«Мўътабар аёл» кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 2 февралдаги ПФ-5325-сон Фармонига мувофиқ «Мўътабар аёл» кўкрак нишони таъсис этилганлиги муносабати билан жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларни муносиб тақдирлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг «Мўътабар аёл» кўкрак нишонини 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида топшириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан мукофотлаш Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Бошқарувининг қарори асосида амалга оширилади.
3. Қуйидагилар:
«Мўътабар аёл» кўкрак нишони тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
«Мўътабар аёл» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари 2 ва 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
4. «Давлат белгиси» давлат — ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг буюртмасига асосан, белгиланган тартибда «Мўътабар аёл» кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномалари тайёрланишини таъминласин.
5. «Мўътабар аёл» кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномаларини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К. Нарбаева зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 2 апрель,
257-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 апрелдаги 257-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Мўътабар аёл» кўкрак нишони тўғрисида
НИЗОМ
1. «Мўътабар аёл» кўкрак нишони (кейинги ўринларда кўкрак нишони деб аталади) билан жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизлар тақдирланадилар.
Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
2. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид дастлабки таклифлар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотлари ҳамда туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари иштирокида фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссиялари томонидан шакллантирилади ва тегишли йиғилиш қарорлари асосида ҳар йилнинг 10 январь санасига қадар туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитасига тақдим этилади.
3. Туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари кўкрак нишонига тавсия қилинаётган номзодларни ҳар томонлама ўрганиб, уларнинг фаолиятига оид барча ҳужжатларни тегишли йиғилиш қарорлари асосида ҳар йилнинг 25 январь санасига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталарига тақдим этадилар.
4. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия қилинган номзодлар бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиб, тегишли йиғилиш қарорлари асосида ҳар йилнинг 10 февраль санасига қадар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига тақдим этадилар.
5. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Бошқаруви томонидан Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ташкил этилади.
Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар кўриб чиқилиб, ҳар йилнинг 20 февраль санасига қадар якуний хулосалар қабул қилинади.
Комиссия хулосасига асосан кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Бошқарувининг қарори қабул қилинади.
6. Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси мукофотланганларга 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади.
7. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг матбуот нашрларида ва бошқа тегишли оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
8. Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.
Бирйўла тўланадиган пул мукофотлари Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
9. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.
10. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 апрелдаги 257-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Мўътабар аёл» кўкрак нишонининг
ТАВСИФИ
«Мўътабар аёл» кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 апрелдаги 257-сон қарорига
3-ИЛОВА
«Мўътабар аёл» кўкрак нишони гувоҳномасининг
ТАВСИФИ
«Мўътабар аёл» кўкрак нишони гувоҳномаси 160х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв. м қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.
Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) оч яшил рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.
Гувоҳноманинг биринчи бети эни 7,5 миллиметрли, ички бурчаклари айлана шаклида бўлган яшил рангли ҳошия билан ўралган.
Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 35 миллиметр пастда, марказда оралиғи 3,5 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Mo‘tabar ayol», иккинчи сатрда «ko‘krak nishoni» («Times new Roman Bolt» шрифти, 17-кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 6 миллиметр пастда «GUVOНNOMASI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 17-кегль) сўзи ёзилган. Ёзувлар зарҳал рангида акс эттирилган.
Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) «Тангир» тасвири туширилган оч ҳаво рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.
Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.
Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда «GUVOНNOMA» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзи ҳамда гувоҳнома тартиб рақами учун «№» белгиси ва 15 миллиметрли чизиқ жойлашган.
«GUVOНNOMA» сўзидан 11 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.
Пастки чизиқдан 6 миллиметр қуйида, марказда оралиғи 2 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «O‘zbekiston Xotin-qizlar», иккинчи сатрда «qo‘mitasi Boshqaruvining» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.
Ундан 5 миллиметр пастда оралиғи 4 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «20__ y. «___» ___________dagi», иккинчи сатрда «____-sonli Qaroriga asosan» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.
Ундан 5 миллиметр пастда, марказда оралиғи 4 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда марказда «Mo‘tabar ayol» («Times new Roman Bolt» шрифти, 14-кегль), иккинчи сатрда «ko‘krak nishoni bilan mukofotlandi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.
Сўнгги сўзлардан 10 миллиметр пастда, чап томонда оралиғи 2 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «О‘zbekiston Xotin-qizlar», иккинчи сатрда «qo‘mitasi raisi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.
«Мўътабар аёл» кўкрак нишони гувоҳномаси
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.04.2018 й., 09/18/257/0997-сон)