1-savol Республика даражасида ва жойларда нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни лицензиялашни ташкил этиш ишларининг таҳлили ишларни ташкил этиш тизимида камчиликлар мавжудлигидан ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талаблари бузилаётганлигидан далолат бермоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ҳудудий ишчи гуруҳлари қониқарсиз ишлаётганлиги, шунингдек ваколатли органлар томонидан улар фаолияти устидан зарур назорат ўрнатилмаганлиги бундай ҳолатнинг сабабларидан биридир.
Шу муносабат билан фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ лицензияловчи органлар томонидан ўз вазифаларининг бажарилишига ҳамда республика ва ҳудудий комиссиялар фаолиятининг аниқ иш тартибини белгилашга катта аҳамият берилади.
«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича (нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотишдан ташқари) фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссияси таркиби 3-иловага* мувофиқ;
*3- илова берилмайди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг нефть маҳсулотларини автомобилларга ёқилғи қўйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссияларининг Намунавий таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
нефть маҳсулотларини сотиш бўйича (нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотишдан ташқари) фаолиятни амалга ошириш учун лицензияларни бериш ва бекор қилиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиш ёки узайтириш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссияси томонидан қабул қилинади;
нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияларни бериш ва бекор қилиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш, тўхтатиш ёки узайтириш тўғрисидаги қарорлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тегишли ҳудудий комиссиялари томонидан қабул қилинади.
3. Қуйидагилар:
«Ўздавнефтгазинспекция»га Вазирлар Маҳкамасининг Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссиясининг ҳужжатларни қабул қилиш, лицензиялар бериш, лицензия битимини тузиш ва унинг бажарилишини назорат қилишни амалга оширувчи ишчи органи функциялари.
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 ноябрдаги 349-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 48-сон, 606-модда) «Ўздавнефтгазинспекция»нинг ҳудудий бўлимларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссияларининг ҳужжатларни қабул қилиш, лицензиялар бериш, лицензия битимини тузиш ва унинг бажарилишини назорат қилишни амалга оширувчи ишчи органи функциялари юклансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссияси икки ҳафта муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссияси тўғрисидаги низомни;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қўйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссиялари тўғрисидаги Намунавий низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш департаменти бир ой муддатда ушбу қарор кучга киргунга қадар берилган лицензияларни хатловдан ўтказсин, уларнинг амал қилиш муддатларини Нефть маҳсулотларини (нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотишдан ташқари) сотиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга мувофиқлаштирсин ва лицензиатлар билан лицензия битимлари тузсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
ўн кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари йиғилишларида мазкур қарор билан тасдиқланган Низомга ва намунавий таркибга мувофиқ нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қўйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш бўйича ҳудудий комиссиялар таркибини тасдиқласинлар, комиссиялар масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўрсинлар;
бир ой муддатда «Ўздавнефтгазинспекция» билан биргаликда ушбу қарор кучга киргунга қадар нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш ҳуқуқига лицензия олган лицензиатлар билан «Ўздавнефтгазинспекция»нинг ҳудудий бўлимлари орқали лицензия битимлари тузилишини таъминласинлар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссияси ушбу банднинг бажарилишини мувофиқлаштиришни ва назорат қилишни таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.