Суд қарори:
Даъво қаноатлантирилсин ва Бошқармадан даъвогар фойдасига 264 100 000 сўм ундирилсин. Ижарага берувчи жавобгарликдан озод этилсин.
Шарх:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 8 ва 234-моддаларига мувофиқ мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Мазкур ҳолатда мажбуриятлар ижара шартномасидан ва асоссиз бойлик орттириш оқибатида келиб чиққан.
Тарафлар ўртасида тузилган ижара шартномаларига асосан даъвогар объектни ижарага олган ва ижара объектида реконструкция ишларини бажариб, ижарага олинган ётоқхона биносининг 1-қаватини “Маиший хизмат кўрсатиш маркази”, 2-қаватини “Ўқув маркази”га айлантирган. Даъвогар томонидан объектни реконструкция қилиш учун 264 100 000 сўм сарфланган ва бу ҳолат туман ҳокими ўринбосари, Ижарага берувчининг вакили, Баҳоловчи ташкилотнинг баҳоловчиси, Балансда сақловчи ва даъвогарнинг вакилларидан иборат ташкил қилинган комиссиянинг 2016 йил 18 мартдаги далолатномаси билан тасдиқланади.
Кейинчалик, Объект савдога 650 800 000 сўм қийматида чиқарилган ва даъвогар томонидан 680 800 000 сўмга сотиб олинган. Ушбу суммага даъвогар бинони реконструкция қилиш учун сарфланган пул маблағлари ҳам қўшилган, яъни даъвогар томонидан бинода қилинган яхшилашни ўзи сотиб олган.
ФК 555-моддасининг иккинчи қисмига кўра, ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкни ўз маблағлари ҳисобидан ва ижарага берувчининг розилиги билан яхшилаган, бу яхшилашни мол-мулкка зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлмаган тақдирда, ижарага олувчи шартнома бекор бўлганидан кейин, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бу яхшилашлар қийматини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Мазкур ҳолатда объект даъвогар томонидан сотиб олинган ва объект унинг эгалигида. Бироқ, сотиб олинган объектнинг қиймати сафида даъвогар ўзи мол-мулкни яхшилаш учун қилинган харажатлари ҳам мавжуд бўлиб, ушбу яхшилашни сотиб олиш учун яна ҳақ тўлаши оқибатида жавобгар асоссиз бойлик орттирган.
ФК 1023-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ қонун ҳужжатларида ёки битимда белгиланган асосларсиз бошқа шахс (жабрланувчи)нинг ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи) асоссиз эгаллаб олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни (асоссиз орттирилган бойликни) жабрланувчига қайтариб бериши шарт, ушбу Кодекснинг 1030-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Мазкур ҳолатда ФКнинг 1030-моддасида назарда тутилган ҳоллар мавжуд эмас.
ФК 1026-моддасининг биринчи қисмига биноан асоссиз олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни асл ҳолида қайтаришнинг имконияти бўлмаган тақдирда, қўлга киритувчи жабрланувчига бу мол-мулкнинг қўлга киритиш пайтидаги ҳақиқий қийматини тўлаши, шунингдек агар қўлга киритувчи орттирилган бойликнинг асоссизлигини билганидан кейин дарҳол унинг қийматини тўламаган бўлса, мол-мулк қийматининг кейинги ўзгариши туфайли кўрилган зарарни тўлаши лозим.
ФК 9-моддасининг учинчи қисмига кўра, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши назарда тутилади.
Шу боис, суд даъвогарнинг талабини асосли деб топиб, уни қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган.
Ижарага берувчининг жавобгарликдан озод этишига суд даъвогар ўз томонидан қилинган яхшилашлар қиймати миқдорида пул маблағлари Ижарага берувчига эмас, балки Бошқармага тўланганлигини асос қилиб кўрсатган.
Бошқарма ва Ижарага берувчининг даъвогар томонидан реконструкция ишлари Ижарага берувчининг розилигисиз амалга оширилганлиги ва шу боис ФКнинг 555-моддасига асосан яхшилашларнинг қиймати тўланмаслиги ҳақидаги важларни суд қабул қилмаган ва бунга асос қилиб қуйидагиларни ҳал қилув қарорида кўрсатган.
Ҳақиқатда, даъвогар Ижарага берувчининг реконструкция ишларини бажаришга розилик бериш тўғрисидаги хатини тақдим этмаган.
Бироқ, Балансда сақловчининг Ижарага берувчига (ДУК) йўллаган 2014 йил 10 мартдаги 70-сонли хатида коллежнинг икки қаватли фойдаланилмаётган авария ҳолатидаги ётоқхона биносини даъвогарга ўз маблағлари ҳисобидан тасдиқланган лойиҳа асосида қайта таъмираб ва реконструкция қилиб “Ёшлар ўқув маркази”га айлантириб, 5 йил муддатга ижарага берилишига ҳеч қандай қаршилиги йўқлигини маълум қилган.
Шу мазмунда Қўқон шаҳар ҳокими ҳам Ижарага берувчига (ДУК) 2014 йил 11 мартда 028/1-сонли хат билан мурожаат қилган.
Шундан сўнг тарафлар ўртасида 2014-2015 йиллар давомида ижара шартномалари тузилиб келинган.
Тарафлар ўртасида 2014 йил 14 мартда 512-сонли ижара шартномаси тузилгандан кейин туман ҳокими 2014 йил 17 апрелда 187-сонли қарор қабул қилган ва у билан Ижарага олувчига (даъвогарга) ижарага олинган бинони реконструкция қилишга розилик берган.
Бундан кўринадики, Ижара берувчига ижара шартномаларининг мақсади Ижарага олувчи томонидан бино-иншоотларни реконструкция қилиш ва кейинчалик фойдаланиш эканлиги маълум бўлган.
* * *
Масъулияти чекланган жамиятининг мол-мулки ижро ҳужжатидаги талабларни ижро этиш учун етарли бўлмаганда, унинг қарзлари бўйича ундирув суднинг ҳал қилув қарори асосида қонунда белгиланган шартларда ва тартибда жамият иштирокчиларининг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларига қаратилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |