Қарздорнинг иштирокчи (таъсисчи)ларининг важлари: “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунга кўра, масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.
МЧЖ ташкил қилишда таъсисчи (иштирокчи)лар томонидан жамиятнинг устав фондига улуш сифатида пул маблағлари киритилган ва иштирокчиларнинг жавобгарлиги ушбу улуш билан чегараланади.
Шу сабабли даъвогарнинг ундирувни МЧЖ иштирокчи (таъсисчи)ларининг пул маблағлари ҳамда бошқа мол-мулкларига ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартириш орқали қаратиш тўғрисидаги талаби асоссиздир.
Суд қарори: Даъвогарнинг ундирувни МЧЖ иштирокчиларининг пул маблағлари ҳамда бошқа мол-мулкларига ижро ҳужжатини ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартириш орқали қаратиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантириш рад этилсин.
Шарх: Даъвогар судга суд ҳужжатининг ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишда:
- Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 62-моддасининг иккинчи қисми ва “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 3-моддасининг биринчи қисмида бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатлари билан белгиланган миқдорларда улушларга бўлинган хўжалик жамияти масъулияти чекланган жамият деб ҳисобланиши ва масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўлиши белгиланганлигини;
- жавобгар (МЧЖ)нинг даъвогар олдида 338 290 000 сўм миқдорида қарздорлиги мавжудлиги ва қарздорда мол-мулки мавжуд эмаслигини инобатга олиб қарздорнинг иштирокчилари ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавоб беришлари лозимлигини кўрсатган.
Бироқ, даъвогарнинг ушбу важларини суд инобатга олмаган ва бунга асос қилиб ҳал қилув қарорида ушбу важлар ундирувни қарздор МЧЖ иштирокчиларининг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларига қаратиш орқали суд ҳужжатининг ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартиришга асос бўлмаслигини кўрсатган. Чунки, даъвогар томонидан ҳавола қилинган ФК 62-моддасининг иккинчи қисми ва Қонун 3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар. Мазкур ҳолатда жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарздорлиги мажбуриятни тегишли равишда бажарилмаганлиги оқибатида вужудга келган ва шу учун қарздорнинг иштирокчилари ушбу мажбурият бўйича жавобгар бўлолмайди.
Кўрсатилган қонун ҳужжатларининг жамият фаолияти билан боғлиқ зарарларни иштирокчилар ўзлари қўшган ҳиссалари миқдорида жавобгар бўлишини назарда тутувчи нормаси шуни англатадики, бундай жамиятни ташкил қилиб ва унинг устав фондига улуш киритиб, улар (иштирокчилар) жамиятнинг молиявий ночорлиги оқибатида бундай улушларнинг қайтарилмаслиги бўйича таваккалчилиги хавфини ўз зиммасига олишади. Шу сабабли қонунчилик буни зарар сифатида белгилайди. Бинобарин, мазкур қонун ҳужжатларида назарда тутилган ушбу норма ундирувни қарздор МЧЖ иштирокчиларининг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларига қаратиш орқали суд ҳужжатининг ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартиришга асос бўлолмайди.
Даъвогарнинг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 48-3-моддасига ҳаволасини суд асоссиз деб топган ва ҳал қилув қарорида бунга қуйидагиларни асос сифатида кўрсатган.
Ушбу Қонун 48-3-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, тегишли қарздор юридик шахсларга нисбатан ижро ҳаракатларини амалга оширишда ундирувни хусусий корхона мулкдори, муассаса мулкдори, фермер хўжалигининг раҳбари, деҳқон хўжалигининг аъзолари, ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари, қўшимча масъулиятли жамият иштирокчилари, тўлиқ ширкат иштирокчилари, шунингдек коммандит ширкатдаги тўлиқ шериклар пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш ижро ҳужжатини ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартириш орқали амалга оширилади.
Бундан кўринадики, қарздор – масъулияти чекланган жамиятига нисбатан ижро ҳаракатлари амалга оширишда ундирувни бундай жамиятнинг иштирокчиларининг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкига қаратиш ижро ҳужжатини ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартириш орқали амалга оширилмайди.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” Қонун 48-3-моддасининг биринчи қисмида юридик шахснинг қарзлари бўйича, шу жумладан, унинг мол-мулки ижро ҳужжатидаги талабларни ижро этиш учун етарли бўлмаганда, ундирув суд ҳужжати асосида, қонунда белгиланган шартларда ва тартибда ушбу юридик шахс мулкдорларининг, муассисларининг ва аъзоларининг (иштирокчиларининг) пул маблағларига ҳамда бошқа мол-мулкига қаратилиши мумкинлиги белгиланган.
ФК 48-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ юридик шахс муассиси (иштирокчиси) ёки унинг мол-мулкининг эгаси юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, юридик шахс эса муассис (иштирокчи) ёки мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, ушбу Кодексда ёки юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
ФК ушбу моддасининг тўртинчи қисмида, агар юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) шу юридик шахс учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи) сифатидаги шахснинг ёки юридик шахс мол-мулки мулкдорининг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган бўлса, юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда бундай шахс зиммасига унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкинлиги белгиланган.
Бинобарин, МЧЖнинг қарзлари бўйича, шу жумладан унинг мол-мулки ижро ҳужжатидаги талабларни ижро этиш учун етарли бўлмаганда, ундирувни МЧЖ иштирокчиларининг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларига қаратиш суд ҳужжатининг ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартириш орқали эмас, балки кредиторнинг даъвосини кўриб чиқиш натижаси бўйича суднинг қонунда белгиланган шартларда ва тартибда қабул қилган ҳал қилув қарори асосида ушбу жамият таъсисчи (иштирокчи)ларининг пул маблағлари ҳамда бошқа мол-мулкларига қаратиш мумкин.
Юқоридагиларга асосланиб суд ундирувчининг ундирувни МЧЖ иштирокчиларининг пул маблағлари ҳамда бошқа мол-мулкларига ижро ҳужжатини ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартириш орқали қаратиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантиришни рад этган.
* * *
Бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.