Жавобгарнинг важлари
Тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартлари жавобгар томонидан тўлиқ бажарилган, яъни 2017 йил 28 февралда тузилган 7-сонли шартнома шартлари бўйича даъвогар томонидан бўнак сифатида ўтказиб берилган 80 000 000 сўмлик пул маблағи бўйича маҳсулот ўз вақтида даъвогарга етказиб берилган.
Шунингдек, тарафлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича тўртта шартнома имзоланган. Даъвогарнинг даъво талабидаги шартнома шартлари жавобгар томонидан тўлиқ бажарилган. Даъво талабида кўрсатилган етказиб берилмаган 30 000 000 сўмлик маҳсулотлар ҳақини ундириш қисми умуман бошқа шартнома шартларидан келиб чиққан.
Бундан ташқари жавобгар томонидан тарафлар ўртасида тузилган барча шартномалар бўйича даъвогарга жами 274 895 150 сўмлик маҳсулотлар етказиб берилган.
Шунга кўра, даъвогар томонидан жавобгарнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган барча бўнак пуллари ва ундан ортиқ суммадаги маҳсулотларни жавобгар ўз вақтида етказиб берганлигини таъкидлаган.
Қайд этилганларга кўра, даъвогарнинг асосий қарз ва пеня ундириш ҳақидаги даъво талабларини қаноатлантириш рад этилиши лозим, деб ҳисоблаган.
Суднинг ҳал қилув қарори
Даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилсин.
Даъвогар ҳисобидан ишни судда кўриш билан боғлиқ давлат божи ва суд ҳаражатлари ундирилсин.
Шарҳ
Суд томонидан кўрилган мазкур ишда низонинг моҳиятини аниқлашда қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиш муҳимдир:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига асосан мажбуриятлар – бошқа асослар билан бирга шартномадан ҳам келиб чиқади. Мазкур низо маҳсулот етказиб бериш шартномаси талаблари бузилганлиги оқибатида келиб чиққан.
Қайд этилган Кодекснинг 437-моддасига асосан, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи - сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.
Тарафлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилган. Шартнома шартларига кўра, жавобгар шартномада кўрсатилган маҳсулотларни етказиб бериш, даъвогар эса етказиб берилган маҳсулот ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
Мазкур шартнома шартларига кўра, жавобгар даъвогарга умумий қиймати 400 000 000 сўмлик маҳсулотларни етказиб беришни, даъвогар эса бу маҳсулотлар ҳақини пул ўтказиш йўли билан тўлаш мажбуриятини олган.
Даъвогарининг фикрича, шартнома шартига кўра, даъвогар шартномада кўрсатилган пул ўтказиш йўли билан бўнак сифатида 110 000 000 сўм пул маблағи тўланган бўлсада, жавобгар томонидан даъвогарга 80 000 000 сўмлик маҳсулотлар етказиб берилган. Шартноманинг 30 000 000 сўмлик қисми бўйича маҳсулот етказиб берилмаган.
ФК 449-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, сотиб олувчи етказиб бериладиган товарлар ҳақини шартномада назарда тутилган ҳисоб-китоблар тартиби ва шаклига амал қилган ҳолда тўлайди.
Мазкур модданинг учинчи қисмига кўра, агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида товарлар ҳақи олувчи (тўловчи) томонидан тўланиши назарда тутилган бўлса ва у ҳақ тўлашдан асоссиз бош тортса ёки товарлар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаган бўлса, етказиб берувчи сотиб олувчидан етказиб берилган товарлар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақли.
Шартноманинг тегишли бандларига кўра, маҳсулот ўз вақтида етказиб берилмаганлиги учун сотувчи сотиб олувчига муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган маҳсулот қийматининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган мажбурият суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлаши лозим бўлган.
Шу асос билан даъвогар судга мурожаат қилиб, жавобгардан етказиб берилмаган 30 000 000 сўмлик маҳсулот ҳақи ва шартнома мажбуриятларини бажармаганлиги сабабли 14 400 000 сўм пеня ундиришни сўраган.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича тўртта шартнома имзоланган. Мазкур низо тарафлар ўртасида 2017 йил 28 февралда тузилган 7-сонли маҳсулот етказиб бериш шартномаси шартларидан келиб чиққан.
Шартномага кўра, даъвогар томонидан жавобгарга айнан шу шартнома бўйича жами 80 000 000 сўм, хусусан 2017 йил 28 февралда 20 000 000 сўм, 2017 йил 17 мартда 10 000 000 сўм, 2017 йил 24 мартда 20 000 000 сўм, 2017 йил 27 апрелда 30 000 000 сўм ўтказиб берилган.
Ўз навбатида, жавобгар томонидан даъвогарга 2017 йил 12 апрелда 50 000 000 сўмлик ва 2017 йил 31 майда 30 000 000 сўмлик товарлар етказиб берилган. Ушбу ҳолат тарафлар ўртасида имзоланган тегишли ишончнома ва ҳисоб-китоб фактуралар билан тасдиқланган. Ушбу ҳужжатларда маҳсулот айнан 2017 йил 28 февралда тузилган 7-сонли маҳсулот етказиб бериш шартномаси асосида етказиб берилганлиги кўрсатилган.
Шунга кўра, даъвогар томонидан даъво аризасида асос сифатида келтирилган айнан тарафлар ўртасида 2017 йил 28 февралда тузилган 7-сонли шартнома бўйича томонлар ўртасида хеч қандай қарздорлик мавжуд эмас.
Ушбу асосларга кўра, даъвогарнинг 2017 йил 16 июнь куни жавобгар ҳисобига ўтказилган 30 000 000 сўм учун маҳсулот етказиб берилмаганлиги сабабли, ушбу асосий қарзни ундириш лозимлиги важлари ўз исботини топмаган. Чунки 2017 йил 16 июндаги 63-сонли тўлов топшириқномасининг тўлов мақсади қисмидан аниқланишича, даъвогар томонидан жавобгар ҳисобига 30 000 000 сўм пул суммаси 2017 йил 7 февралдаги 6-сонли шартнома асосида ўтказиб берилган бўлиб, уни 2017 йил 28 февралдаги 7-сонли шартномага ҳеч қандай алоқаси мавжуд эмас.
Булардан ташқари жавобгар томонидан тарафлар ўртасида тузилган барча шартномалар бўйича даъвогарга жами 274 895 150 сўмлик маҳсулотлар етказиб берилган.
Шунингдек, даъвогарга маҳсулот етказиб берилишида жавобгар томонидан шартномаларда кўрсатилган муддатлар умуман бузилмаган ҳамда кечиктирилмаган.
ФК 333-моддасининг биринчи қисмига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Ушбу ҳолатда даъвогар томонидан айнан даъво аризасида келтирилган 2017 йил 28 февралдаги 7-сонли шартнома бўйича жавобгарнинг қарзи мавжуд эканлиги исботлаб берилмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 68-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, суд даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантиришни тўлиқ рад этган ва ишни кўриш билан боғлиқ суд ҳаражатларини даъвогар ҳисобидан ундирган.
* * *
Юк ташиш шартномасига биноан юк жўнатувчи юк ташувчи томонидан қайси ишлар бажарилмаганлигини, яъни юк ташувчи айнан қайси мажбуриятни кечиктириб бажарилганлигини тегишли ҳужжатлар билан исботлаб бермаса, қарздордан пеня ундириш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |