МЧЖ (жавобгар)нинг важлари: Ҳакамлик суди томонидан ҳал қилув қарори қонуний қабул қилинган. Ишни кўриш жараёнида ҳакамлик суди судлов ҳайъатига таркибига нисбатан қўшма корхона томонидан эътироз билдирилмаган.
Ишни иқтисодий судда кўриш жараёнида томонлар ўзаро келишувга эришган, ушбу келишув қонун доирасида тузилган ва суд томонидан тасдиқланган.
Шунинг учун, биринчи инстанция судининг келишув битимини тасдиқлаш ва иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримини бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас.
Суд қарори: Биринчи инстанция судининг келишув битимини тасдиқлаш ва иш юртишни тугатиш тўғрисидаги ажрими бекор қилинсин. Иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилсин.
Шарҳ: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда – ИПК деб юритилади) 25-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига мувофиқ, ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ ишлар иқтисодий судга тааллуқли.
Ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ бўлган ишлар жумласига қуйидагилар киради:
1) даъвони таъминлаш юзасидан чоралар кўриш тўғрисидаги аризалар бўйича ишлар;
2) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги аризалар бўйича ишлар;
3) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш тўғрисидаги аризалар бўйича ишлар (ИПКнинг 28-моддаси).
Ҳакамлик судининг ҳал қилувқарори юзасидан ваколатли судда низолашиш мумкинлиги “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунинг 46-моддасида ҳам белгиланган.
Ишда иштирок этувчи шахслар, яъни МЧЖ ва қўшма корхона юридик шахс мақомига эга. Шунинг учун мазкур низо иқтисодий судга тааллуқли ҳисобланади.
Ўзбекистон Ҳакамлик судлари Ассоциацияси вилоят ваколатхонаси ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг1-сонли иши бўйича қабул қилинган 2014 йил 14 апрелдаги ҳал қилув қарори билан қўшма корхонадан МЧЖ фойдасига 148 680 814 340 сўмлик дивиденд бщйича қарз, 5 000 000 сўм пеня, 30 000 000 сўм ҳакамлик йиғими, жами 148 715 814 340 сўм ундирилган. Бундан ташқари, қўшма корхонадан Ҳакамлик судифойдасига 713 579 071 сўм ҳакамлик йиғими ундирилган.
Қўшма корхона томонидан ҳакамлик суди қарорини бекор қилиш ҳақидаги ариза қонун талаблари асосида берилганлиги сабабли, биринчи инстанция суди ушбу аризани иш юритишга қабул қилган.
ИПКнинг 131-моддасига кўра, тарафлар низони келишув битимини тузиб ҳал этиши мумкин. Келишув битими даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин. Келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида тарафлар томонидан тузилиши мумкин.Келишувбитими у суд томонидан тасдиқланганидан кейинтузилган ҳисобланади.
Ишни биринчи инстанция судида кўриш жараёнида МЧЖ судга томонлар ўртасида тузилган келишув битимини тақдим этган ва уни тасдиқлашни сўраган.
Қўшма корхона ва МЧЖ томонидан тузилиб, судга тақдим этилган келишув битимида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида ундирилиши белгиланган дивиденд, пеня ва ҳакамлик йиғимларини тўлаш, уларнинг бир қисмидан воз кечиш, шунингдек уларни тўлаш муддатлари бўйича томонлар ўзаро келишишган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормалари қўлланилиши тўғрисида” 2009 йил 18 декабрдаги 204-сонли қарорининг 2-бандида келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилиши ҳақида тушунтириш берилган.
Биринчи инстанция суди МЧЖ томонидан судга тақдим этилган келишув битими қўшма корхонанинг судга тақдим этган даъво талаби (ҳақамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш) доирасида тузилмаганлигига, балки ҳакамлик суди қарори ижроси доирасида тузилганлигига аҳамият бермасдан, уларни тасдиқлаб, иш юритишни тугатиш ҳақида нотўғри хулосага келган.
Яъни, суд томонидан тасдиқланган келишув битими тарафларнинг айнан даъво предмети доирасидаги ҳақиқий хоҳиш-иродасини билдирмайди.
Бундай келишув битими, яъни ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлаш масаласи ҳақамлик суди томонидан ҳал этилиши лозим.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори асосида ваколатли суд ижро варақаси берган бўлиб, ҳакамлик муҳокамасининг тарафлари ушбу ижро варақсини ижро этиш босқичида келишувга эришсалар, ушбу келишув битимини тасдиқлаш масаласи ижро варақасини берган суд томонидан ҳал этилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ ишларни кўришда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2012 йил 15 июндаги 238-сонли қарорининг
24-бандида тегишли тушунтиришлар берилган. Унга кўра, судлар шуни назарда тутишлари керакки, ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
Келишув битимининг шартлари ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан ихтиёрий равишда ижро этилиши лозим.
Келишув битими шартларининг ихтиёрий ижро этилмаганлиги манфаатдор тарафнинг аризаси бўйича ваколатли суд томонидан ижро варақаси бериш учун асос бўлади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризани кўриш жараёнида келишув битимини тузишга йўл қўйилмайди.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини ижро этиш босқичида тузилган келишув битими ижро ҳужжатини берган суд томонидан тасдиқланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий суд назорат инстанцияси биринчи инстанция суди келишув битимини тасдиқлашда процессуал хатоликка йўл қўйган деб ҳисоблаб, келишув битимини тасдиқлаш ва иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажримни бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш ҳақида қарор қабул қилган.
Шунингдек, Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати қўшма корхонанинг ишни янгидан кўриш учун юбормасдан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини ҳам бекор қилиш тўғрисидаги талаби билан келишмаган.
ИПК 321-моддасининг 2-бандига кўра, суд ишни назорат тартибида кўриб чиққанда ушбу Кодекс 302-моддаси тўртинчи қисмининг 4 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли.
Мазкур кодекс 302-моддаси тўртинчи қисмининг 7-бандида билдирилган талаб бўйича суд ҳал қилув қарори қабул қилмаганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлиши белгиланган.
Биринчи инстанция суди қўшма корхонанинг ҳакамлик суди қарорини бекор қилиш ҳақидаги талаби бўйича ҳал қилув қарори қабул қилмаган. Бу эса ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш учун асос бўлади.