари, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан субвенциялар, ўтказиб бериладиган даромадлар ва дотацияларнинг чекланган миқдорлари;
умумдавлат солиқлари тушумларидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратмаларнинг нормативлари;
Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармалари миқдорлари тасдиқланади.
99-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини тасдиқлаш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджетининг асосий параметрларини тасдиқлашга доир қарорига мувофиқ, қарор қабул қилингандан сўнг бир ҳафталик муддатда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадлари ҳамда харажатларининг ҳажмлари қабул қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қабул қилган қарорларга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўн иш куни ичида:
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг даромадлари ва харажатлари ҳажмларини, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан субвенциялар, ўтказиб бериладиган даромадлар ва дотацияларнинг чекланган миқдорларини;
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари таркибига кирадиган туманлар ва шаҳарлар бюджетларига умумдавлат солиқ тушумларидан ажратмаларнинг нормативларини. Умумдавлат солиқларидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари таркибига кирувчи туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратмаларнинг нормативлари айни шу солиқлардан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратмаларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан белгиланган нормативларидан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланади;
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармалари миқдорларини;
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари таркибига кирадиган туманлар ва шаҳарлар бюджетлари айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорларини тасдиқлаш бўйича қарорлар қабул қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорларига мувофиқ халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг даромадлари ҳамда харажатлари ҳажмлари уч иш куни ичида қабул қилинади. (ЎзР 29.12.2015 й. ЎРҚ-396-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)
Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг қарорларига мувофиқ туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг даромадлари ҳамда харажатлари ҳажмларини тасдиқлаш бўйича уч иш куни ичида қарорлар қабул қилади. (ЎзР 29.12.2015 й. ЎРҚ-396-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)
Do'stlaringiz bilan baham: |